ОИЛА ИНСТИТУТИНИ МУСТАҲКАМЛАШ СОҲАСИДА КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА МАХСУС ЎҚУВ КУРСЛАРИ

   Жамият  ҳаётида хотин-қизлар муҳим мавқега эга. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган аёллар ижтимоий, маънавий, сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида (давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва ҳоказо) самарали меҳнат қилмоқда. 

Ҳозирги вақтда юртимиз хотин-қизлари орасида 517 нафар фан доктори, 6 нафар академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати бор.

Илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизини айнан аёллар ташкил этишини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Бироқ, ушбу соҳадаги ишлар ва ҳамкорлик натижаларининг таҳлили хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларда маънавий-аҳлоқий муҳитни мустаҳкамлашнинг самарали механизмини янада такомиллаштиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ-5325-сон Фармони ушбу муаммоларни самарали ечимини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фармонда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Фармон билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди. 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. 

Оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш мақсадида Республика “Оила” илмий-амалий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

Оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш билан бир қаторда “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояси ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш “Оила” марказининг асосий вазифалари қаторидан жой олди. 

Шу билан бирга, соҳада фаолият олиб борадиган мутасадди ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда, мазкур йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги 230-сонли “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида  кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича  махсус ўқув курслари ташкил этиш  тўғрисида”ги Қарори билан “Оила” маркази қошида ташкил этилган махсус ўқув курслари шу мақсадга хизмат қилмоқда.

 Ўқув курсларининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланган:

  • соҳада фаолият олиб борувчи мутахассисларнинг сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий, педагогик билимларини ошириш;
  • ходимларнинг профессионал кўникмаларини ва касбий компетенцияларини ривожлантириш;
  • “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этиш;
  • Мамлакат оилаларида мавжуд ва пайдо бўлган ҳар қандай муаммони илмий асосланган ҳолда ўрганиш ва таҳлил этиш, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар билан боғлиқ масалалар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш кўникмаларини шакллантириш;
  • репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзини юритиш асосларини хотин-қизлар орасида манзилли тарғиб этиш;
  • ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш;
  • оила институтини мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш;
  • оилада эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги шахслараро муносабатларни соғлом бўлишини таъминлаш;
  • «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш;
  • бой маданий тарихий мерос ва маънавий-аҳлоқий қадриятларни ўрганиш;
  • оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро тажрибани ўрганиш;
  • оила институтини ривожлантириш ва унинг замонавий шаклини жорий этиш.

МТ-04  - ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИНИНГ ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ВА ОИЛАЛАРДА МАЪНАВИЙ-АҲЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ БЎЙИЧА МУТАХАССИСЛАРИ МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВ КУРСИНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

МТ-04  - Хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари малака ошириш ўқув курси хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларнинг касбий малакасини оширишга йўналтирилган.

Курснинг мақсади – хотин-қизларни, оила институтини  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-аҳлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини такомиллаштириш бўйича мутахассисларда зарурий билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришдан иборат.

Курснинг вазифалари:

  • Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини, миллий ва халқаро тажрибаларни ёритиш;
  • оила психологиясига оид зарурий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш;
  • оиланинг ижтимоий институтлар билан ҳамкорлик механизмларининг мазмун ва моҳиятини ёритиб бериш;
  • ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг ижтимоий-маънавий асосларига оид кўникмаларни шакллантириш;
  • оила ва хотин-қизларнинг репродуктив саломатлиги ва тиббий маданият борасидаги амалий билимларини ривожлантириш;
  • оилада тадбиркорликни ривожлантириш кўникмаларини шакллантириш;
  • ёшлар ва хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир ижтимоий кўникмаларни такомиллаштириш;
  • оиланинг ижтимой-иқтисодий, маънавий диагностикаси ва мониторингини олиб бориш усулларини ўргатиш.

 Курс якунида тингловчиларнинг билим, кўникма ва малакаларига қўйиладиган талаблар

Тингловчи:

  • Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишларини;
  • Ўзбекистон Республикасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг асосларини;
  • хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини;
  • ижтимоий ҳамкорликнинг ҳуқуқий жиҳатларини;
  • ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг мақсад ва вазифалари, самарали усуллари ҳамда ҳуқуқий, тиббий, психологик, маънавий-аҳлоқий асосларини;
  • оилавий низолар ва унинг психологик асосларини;
  • репродуктив саломатлик ва тиббий маданиятнинг мазмун-моҳиятини билиши керак.

Тингловчи:

  • замонавий намунали оилани шакллантиришда хотин-қизлар ва маҳалла ўртасидаги ҳамкорликни амалга ошириш;
  • хотин-қизлар ўртасида маънавий-аҳлоқий, маърифий йўналишдаги профилактик ишларни ташкил этиш;
  • оила ва хотин-қизларнинг репродуктив саломатлиги ва тиббий маданиятни шакллантиришга йўналтирилган амалий фаолиятни йўлга қўйиш;
  • хотин-қизларнинг тадбиркорликка бўлган мотивларини тўғри йўналтириш ва рағбатлантириш кўникмаларига эга бўлиши лозим.

Тингловчи:

  • оилалар билан маърифий, маънавий-ахлоқий тарбия ишларини ташкил этиш;
  • оилалар ва хотин-қизлар билан ишлашдаги психологик, информацион, бошқарув, ижтимоий компетентлик даражасини доимий ривожлантириб бориш;
  • оиланинг концептуал вазифалари ва оиладаги соғлом психологик муҳитни ривожлантириш бўйича зарурий тавсияларни ишлаб чиқиш малакаларига эга бўлиши зарур.

2018 йил давомида ушбу курсларда ташкил этилган жами 217та гуруҳда  3500 дан ортиқ мутахассислар таҳсил олиб, ўз билим ва касбий маҳоратини оширди.

2019 йилнинг дастлабки 6 ойида ушбу курсларда жами 5577нафар мутахассис малака оширди.

Махсус ўқув курсларида ўқув жараёни «Оила» маркази томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси,  Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув дастурлари асосида амалга оширилиб келинади.

Ўқув машғулотлари интерфаол шаклда (ақлий ҳужум, кейс, лойиҳалаш технологияси, кичик гуруҳларда ишлаш ва бошқа шаклларда) олиб борилади.

Курс якунида низомга мувофиқ тингловчилар ўртасида давра суҳбати ўтказилади, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилади (фидбэк) ва таҳлил қилиб борилади.

Ўқув дастури соҳа экспертларини жалб қилган ҳолда илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари, инновацион ғояларни тадбиқ этиш воситасида юқори илмий савияда ишлаб чиқилади.

Ўқув жараёни қуйидаги меъёрий ҳужжатлар асосида мувофиқлаштирилади:

  • Ўқув режа
  • Ўқув дастури
  • Дарс жадвали
  • Давра суҳбати саволномаси
  • Анкета
  • Маъруза матни
  • Тарқатма материаллар
  • Иштирокчилар рўйхати.

Ўқув жараёнига ҳудудий ОТМларининг профессор-ўқитувчилари, ташкилотлар экспертлари жалб қилинади.

Ўқув машғулотлари илмий асосаланган шаклларда интерфаол услубларни қўллаган ҳолда олиб борилади. Машғулотларда амалий топшириқлар, кейс-стади, лойиҳа технологияларидан фойдаланишга аҳамият қаратилади. Кўчма машғулотларга ва ўз устида ишлашга аҳамият қаратилади.

Ўқув курслари давомида тингловчиларнинг ҳудуддаги тарихий қадамжоларга зиёрати ташкил этилади.

Ўқув жараёни республика ва ҳудудий ОАВда батафсил ёритилади.

Марказ сайтига ҳамда Facebook ва Telegram ижтимоий тармоғига туркум интервью, фото ва мақолалар жойлаштириб борилади.

 ЎҚУВ ДАСТУРИ ЖУДА КЕНГ МУАММОЛАРНИ ҚАМРАБ ОЛГАН:

- Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегиясининг устувор йўналишлари. Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий сиёсат масалалари: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси;

- Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари: миллий ва халқаро тажриба. Оилада ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқиши ва химояси. Оиладаги хуқуқий низоларни ечиш йўллари;

- Ижтимоий ҳамкорлик. Оилани ривожлантириш бўйича давлат ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик масалалари

- Оила  психологияси. Оила ёки шахс билан индивидуал иш олиб бориш усуллари, стандартлари ва этика қоидалари

- Оила демографияси. Замонавий намунали оила модели

- Оила институтини мустаҳкамлашда ижтимоий хизматнинг ўрни. Профессионал супервизия

- Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3827-сон Қарори мазмун-моҳияти. Ижтимоий мослашув марказлари ва «ишонч телефонлари»

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларни меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4235-сон қарори асосида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш

- Оила институтини мустаҳкамлашда маънавий-аҳлоқий қадриятларнинг  ўрни. Шарқ мутафаккирларининг маънавий меросида оила, фарзанд тарбияси  масалалари

- Оила институтини мустаҳкамлашда диний қадриятларнинг  ўрни. Исломда оила, никоҳ, фарзанд тарбияси ва бошқа ижтимоий масалаларнинг ифодаси

- Репродуктив саломатлик. Репродуктив саломатликка  салбий таъсир кўрсатувчи омиллар. Оилани режалаштириш. Контрацепция. Исталмаган ҳомиладорликни олдини олишда шифокор маслаҳатлари.

- Репродуктив ҳуқуқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг репродуктив саломатлик буйича асосий тамойиллари. Перинатал ёшдаги аёллар саломатлигини сақлаш масалалари. Ўсмирлар репродуктив саломатлиги. Аёллар ва қизларни соғломлаштириш чора-тадбирлари;

- Никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти ва уни мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш. “Соғлом турмуш тарзи” тушунчаси. Соғлом турмуш тарзини аҳоли орасида шакллантиришнинг замонавий усуллари;

- “Патронаж хизмати” тушунчаси. Ўзбекистонда тиббий-ижтимоий патронаж тизими. Оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишда патронаж хизматининг аҳамияти;

- “Ижтимоий хизмат” ва муҳим компонентлари. Ижтимоий хизматнинг ҳуқуқий асослари. Оила институтини мустаҳкамлашда ижтимоий хизматнинг ўрни;

- Оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолган оилалар билан ишлаш амалиёти; “Супервизия” тушунчаси. Супервизия менежменти. Ижтимоий ҳизматда супервизиянинг аҳамияти. Супервизиянинг ривожланиш имкониятлари;

- Иш фаолиятига АКТни татбиқ этиш имкониятлари. Фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришда ахборот-ҳуқуқий порталдан фойдаланиш амалиёти. Давлат ташкилотлари фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари электрон миллий базасидан фойдаланиш (“LexUz”, www.norma.uz ва б.);

- АКТ ва Интернет тармоғининг оила мустаҳкамлигига ва ривожига таъсирини ўрганиш, оилавий қадриятлар тарғиботи ва салбий ижтимоий ҳолатлар профилактикасида АКТдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

- Ёшларни маънавий таҳдидлар ва ёт ғоялар - диний ақидапарастлик, терроризм, экстремизм, оммавий маданият таъсиридан ҳимоя қилиш, ахборот хуружларига қарши маънавий иммунитетни шакллантириш масалалари. “Ахборот хавфсизлиги” тушунчаси ва оилада соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда унинг аҳамияти;

 ДАВРА СУҲБАТЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Йил давомида мутахассисларнинг ўқув жараёнидаги иштирокини кузатиш натижасида соҳа мутахассисларининг қуйидаги профессионал компетенциялари етарли эмаслиги кўзга ташланди:

- иш фаолиятини концептуал мақсадлари ҳақида яхлит тасаввур (картина) йўқлиги;

- ўз хизмат вазифаларини етарли англамаслик;

- соҳага оид меъёрий ҳужжатларни етарли билмаслик ва ўз фаолиятига татбиқ эта олмаслик;

- жойлардаги давлат ва ННТлар билан ижтимоий ҳамкорликнинг сустлиги;

Шунингдек, қуйидаги йўналишларда  мутахассисларнинг назарий билимлари етарли эмаслиги маълум бўлди:

- Тиббий маданият асослари ва репродуктив саломатлик;

- Демографик кўрсаткичлар ва уларни индексли баҳолаш;

- АКТни бошқарувга татбиқ этиш масалалари;

- Меҳнат қонунчилиги масалалари;

- PR-менежмент;

- Раҳбарнинг муомала маданияти ва нотиқлик маҳорати;

- Аналитик ҳисобот ва таҳлиллар олиб бориш кўникмаси.

Малака ошириш ўқув дастурлари ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда.

Курс якунида тингловчиларга сертификатлар топширилади. 

 

Тингловчиларнинг таълим сифатига оид фикр-мулоҳаза ва таклифлари

  1. Раъно Рахмонова, Андижон шаҳар, “Садда” МФЙ: Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган давлат дастурига биноан мазкур ўқув курсини ташкил этилганлиги ва бизни 72 соатлик ўқув машғулотида олаётган билимларимиз ниҳоятда самарали бўлмоқда. Айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқлари: тушунча, гендер тенглиги, камситиш, оиладаги зўравонлик, одам савдоси каби ўта долзарб муаммоларнинг ўқитилиши, оила мустаҳкамлиги ва демография масалаларининг ўзаро боғлиқлигини англашимиз, оила саломатлиги, яъни соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалаларини кенг қамровли ўрганишимиз эртанги фаолиятимизда жуда жуда ахамиятли. Бизга Андижон давлат университетининг профессор ўқитувчилари, асосан олимлар билим бераяпти, бу янаям биздаги ўқишга, ўз устимизда ишлашга, ўқув машғулотларидан олган билимларимизни уйда қайта кўриб, тайёрланиб, пухта билим олишимизга туртки бўлмоқда.
  2. Дилфуза Халилова, Андижон тумани “Айрилиш” МФЙ: Ташкил этилган малака ошириш курслари биз мутахассислар учун жуда зарур. Сабаби, бир қатор билим ва кўникмалар қатори дастурдаги мавзулар ёрдамида аҳолига ёрдам кўрсатишнинг йўл-йўриқларини билиб олдик.  Масалан, дуч келган муаммо бўйича қайси ташкилотлар билан қай холатда ишлаш, фуқароларни манзилли йўналтириш каби масалаларни кенг, батафсил ўргандик. Ҳуқуқ фани, бола ҳуқуқлари, халқаро ҳужжатлар билан танишиш, ижтимоий хизмат, маънавиятга оид билимлар  жуда керак эди биз учун. Агар курсни давомийлигини бироз узайтирсак, янаям мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, керакли, зарур, мураккаброқ билимларни ўзлаштириш учун ажратилган вақт етарлича эмас назаримизда. Информатика фанига оид дарслар кенгроқ қўйилса янаям яхши бўларди. Компьютер дастурлари билан янаям кенгроқ ишласак. Шунингдек, фаолиятимизга оид бўлган қарор ва фармонлар бўйича ишлаш, ишчи дастурлар, йўл хариталарини бажаришнинг йўл-йўриқларини ўргатишни ҳам йўлга қўйиш керак деган фикрдамиз.
  3. Отабоева Маърифат Ниёзовна, Когон тумани Баҳоуддин Нақшбандий МФЙ: Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича маҳалла мутахассиси. “Оила” ИАТ маркази ҳузурида ташкил этилган махсус ўқув курсларида касб малакасини ошираётган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича маҳалла мутахассислари учун белгиланган дарс машғулотлари дастурларида  ҳам оилаларни мустаҳкамлаш, фарзандлар тарбияси, комил шахсни камолга етказиш каби йўналишларга асосий эътибор қаратилмоқда.

  Маънавият, психология тренингларида инсон руҳияти, унинг атрофдаги воқеа-ҳодисаларга соғлом муносабати, фикрлаши ва дунёқарашида оиланинг, ота-она, яқинларнинг таъсири ҳақидаги таҳлиллар ўрганилади. Соғлом турмуш тарзи, миллат генофондининг соғломлиги, демографик вазиятларни барқарорлаштириш репродуктив саломатлик  машғулотларида тингловчиларга етказилса, ижтимоий хизмат йўналишидаги маҳорат сабоқларида оиланинг генограммаси, эко карта ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишининг аҳволини баҳолаш мезонлари, ижтимоий иш ходимининг аҳлоқ этикаси ҳаётий фактлар ва интерфаол усулларда ўргатилмоқда. Олган билим ва кўникмаларимизни иш фаолиятимизда қўллашимиз ўз натижасини кўрсатди. Масалан, Ғиждувон туманидан ҳудудимизга келин бўлиб тушган Ҳилолахон ва куёв бўлмиш Отабек (исм ва фамилиялар шартли равишда ўзгартирилди)лар билан ҳам психолог сифатида, ҳам ижтимоий иш ходими сифатида ҳамкорликда  олиб борган тушунтириш ишларимиздан сўнг  оила ярашиб кетди. Бундай фактлар маҳалламизда  биргина октябрь-декабрь ойларида 3 та қайд этилди.

Биз тажриба алмашиш учун ўқув давомида  олган билимларимиз ва малака кўникмаларимизни ўртоқлашиш мақсадида телефон орқали   гуруҳ алоқасини йўлга қўйганимиз янада  мақсадга мувофиқ бўлди. Бу ҳам ўз навбатида ишимиз самардорлигини ошираяпти.

  1. Жиззах шаҳар “Ўратепалик” МФЙ мутахассиси Гулчеҳра Ёқубова, Зомин туман “Ш.Рашидов” МФЙ мутахассиси Шаҳри Эшоматова, Зомин тумани “Каттабоғ” МФЙ мутахассиси Зебинисо Азимова, Жиззах шаҳар “Боғишамол” МФЙ мутахассиси Шарбатой Файзиева, Ғаллаорол тумани “Ғ.Ғулом” МФЙ мутахассиси Мархабо Анарбоева.

  Биз Жиззах шаҳри ва вилоятнинг барча туманларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар 2018 йилнинг сентябрь –декабрь ойларида тиббиёт коллежида “Оила” ИАТМ марказининг махсус ўқув курсларида 12 кун давомида ўқидик ва махсус сертификатга эга бўлдик. Ўқиш давомида малакали профессор ва амалиётчи ўқитувчилар томонидан ўтказилган 72 соатлик назарий, амалий ва кўчма машғулотларда иштирок этдик. Ўқув курси машғулотлари давомида фаолиятимизда учрайдиган муаммолар илмий, психологик жихатдан асослантирилиб берилди. Шу билан биргаликда, иш фаолиятимизда учраб турган ажримларнинг олдини олишда уларга қандай психологик усуллар орқали таъсир ўтказиш тўғрисида етарли маълумотлар берилди. Ўқув жараёни давомида ҳамкор ташкилотлар билан мулоқатда бўлдик, тажриба алмашдик. Жиззах шаҳар ФХДЁ бўлими, Ш. Рашидов тумани “Оила” ИАТМ туман бўлими, Ш. Рашидов тумани “Қахрамон” ҚФЙ дахотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиснинг фаолияти, Жиззах шаҳридаги “А.Темур” МФЙ мутахассисининг фаолияти, Жиззах шаҳар “Олмазор” МФЙда мутахассислар ҳамкасабаларининг фаолияти билан, Жиззах шаҳридаги Зилол махалласи 29-умумтаълим мактабида “Зилол” МФЙ мутахассисининг фаолияти, Жиззах шаҳридаги кексалар ва ногиронлар, уруш-мехнат фахрийларининг “Жиззах” санаториясидаги шарт-шароитлар билан танишилди ҳамда 29-сонли Меҳрибонлик уйида кўчма машғулотлар ўтказилди. Талабимизга биноан, “Оилавий ажримларнинг олдини олишда диний ва маънавий-аҳлоқий қадриятларнинг роли” мавзусида вилоят бош имом хатиби ўринбосари А.Атабоев иштирокида “Давра суҳбати”  ўтказилди, айниқса тўй маросимлар бўйича суҳбат қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда ўтди.       Биз олдин ҳам кўп семинар йиғилишларда иштирок этганмиз. Лекин бу сафарги ўқиш жудаям фойдали ва зарур манбаларга бой бўлди. Олган билим ва тажрибамиз оилалар мустаҳкамлиги ва барқарорлиги йўлидаги келгуси фаолиятимизнинг самарали бўлишида ҳисса бўлиб қўшилади.

  Ўқув курсларининг сифат даражасини янада ошириш ҳамда самарали фаолият олиб бориш учун қуйидаги таклифларни илгари сурамиз:

  1. Ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, турли ёт, деструктив ғоялар таъсиридан ҳимоялаш учун таъсирчан тарқатма материаллар ва роликлар таёрлаш;
  2. Ўқув режага тингловчиларни компьютер саводхонлигини ошириш, ҳужжатлар билан ишлашда қулайлик туғдириш мақсадида информатика дарсини киритиш;
  3. Оилада ҳуқуқий ва иқтисодий муносабатларни шакллантириш,сиёсий саводхонликларни оширишда “Оила, “Фуқаролик”, “Уй-жой” кодекслари, Конституция, “Иқтисодиёт билим асослари” бошқа тегишли қонун ҳужжатларини тингловчиларга узлуксиз ўқитиб боришни йўлга қўйиш;
  4. Оилавий психологик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятининг кучайтириш;
  5. Маҳалла ҳузурида ташкил этилган “Ота-оналар университети”нинг фаолиятини амалий аҳамияти ошириш;
  6. Медиация қонунларни ўқув дастурига киритиш.

 

 

  1. “Оила” маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳузуридаги Махсус ўқув курси тингловчилари.

Давлатимиз раҳбари давлат ва жамият бошқарувида ҳар бир соҳанинг эга-эгасини топиб, аниқ ва мақсадли вазифаларни белгилаб биргина хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини янада мустаҳкамлаш соҳасида бажарилиши зарур бўлган вазифалар борасида фармон билан белгилаб қўйдилар. Бугун кунда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Буни оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича “Оила” илмий амалий маркази вилоят бошқармаси ҳузурида махсус ўқув курси ташкил этилганлиги ҳамда мазкур  ўқув курсида вилоятимизнинг барча туманларидан Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича маҳалла мутахассислари малака ошираётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Малака ошириш курсига келган  мутахассислар ўқув дастурига мувофиқ ўқитилмоқда.

Мазкур курсда тингловчилар жамиятдаги замонавий намунали оила меъзонларини шаклу-шамоилини, шунингдек, нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва улар билан  маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш каби қатор фаолиятида дуч келадиган жараёнларга пухта тайёрланмоқдалар. Махсус ўқув  курсида оила ва никоҳ, репродуктив саломатлик, психология, ҳуқуқ, ижтимоий химояга мухтож қатламга кўмаклашиш,  шунингдек, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари батафсил ўргатилмоқда. Жумладан, “Оила” маркази вилоят бошқармаси ҳузуридаги Махсус ўқув курсини намунали битириб кетган тингловчиларимиз жойларда фаолликни қўлдан беришмаяпти. Масалан,  Ангор тумани “Гулистон” МФЙда хотин кизлар билан ишлаш оилаларда маънавий ахлокий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси  Зулайхо Хамраева жорий йилнинг 3 декабрдан 15 декабрга қадар бўлиб ўтган малака ошириш курсини фаол битирган. З.Хамраева тумандаги  ҳамкор ташкилотлар билан доимий равишда низоли булган оилалар, нотинч-ноқобил оилаларнинг муаммолари ўрганиб муаммоларни жойида ҳал этилишида амалий кўмаклашиб келмоқда. “Гулистон” МФЙсида истиқомат қилаётган Рузибоев Холмурод ва Рахимкулова Зебо опанинг хонадон эгасининг доимий равишда ичкиликбозлиги сабабли оилавий низолар келиб чиққан мазкур ҳолатни маҳалланинг имом хотиби ва  тегишли ташкилот раҳбарлари ҳамкорлигида бу оила доимий равишда назоратга олиниб, нотинчлик ҳолатига барҳам берилди.

  УШБУ СОҲАДА ИШ СИФАТИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР

  1. Иш фаолиятининг барча аспектларини қамраб олган ҳолда мутахассисларни комплекс аттестацияси бўйича саволнома ишлаб чиқиш ва аттестацияни ташкил этиш;
  2. Бевосита мутахассислар ишлаб турган ҳудудда уларнинг фаолиятини барча кўрсаткичлар бўйича ўрганиш;
  3. Мутахассисларнинг ойлик, йиллик фаолият режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва у асосида фаолиятини координация қилиш;
  4. Мутахассисларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш бўйича методик қўлланмалар ишлаб чиқиш;
  5. Жойларда ҳудудларнинг спецификасидан келиб чиқиб долзарб муаммолар юзасидан қисқа муддатли тренинг ва мастер-класслар ташкил этиш.

 

 

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази