Оила қуриш истагини билдирган жуфтликлар туман ФҲДЁ бўлими ўқув курсларида ўқитилмоқда

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ўз олдида турган асосий вазифаларидан бири ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқиш ва ўқув дастурларини тизимлаштириш ҳисобланади. Чунки оила институтини мустаҳкамлаш учун, энг аввало, ёшлар орасида тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб бориш, никоҳ остонасида турган ўғил-қизларимизни нафақат жисмонан, балки ҳуқуқий, тиббий, психологик, моддий, маънавий, ахлоқий жиҳатдан тўғри тарбиялаш марказ олдида турган энг биринчи вазифадир.

Ушбу вазифадан келиб чиқиб, Марказ ўз фаолиятида никоҳдан ўтувчи шахсларни оилавий ҳаёт асослари бўйича ўқитишни йўлга қўйиш мақсадида Тошкент вилоятининг Паркент тумани ФҲДЁ идораси қошида “пилот” лойиҳани амалга оширганлигини ҳамда ушбу лойиҳа мувофаққиятли давом этаётганлгини маълум қилди.

Мазкур лойиҳани йўлга қўйишдан аввал, асосли тадқиқот натижаларига таяниш кераклигини инобатга олган марказ директори бошчилигидаги марказ мутахассислари ёш йигит-қизлар билан интернет тармоқларида, ўқиш жойларида ҳамда ФҲДЁларга ариза берган ёшлар орасида ёшларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари ва тайёргарликлари даражасини ўрганишга қаратилган бир қатор изланишларни олиб борди ва натижада ёшларимизнинг кўп қисми “Бизлар учун оила олдидаги масъулият ҳиссини англай олиш, психологик тайёргарлик, муомаланинг сир-асрорлари, оиладаги муносабатларни тўғри ўрната олиш ҳамда оилада соғлом муҳитни ярата олиш сабоқлари жуда муҳим, чунки оиладаги кўп низолар оила олдидаги масъулиятни ҳис қилмасликдан, бир-бирини тушуна олмасликдан ҳамда муомала қилишни билмасликдан келиб чиқаяпти”, деган жавобларни бердилар. Йигитларимизда оилавий муносабатлар ва оиланинг муаммоларини ҳал килишда деярли барча вазифаларни аёллар зиммасига ташлаб қўйиш, онам ва хотиним ҳаммасини эплайди, деб қараш мавжудлиги ҳамда муаммоли вазиятларни ечишда оила бўйича билим ва малакалари етишмаслиги маьлум бўлди. Бундан ташқари “ФҲДЁлар қошида оила қуриш учун ариза берган ёшлар учун оилавий ҳаёт ҳақидаги билимларни оширишга ёрдам берадиган психологик, тиббий, диний ва ҳуқуқий билимлар берувчи курслар ташкил этиш зарур деб ҳисоблайсизми?” деб савол билан мурожаат этилганда 82 % ёшларимиз “Зарур деб ҳисоблайман” деган жавобни танладилар. Бундан кўринадики, ёшларимиз мустаҳкам оила қуришни астойдил хоҳлайдилар, лекин оила ҳақидаги билимлари етмаганликдан оилада вужудга келадиган муаммоларни ечишда қийинчиликларга учрайдилар.

Ёшлар билан ўтказилган тадқиқотдан юқоридаги натижалар олингандан сўнг,Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, ФҲДЁ органлари, фуқаролик ишлари бўйича судлар, Тошкент давлат Юридик университети, Ўзбекистон Миллий университети, Халқаро Ислом академияси, Тошкент давлат Педагогика университети, Репродуктив Саломатлик маркази вакиллари, шунингдек, етук оилашунос олим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, ушбу масала “Оила” марказида 3 маротаба кенг муҳокамадан ўтказилди. Мунозараларда қатнашган ҳар-бир ташкилот ва муассасалар вакиллари, олим ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларидан маълум бўлдики, ҳақиқатан ҳам ёшларни никоҳ қуришга тайёрлаш масаласи оила мустаҳкамлигида устувор аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, “Оила” марказининг ишчи гуруҳи ёшларни никоҳ қуришдан аввал оилавий ҳаёт асосларига ўқитиш борасида кўплаб ривожланган хориж давлатлари тажрибасини таҳлил қилди.

Жумладан, Латвияда никоҳ қуришдан аввал оилавий ҳаётдан нимани кутиш кераклиги, оила бюджетини режалаштириш, болаларни қандай қилиб тарбиялаш, оилага турли ҳуқуқий аспектларни жорий этиш ва ниҳоят, соғлом муносабатларни қандай қилиб шакллантириш ҳақида 24 соатга мўлжалланган бепул ўқув курслари таклиф этилади. Машғулотларда мутахассислар оила қуришга аҳд қилган жуфтликларга оиланинг барча нозик жиҳатлари борасидаги билим ва кўникмаларни биргаликда ўргатишади.

Сингапур давлатида эса никоҳ қуришдан аввал оилавий ҳаёт асослари бўйича дастлаб бепул таълим берилади, шунингдек, бу мавзудаги кенгайтирилган пулли ўқув курслари ҳам мавжуд.

Россия Федерациясининг шаҳар, туманлар округларидаги ёшлар сиёсати институтлари негизида ёш оила клубларининг фаолияти ташкил этилган. Ушбу клублар ёшларни никоҳ қуришга тайёрлаш, бўлғуси ота-оналарни соғлом турмуш тарзи кечириш ва оилани режалаштиришга ўргатиш, ахборот-маърифат, ахборот-маслаҳат, ахборот-консалтинг, тарғибот, психологик ва ҳуқуқий ёрдам фаолияти билан шуғулланади.

Умуман олиб борилган тадқиқотлар, ўтказилган сўровномалар ва ривожланган хориж давлатлари тажрибасини атрофлича ўрганиш ишларининг якуний хулосаларидан келиб чиқиб, "Оила" маркази Ўзбекистонда ёшларни никоҳга тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув-курсларини ташкил этиш лозим, деб ҳисоблади ва  Ўзбекистонда биринчи маротаба Тошкент вилояти Паркент туманида ўз пилот лойиҳасини амалга оширди.

Ушбу ўқув курсида Оилавий ҳаёт психологияси, оила бюджети ва иқтисоди, оилада маънавий-ахлоқий ва диний-маърифий тарбия, оилада ҳуқуқий муносабатлар, репродуктив саломатлик, жинсий тарбия (қизлар ва йигитлар алоҳида ўқитилди) ҳамда оилани режалаштириш мавзуларида малакали тренерларни жалб этган ҳолда ўқув соатлари ташкил этилди.

2018 йилнинг 25 август кунидан бошлаб ҳозирги кунга қадар 3 гуруҳ ўқиши ташкил этилган. Ўқув-курсларида иштирок этган тингловчиларнинг 90 нафари (45 жуфт) ўқитилаётган мавзуларнинг айнан керакли эканлигини, айниқса, тўйдан олдин билиб олиши зарур бўлган тиббий-репродуктив сабоқларнинг муҳимлиги, оилада соғлом муносабатни ўрнатишда оилавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш ва низоларни бартараф этиш малакаларининг аҳамияти, қолаверса, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашда диний-маърифий билимларнинг заруратини англаб етган тинговчи жуфтликлар ижобий, илиқ фикрлар билдирдилар. Ўқув-курсларининг давомли ўтказилиши ҳамда республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги никоҳланувчиларни ҳам қамраб олиш кераклиги ҳақидаги таклифларини бердилар. Ҳар бир ўқув курси сўнгида никоҳланувчиларга “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Мустаҳкам оилага йўлланма” номли ёш келин-куёвлар ён дафтарчаси ҳамда сертификатлар билан тақдирландилар.

Курс сўнгида биринчи кунларда ўқишни хоҳламаган ёшлар кейинги машғулот кунларида қизиқиш билдириб, ўзларини эркин ҳис қила бошлаганликларини, ушбу ўқиш кунлари давомида ўзлари учун жуда аҳамиятли бўлган саволларига жавоб олганликларини ҳамда яна давом эттириш истагида эканликларини билдирдилар.

Ушбу пилот лойиҳанинг натижаси сифатида шуни айтиб ўтиш мумкинки, у ўзига кўрсатилган ишончни буткул оқлай олди ҳамда уни республика миқёсида ҳар бир туман ФҲДЁ бўлимлари қошида жорий қилиш муҳим эканлигини кўрсатди.