Таълим - тарбия жараёнини самарали ташкил этишнинг муҳим омиллари

Халқнинг бахт-саодати
болаларни тўғри тарбиялашга боғлиқ.

Жон Локк

Цивилизация ривожланган сари инсоният тафаккурида технократик ёндашув яққол кўзга ташланди ва гуманистик ғояларнинг ҳимояга муҳтожлиги сезилмоқда. Глобаллашув туфайли инсон коинот ва табиат билан яхлит эканини янада кучлироқ ҳис этди. Дунё ҳамжамиятини қийнаб турган глобал муаммолар сифатида  очлик, қашшоқлик, чучук сув танқислиги, пандемик касалликлар билан бирга маънавий ҳатарлар - гуманизм, толерантлик, ижтимоий интеллектнинг сусайгани, инсонлар билан ўзаро муносабатда ҳурмат, кенгфеъллик, кечиримлилик, сабр, оқибат туйғуларининг йўқола бошлагани тилга олинмоқда.

ЮНЕСКОнинг “ХХI аср таълими” бўйича халқаро қўмитаси дастурида инсоният олдида турган энг муҳим вазифалар қаторида биргаликда яшашни ўрганиш ҳамда шахс сифатида ноёб, ягона, такрорланмас бўлишни ўрганиш кабилар алоҳида таъкидлаб ўтилгани бежиз эмас.

Учинчи мингйилликнинг ижтимоий-маданий воқелиги -  глобаллашув, информатизация, фан-техника тараққиёти, инсониятнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини қайта кўриб чиқишга интилиши, фуқаролик жамиятларининг таркиб топиши – таълим-тарбия методологиясини  ўзгартиришни, янгича эстетик дунёқарашни шакллантиришни тақозо этди.

Бугунги кунда таълим-тарбия жараёнига юқори интеллектуал технологиялар, илм-фаннинг энг илғор ютуқларини татбиқ этиш, таълимнинг ижтимоий имкониятларини кенгайтиришга кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришда  муҳим омил сифатида қаралмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги 230-сонли “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида  кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича  маҳсус ўқув курслари ташкил этиш” тўғрисидаги Қарори билан “Оила” маркази қошида ташкил этилаётган ўқув курсларини ташкил этишда ҳам ушбу омиллар ҳисобга олинмоқда.

Ўқув курсларининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар деб белгиланган:

- соҳада фаолият олиб борувчи мутахассисларнинг сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик билимларини ошириш;

- ходимларнинг профессионал кўникмаларини ва касбий компетенцияларини ривожлантириш;

- “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этиш;

- тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш кўникмаларини шакллантириш;

- репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзини юритиш асосларини хотин-қизлар орасида манзилли тарғиб этиш.

Ўқув курсларида ўқув-тарбия жараёни инновацион таълим технологияларини қўллаган ҳолда олиб борилади. Улардан унумли фойдаланиш таълим олувчилар учун психологик комфорт муҳит яратиш, таълим жараёнини замонавий асосларда бошқариш ва ташкил этиш  имконини беради.

Моҳиятан ўқитувчи ва таълим олувчи ўртасидаги ҳамкорликни дастурлашдан иборат бўлган педагогик технология шундай ижтимоий феноменки, унда замонавий шарт-шароитларда таълимий мақсадларга эришишнинг аниқ йўл-йўриқлари кўрсатилган ва у ушбу мақсадларни амалга оширишни  таъминлайди.

Педагогик технологияларнинг асосий тамойиллари:

  • Таълимни демократлаштириш;
  • Умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги;
  • Ижодкорликни ривожлантириш;
  • Шахсга йўналтирилганлик;
  • Ҳамкорлик;
  • Фаоллаштириш;
  • Дастурлаш;
  • Аниқ мақсадлар қўйиш;
  • Жадаллаштириш;
  • Танлаш имкониятининг мавжудлиги.

Таълимни демократлаштириш ўқув жараёнини ташкил этишда ўқитувчи ва таълим олувчининг тенг ҳуқуқлигини таъминлашдир. Шунингдек, бунда ўз фикрини ҳимоя этиш, мунозарада  фаол  иштирок  этиш,  танқидий тафаккурни ривожлантириш, топшириқларни мустақил бажариш кабилар ҳисобга олинади.

Педагогик технологияларни қўллашдан эришилган энг муҳим ютуқлар - ўқув-тарбия жараёнини оптималлаштириш, шахснинг индивидуал қобилиятларини ривожлантириш, самарали режалаштириш, таълим жараёни субъектлари ўртасида функцияларни рационал тақсимлаш, назорат, баҳолаш ва якуний таҳлилнинг пухта механизмини ишлаб чиқиш.

Бугунги кунда таълим технологиялари доирасида қўлланилаётган интерфаол усул ва услубларнинг ҳам диапазони кенг.

Кейс-стади, кичик гуруҳларда ишлаш, ролли ўйинлар,  дебат, муаммоли  топшириқлар, кластер, синквейн, рефлексия, Венн диаграммаси, т-схема, ақлий ҳужум, казуслар таҳлили, Блум таксономияси  каби таълимнинг концептуал мақсадларига мос келадиган бундай усул ва услублар амалий аҳамиятга эга, ҳаётий муаммоларни қамраб олиши билан ўқувчиларда қизиқиш уйғотади.

Улардан унумли, ўз ўрнида фойдаланиш XXI асрнингқуйидаги муҳим ижтимоий компетенцияларини шаклллантиришга ҳизмат қилади:

  • тўғри қарорлар қабул қила олиш;
  • зарурий ҳаётий кўникмаларни эгаллаш;
  • янги ғояларни яратиш;
  • фаол мушоҳада позициясини шакллантириш;
  • ахборотларни қабул қилиш ва ажрата олиш;
  • ўз хатти-ҳаракатлари, қарорлари учун жавобгарлик ҳисси;
  • шахсий имкониятларини рўёбга чиқариш;
  • альтруизм, дунёвий муаммоларни англаш;
  • абстракт, ижодий, мантиқий тасаввурни кенгайтириш;
  • янги ва турлича нуқтаи назарларга нисбатан очиқ ва сезгир бўлиш;
  • танқидий фикрлаш ва муаммоларни ҳал қилиш;
  • соғлом фикр юритиш;
  • мураккаб қарорларни танлаш ва қабул қилиш;
  • мулоқот ва ҳамкорлик қилиш;
  • сўзлаш ва ёзиш орқали фикр ва мулоҳазаларни аниқ ва таъсирчан ифодалаш;
  • турли жамоалар билан самарали ишлаш қобилиятини намоён қилиш;
  • умумий мақсадни амалга ошириш йўлида муросага келиш учун мослашувчанлик ва толерантликни намоён қилиш;
  • ҳамкорликда иш юритиш учун жамоавий масъулиятни ўз бўйнига ола билиш;
  • ахборотни самарали ва амалий йўллар орқали қўлга киритиш, ахборотга танқидий ва холис баҳо бериш, мавжуд масала ёки муаммони ҳал қилишда ахборотдан аниқ ва ижодкорона фойдаланиш;
  • ахборотни қўлга киритиш ва ундан фойдаланишга доир бўлган ахлоқий-ҳуқуқий масалалар ҳақида тушунчага эга бўлиш.
  • мослашувчанлик ва кўникувчанлик:
  • турли роллар ва масъулиятларга мослашиш;
  • ноаниқ, мавҳум ва ўзгарувчан вазиятларда самарали ишлаш
  • шахсий ғоя ва ташаббусларини намоён қилиш;
  • тайм-менежмент, вақтдан самарали фойдаланиш ва берилган вақт доирасида иш ҳажмини бажаришга улгуриш;
  • маданиятлараро кўникмалар:
  • пешқадамлик (лидерлик) ва масъулият:
  • умумий мақсадни бажариш йўлида бошқаларнинг кучли томонларидан фойдаланиш;
  • тўғрилик ва ижобий хулқни намоён қилиш;
  • атрофдагиларнинг манфаатини назарда тутиб масъулият билан иш тутиш.

 Моҳира Холиқова
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

бош мутахассиси
, филология фанлари номзоди, доцент