Соғлом онадан - соғлом фарзанд

“Соғлом онадан - соғлом фарзанд” бу масалани ҳал этишда аввало Репродуктив саломатлик тушунчасига эътибор қаратиш лозим. Репродуктив саломатлик масалалари биринчи бор 1994 йил Коҳирада бўлиб ўтган Аҳолишунослик ва Тараққиёт халқаро конференциясида кўтарилган. Ушбу конференцияда репродуктив саломатлик иборасига тўлақонли тушунча берилган эди. Репродуктив саломатлик - бу репродуктив тизим ва унинг фаолиятига боғлиқ барча масалалар борасида фақат касаллик ва камчиликлар йўқлиги бўлибгина қолмай, балки тўлиқ жисмоний, ақлий ва ижтимоий муваффақиятлар ҳолати ҳамдир. Репродуктив ҳуқуқ – бу барча эр-хотин жуфтликлар ва алоҳида шахсларнинг болалар сони, улар орасидаги оралиқ ва уларнинг туғилиш вақти ҳақида эркин ҳамда тўлиқ маьсулият ҳиси билан қарор қабул қилиши ва бунинг учун шарт бўлган маьлумот ва воситаларга эга бўлиши борасидаги асосий ҳуқуқларни тан олиш. Репродуктив саломатликни муҳофаза қилишдаги 12 та тамойил қуйидагилардан иборат:

  1. Хавфсиз ҳомиладорлик;
  2. Бехатар туғруқлар;
  3. Чилла давридаги малакали ёрдам;
  4. Исталмаган ҳомиладорлик ва уни олдини олиш;
  5. Туғруқлар оралиғини 3 йил ва ундан ортиқ муддатга сақлаш;
  6. Замонавий контрацептив воситалар ҳақида аҳолига кенг маьлумот бериш;
  7. Бепуштликни олдини олиш;
  8. Ўсма касалликлари ва ўсма олди касалликларини олдини олиш;
  9. Она сути билан боқиш тарғиботи;
  10. Оналик ва болаликни муҳофазаси;
  11. Ўсмирлар репродуктив саломатлиги
  12. Жинсий тарбияси.

Cоғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш шифокорлар учун катта масъулият юклайди. Бу масалани тўғри ҳал этиш ёшларимиз олдига бир қатор талабларни кўяди.

  • Оилавий турмуш қуришга тайёрланаётган йигит ва қизларимиз соғлом бўлишлари, жинсий ҳаёт гигиенаси бўйича етарли билимларга эга бўлишлари керак.
  • Аёлларни фақатгина ҳомиладорлик даврида саломатлигини сақлабгина қолмай, балки қизларни ёшлик давридан бошлаб соғ–саломат ўсишларини таъминлаш лозим.
  • Бола туғилгандан кейин эса, унинг соғлом бўлиб ўсиши ҳақида қайғуришимиз, она сутининг аҳамиятини кенг тарғиб қилишимиз зарур.

Республикамизда ёшларнинг турмуш қуриши учун «Оила кодекси»га асосан эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш белгиланган. Далилларга асосланган тиббиёт хулосалари бўйича оила қуриш учун энг қулай давр қизлар учун 20-24 ёш, йигитлар учун 24-26 ёш ва уларнинг ёшлари орасидаги фарқ 3-6 ёшгача бўлгани маъқул. Аввало йигит ва қизларимиз турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Бу ирсий касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Ирсий касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар киради. Бундай оилаларда кўпинча ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга бўлган болалар туғилиши мумкин. Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган, тамаки чекувчи ва гиёҳвандликка ружу қўйган оилаларда туғма нуқсонли ва ақли заиф фарзандлар дунёга келиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш Низоми тўғрисида»ги 365-сонли Қарори асосида никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ бўлимига ариза берганларидан сўнг қуйидаги касалликларни аниқлаш учун текширувлардан ўтадилар:

  1. Руҳий касалликлар 2. Гиёҳвандлик 3. Сил касаллиги  4. Жинсий йўл орқали юқадиган касалликлар    5. ОИТС

Текширувлар яшаш жойидаги поликлиникалар томонидан икки ҳафта муддат ичида амалга оширилади. Тиббий текширувлар никоҳланувчи шахслар учун бепул ўтказилади. Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлигига хавф солиши мумкин. Маълумки, 16-17 ёшгача қизлар тўлишиб, бўйлари ўсиб қолади, аммо бу ҳали уларни она бўлиш учун етилганликларини билдирмайди. Қизлар 16-17 ёшга тўлгани билан уларда, ҳомилани тараққий этиши ва бола туғиш учун нормал шароит вужудга келмаган бўлади. Тос суяклари ривожланмаганлиги сабабли, туғиш жараёнида жарроҳлик усулидан фойдаланишга тўғри келиши мумкин. Қизлар 20 ёшдан кейин жисмонан ва руҳан она бўлишга тайёр бўладилар. Эрта турмуш қуриш кўпинча фарзандсизликка, боланинг ой куни етмай чала туғилишига, ҳомиладорлик асоратларига олиб келиши мумкин.Аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади.  Ёши ўтган яъни 35 ёш ва ундан юқори бўлган аёллардаги ҳомиладорликлар нафақат аёлнинг саломатлиги балки, туғилажак фарзандлар учун ҳам хавфлидир, чунки ушбу ёшдаги аёлларда ички аъзоларнинг касалликлари (камқонлик, юрак-қон томир касалликлари, буйрак аъзолари ва ҳ.к) кўп учрайди. Бу эса нафақат ҳомиладорлик даврини, балки туғруқ жараёнини ҳам асоратлайди. Ҳомиладорлик муддати тўққиз ой давом этади.  Ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув олиб борилади.

Фарзанд ота-онанинг эзгу орзуси, қувончи, бахти. Ҳар бир она фарзандининг соғлом, зуваласи пишиқ, бахтли-саодатли бўлиб ўсиб улғайиши учун қайғуради ва чақалоқ туғилмасидан туриб шунга тайёргарлик кўради. Она сути болани соғлом ва бақувват ривожланиши учун энг муҳим озуқадир. Она сути таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар мукаммалдир. Она сути суюқ, енгил хазм бўлувчи ва етарли калорияга эга бўлган, турли микроблардан ҳоли, пишириш ва иситиш талаб қилмайдиган тайёр озуқадир. Оғиз сути бу янги туққан аёл кўкрагидан 1-1,5 кун ичида ажралиб чиқаётган сарғиш ширали чўзилувчан суюқлик бўлиб, бола учун ўта фойдалидир. Оғиз сути болани ичакларини тозалайди, инфекциядан сақлайди ва бақувватлаштиради. Оғиз сути биринчи эмлаш деб ҳам аталади. Она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Кўкрак сути эмган бола тетик ва касалликка кам чалинадиган бўлади. У барвақт онани таний бошлайди, онага интилади, бу болада илк меҳр куртакларини уйғотади. Она ўз фарзандига табиатнинг мўжизаси - сут орқали бутун борлигини берар экан, буни она саломатлигига ҳам ижобий таъсири бордир. Эмизикли оналарда модда алмашинуви анча жадал кечади, бу эса она иштаҳасини яхши бўлишига, кайфиятини кўтарилишига олиб келади, руҳий енгиллик сезади. Кўкрак сути билан боқиш бола соғлиғи ва унинг баркамол инсон бўлиб ўсиши учун зарурдир.  Туғруқлар оралиғини сақлаш (камида 3 йил) онанинг саломатлигини яхшилайди ва соғлом фарзанд туғилишини таъминлайди.

Турли кўнгилсизликларни олдини олиш, оилада соғлом мухитни яратиш учун авваломбор барчамиз тиббий маданиятга қатъий риоя қилишимиз зарур ва шарт. Она саломатлиги учун қайғурар эканмиз бу нафақат онага этибор, бу келажак авлодга, ватаннинг эртанги куни учун бўлган этибор бўлади.

“Оила” маркази Наманган туман

бўлими раҳбари

И.А.Каримов.