Ўқув курслари ўз самарасини бермоқда

Тарихчи олим ва социолог И. Бестужев шундай ёзган эди: “Ҳеч қандай ижтимоий институт, лавозим, тузум ёки шуҳрат оиланинг ўрнини босолмайди. Оила ўзининг қувончу-ташвишлари билан ҳаётга, курашга ўргатади. Дадил айтиш мумкинки, оила ғайриаҳлоқий ҳавасларга берилишга ва цивилизациянинг емирилишига қарши тура оладиган ягона институтдир”.           

Дарҳақиқат, оила – ҳаётнинг абадийлигини таъминловчи етакчи ва ягона куч. У инсоннинг безавол камол топиши учун бетакрор даргоҳ бўлиши билан бирга, миллатнинг маънавияти, ўлмас қадриятлари, урф-одатларини асраб-авайлайдиган қудратли ва ишончли маскандир.

Оиланинг инсоният тараққиётидаги бебаҳо ўрни бутун дунё ҳамжамияти томонидан ҳамиша эътироф этилган ва бу ҳозирги глобаллашув даврида янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, оила шахсларнинггина эмас, балки, бутун бир мамлакатлар тараққиёти, равнақи, фаровонлиги учун ҳам улкан аҳамиятга эга. Шу боис, оиланинг вазифаси, ўрни, келажак тараққиётидаги кўлами том маънода катта институт билан тенглаштирилади.

Оила маскани, унинг маънавий муҳити, унда вояга етаётган фарзандларнинг жисмоний соғлом, маънан юксак бўлиши, ақлан камолга етиши каби бир қатор омиллар жамият ва давлат миқёсидаги муҳим масаладир.

Негаки, оилаларнинг мустаҳкамлиги жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, миллий хавфсизлигини, унинг равнақи, тараққиётини белгиловчи омил ҳисобланади. Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев “Оила кичик Ватан! Оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади!” деган сўзларида айнан мана шу ғоя мужассамдир аслида.

Шу боис, бугунги кунда оилалар мустаҳкамлигини таъминловчи ва бу масалани ҳал этилишининг асосий йўли бўлмиш ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш масаласи ҳеч кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Мазкур масала мамлакатимизда оилага берилаётган эътиборнинг улканлигини кўрсатиш билан бирга, оила муаммоларини чуқурроқ ва ҳар томонлама ўрганиш муҳимлигини англатади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2018 йилнинг 2 февралида қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди. Бу марказ юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини  жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республикада етакчи илмий-тадқиқот муассаса сифатида белгиланди.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорида мамлакатимизда оила масалалари соҳасида давлат сиёсатини муваффақиятли олиб боришга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Улар орасида, бу соҳада мутахассисларнинг етишмаслиги ва кадрлар малакаси паст даражада эканлиги, таълим тизимида мутахассисларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштириш механизми йўлга қўйилмаганлиги, оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича ўқув дастурлари мукаммал эмаслиги таъкидланди.

Президентимиз Фармони асосида “Оила” марказининг ҳудудлардаги бошқармалари ҳузурида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли  ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажралишларнинг олдини олиш, шунингдек, оиладаги маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу малака ошириш курслари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  билан биргаликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида амалга оширилмоқда.

Шу кунга қадар Хоразм вилоятининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаолият олиб бораётган 180 нафар мутахассислар ўз малакасини оширди. Малака ошириш жараёнида ходимларнинг меҳнат фаолияти билан узвий алоқадор бўлган йўналишларда, яъни, “Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари: миллий ва халқаро тажриба”, “Оила институтини мустаҳкамлашда маънавий-аҳлоқий ва миллий қадриятларнинг ўрни ва роли”, “Оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши”, “Оила институтини мустаҳкамлаш ва замонавий оилани шакллантиришда ижтимоий хизматнинг ўрни”,  “Оила институтини мустаҳкамлашда ижтимоий психологиянинг ўрни ва вазифалари”, “Оиланинг ижтимоий-иқтисодий диагностикаси ва мониторинги” каби йўналишдаги мавзуларда машғулотлар олиб борилмоқда. Мазкур таълим жараёнини ташкил этишда Урганч Давлат Университети билан ҳамкорлик асосида профессор-ўқитувчилар жалб этилган.

Ўқув курслари тингловчилари олиб борилаётган машғулотлар ва уларда ёритилаётган мавзулар уларнинг иш фаолияти учун жуда муҳим эканлигини таъкидлашмоқда. Хусусан, Янгибозор тумани Ҳамид Олимжон маҳалла мутахассиси Эшжонова Жавҳарнинг маълум қилишича, маҳалласида истиқомат қилаётган фуқаролар ўртасидаги уй-жой билан боғлиқ масала бўйича пайдо бўлган низони айнан мулкий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини қўллаш орқали ҳал қилишга эришган. Шу туманнинг “Барҳаёт” маҳалласи мутахассиси Тожибоева Гулсара малака оширишдан қайтиб боргач, тўртта оилавий ажримнинг олдини олишга эришганлигини тўлқинланиб баён этди. Бунда махсус ўқув курсларида ўрганган оилавий низоларни бартараф этишнинг психологик усулларини қўллаганлигини, ажрим ёқасида турган шахсларнинг руҳиятидаги зўриқишни юмшатиб, уларда маънавий-аҳлоқий дунёқарашнинг ижобийлашувига муваффақ бўлганлигини маълум қилди.

Шунингдек, Янгибозор тумани “Олтинкўл” маҳалла мутахассиси Зебо Отажонова, Боғот туман “Маънавият” маҳалласи мутахассиси Райҳон Аҳмедова, Қўшкўпир туман “Айронкўл” маҳалла мутахассиси Назира Якубова, Урганч тумани “Адолат” маҳалласи мутахассиси Ровияжон Ибадуллаева  ва бошқалар ўз иш фаолиятлари давомида мазкур ўқув курсларида олган билим ва кўникмаларидан фойдаланган ҳолда оилавий низоларни бартараф этишга эришаётганликларини эътироф этдилар. 

Дарҳақиқат, оилавий ажримларнинг олдини олиш, низоли ҳолатларни барвақт аниқлаш, оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш  борасида интерфаол усулларда ўтказилаётган машғулотлар маҳалла мутахассислари фаолиятининг таъсирчанлигини ҳамда натижадорлигини оширишда, муаммолар ечимини топишнинг самарали механизмларини эгаллашларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Малака ошириш курси тингловчилари учун Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази Хоразм вилоят бўлими билан ҳамкорликда  бепул УЗД текширувини йўлга қўйилган, мутахассис шифокорлар аниқланган касалликлар бўйича даволаниш юзасидан уларга  тавсиялар бермоқдалар. Чунки,  мутахассисларнинг соғлиги ва уларга эътибор ҳам фаолиятимизнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Вилоят Ахборот-ресурс марказида “Оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда китобхонликнинг ўрни” мавзусида   оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали ташкил этишга қаратилган китобхонлик анжуманлари тизимли асосда ташкил этилмоқда. Бу жараёнда Ахборот-ресурс маркази ходимлари томонидан янги китоблар тақдимоти ўтказилиб, оилалар тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга, фарзанд тарбиясига оид адабиётлар асосида мулоқот олиб борилади. Жойларда фаолият юритаётган мутахассислар оилаларга зиё тарқатувчи тарғиботчилардир. Ушбу тадбирлар уларни маънавий жиҳатдан қуроллантиришга ҳам  хизмат қилади. Ишончимиз комилки, ташкил этилган махсус ўқув курслари юртимизда оила институтини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи бўлиб келаётган муқаддас даргоҳдир. Мақсадимиз, бу даргоҳ ҳамиша мустаҳкам ва фаровон бўлишига эришишдир. Зеро, оилалар мустаҳкамлиги – жамият мустаҳкамлигидир.

        

  Сайёра Самандарова, Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилоят бошқармаси махсус ўқув курси  раҳбари, доцент.