ЎҚУВЧИ ШАХСИДА ТАЯНЧ КОМПЕТЕНЦИЯЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

Моҳира Холиқова,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази
Махсус ўқув курслари раҳбари,
PhD, доцент

 Халқнинг бахт-саодати
болаларни тўғри тарбиялашга боғлиқ.
Ж. Локк

Дунё таълим концепцияларида комил инсон шахсини шакллантириш, маънан соғлом жамиятни вужудга келтириш, миллий негизда шаклланган маънавиятни, маърифатни қарор топтириш энг муҳим муаммолардан бирини ташкил қилади. Бинобарин, жамият тараққиётининг асоси, уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қоладиган ягона куч – маърифатдир. Бу соҳадаги ишларнинг пировард мақсади – иймон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват, мустақил дунёқарашга эга, аждодларимизнинг бебаҳо мероси ва замонавий тафаккурга таяниб яшайдиган комил инсонни тарбиялашдан иборат.

Комил инсон тарбияси эса бевосита таълим тизими, таълим босқичлари билан узвий боғлиқ жараёндир. Бугун ҳар жиҳатдан ривожланиб бораётган илм-фан, техника тараққиёти таълимнинг барча босқичларида баркамол шахс тарбиясига алоҳида эътибор беришни талаб қилмоқда. Мактабгача таълим босқичидан бошлаб, умумий ўрта таълим, ўрта махсус академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, олий таълим муассасаларида ҳам юксак маънавиятли шахс тарбиялаш, маънавий баркамол авлодни шакллантириш, комил инсонни камол топтириш ниҳоятда долзарб аҳамият касб этмоқда. 

Маънавий етук, баркамол шахс тарбиясида компетенция ва компетентлилик ўзига хос, ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Лотин тилидан ўзлашган “компетенция” сўзи “ўз касбига яроқли, лойиқ” деган маънони англатади.

Компетенция нафақат олинган назарий билим, кўникма ва малакаларнинг мажмуаси, балки эгалланган назарий ва амалий билим, кўникма ва малакалар мажмуини амалиётда мустақил ва ижодий қўллай олиш даражасидир.

Айрим давлатларда шу пайтгача мавжуд бўлган “профессионализм” тушунчаси ўзига нисбатан кенгроқ мазмун касб этувчи компетенция сўзи билан ўрин алмашмоқда. Профессионализм категорияси фақат муайян фан бўйича чуқур билимга эга бўлишдир.

Компетенция эса нафақат касбий билимларни, балки эмоционал, психологик, ижтимоий билимларни ҳам эгаллаш зарурлигини тақозо қилади. Амалий аҳамиятга эга бўлган компетенциявий ёндашув касбий билимлар ва танланган фан бўйича фаолият юритиш учун зарур малакалар йиғиндисидир.

Компетенциявий ёндашув глобал оммавий коммуникацияни ривожлантириш ва информацион даврда жамият имкониятларининг таълим талабларига мос мазмун ўзгариши негизи сифатида қаралмоқда.

Педагогика фани назарияси ва амалиётида “компетентлик” ва “компетенция” тушунчалари бир вақтда қўлланилмоқда. Компетенция таълим олувчиларнинг тайёргарлигига аввалдан қўйилган талабларни англатса, компетентлик шахснинг мавжуд сифатлари ва қўйилган доирага, соҳага муносабати бўйича шахс фаолиятининг минимал тажрибаси билан белгиланади.

Америкалик олим Ж. Равен компетентлиликнинг 37 турини таъкидлаб ўтади. Улар жумласига қуйидагилар киради:

  • аниқ мақсадга эришиш учун устувор йўналишни идрок қилиш қобилияти;
  • ўз фаолиятини назорат қилиш;
  • фаолият жараёнига ҳиссиётларни йўналтириш;
  • мустақил таълимга тайёр туриш;
  • қайта алоқадан фойдаланиш;
  • ўзига ишонч;
  • шахсий назорат;
  • ишга киришиб кета олиш;
  • иложсизлик ҳиссининг бегоналиги;
  • келажакни яхши тасаввур этиш;
  • мавҳумлаштиришга мойиллик;
  • мақсадга эришишга боғлиқ муаммоларга диққатни қаратиш;
  • мустақил тафаккур;
  • оригиналлик;
  • танқидий тафаккур;
  • мураккаб масалаларни еча билиш қобилияти;
  • баҳсли масалаларни ечишга тайёрлик;
  • таваккал қилиш;
  • жамиятнинг инновацияларни яхши қарши олишига бўлган ишончнинг мавжудлиги;
  • натижанинг ижобийлиги ва икки томонлама фойдали эканлигини мақсад қилиб олиш;
  • қатъиятли(саботли) бўлиш;
  • ишончли;
  • ўзини мақсадга мувофиқ тутиш қоидаларига буйсуниш;
  • қарор қабул қилиш қобилияти;
  • жавобгарлик ҳисси;
  • мақсадни кўзлаб ҳамкорликда ишлай билиш қобилияти;
  • мақсадга эришиш йўлида бошқаларни ҳам ишга ундай олиш қобилияти;
  • ўзгаларни тинглай билиш ва уларнинг фикрларини ҳам инобатга олиш қобилияти;
  • ҳамкорларининг имкониятларига субъектив баҳо беришга уриниш;
  • бошқаларнинг мустақил қарор чиқаришларига йўл бериш;
  • ўзаро нифоқларни ҳал қилиш ва ихтилофларни мўътадиллаштириш;
  • бировнинг қўл остида фаолият юритаётган пайтда самарали ишлаш қобилияти;
  • турли услубдаги яшаш тарзига нисбатан бағрикенглик;
  • ташкилий ва жамоавий режалаштиришга тайёрлик;

  

XXI  АСРДА ТАЪЛИМ ПАРАДИГМАСИ ТРАНСФОРМАЦИЯСИ

  

Позициялар

Анъанавий таълим

Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим

Ўқитувчи

Билимлар «транслятори», илм етказувчи, ментор

Таълимни лойиҳаловчи, модератор, фасилитатор, тренер

Ўқувчи

Таълим объекти, пассив

Таълим субъекти, актив

Методлар

Анъанавий (маъруза, жамоавий топшириқлар)

Интерфаол (кейс, лойиҳалаш, кичик гуруҳларда ишлаш)

Таълим иштирокчилари ўртасида муносабат

Иерархия,  ўқитувчи-ўқувчи, диктат

Тенглик, позитив ҳамкорлик, шахсга йўналтирилган таълим

Таълим жараёни

Консерватизм

Конструктивизм 

 

Давлат таълим стандартларида қайд этилган компетентли мутахассис тайёрлаш мақсади таълим мазмунинигина эмас, ўзлаштириш воситалари ва таълимни ташкил қилиш жараёнини ҳам ўзгартиришга олиб келади. Кўп нарсани биладиган, лекин ҳеч бир фойдали ишни амалга ошира олмайдиган ўқувчининг жамиятга ҳам, ўзига ҳам фойдаси тегмайди. Шу сабабли ўқув фаолиятидан кўзланган асосий пировард мақсад – фаолиятни амалга оширишига ёрдам берадиган компетенцияни шакллантириш ва ривожлантиришдир. Компетенциявий ёндашувни таълим жараёнига татбиқ қилиш касбий тайёргарликнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, назарий ҳамда амалий билимларни биргаликда қўллай олиш қобилиятини ўз ичига олган таълим-тарбия беришнинг педагогик тизимидир.

Таълим жараёнида ўқувчиларда шакллантирилиши лозим бўлган коммуникатив, ахборот билан ишлаш, шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, умуммаданий, математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш каби асосий таянч компетенциялар ҳар бир фан доирасида предметга оид компетенцияларни шакллантириш билан уйғун равишда олиб борилиши ва такомиллаштирилиши мақсадга мувофиқ. Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим ўқувчиларнинг эгалланган билим, кўникма ва малакаларини ўз шахсий, касбий ва ижтимоий фаолиятларида амалий қўллай олиш имкониятини яратади.

“Таянч компетенцияларни аниқлаш ва саралаш” номли Европа лойиҳасида (DeSeCo) таянч компетенциялар “жамиятнинг самарали фаолият юритиши ва ҳаётий муваффақиятларнинг омили” сифатида баҳоланади.

Дунё амалиётида компетенцияларнинг универсал типологик таснифини ҳамда моделини яратишга бўлган уринишлар кўп бўлишига қарамай, ҳозиргача яхлит бир тизим, ягона классификация  мавжуд эмас.

Европа Кенгаши таянч компетенциялар таснифини, хусусан, чет тилларни ўрганиш соҳасида CEFR - умумевропа компетенцияларини таклиф қилган бўлсада, кўпгина давлатлар уни ўз геосиёсий ва ижтимоий хусусиятлари асосида мослаштирган. Хусусан, Буюк Британия тўртта таянч компетенцияни илгари суради.

Таълим жараёнида ўқувчиларда шакллантирилиши лозим бўлган таянч компетенциялар ҳар бир фан доирасида предметга оид компетенцияларни шакллантириш билан параллел равишда олиб борилиши мақсадга мувофиқ.

Турли мезонлар асосида педагогика фанида таълим жараёнида ўқувчиларда шакллантирилиши лозим бўлган асосий таянч компетенциялар сифатида қуйидагилар санаб ўтилган:

  1. Ҳаёт мазмуни ва қадриятларга доир компетенциялар. Бу - умумий дунёқараш, ҳаётий мақсадларни тўғри шакллантириш, жамиятдада ўз ўрнини топишга интилиш, онгли қарорлар қабул қилиш кабилар.
  2. Умуммаданий компетенциялар. Миллий ва умуминсоний маданият ҳақида тушунчага эга бўлиш, инсон ҳаётининг маънавий-аҳлоқий асосларини билиш, ижтимоий ҳодисаларни, оилавий муносабатлар кўникмалари, фан ва диннинг инсон ҳаётидаги ўрнини англаш, маиший ҳаётга доир билимларни эгаллаш.
  3. Ўқув жараёнига оид компетенциялар. Шахснинг ўқиб-ўрганишга доир билимлари, мақсадни шакллантириш, режалаштириш, таҳлил, рефлексия, ностандарт вазиятларда ҳаракат қила олиш, мустақил билим эгаллаш, муаммоларни ечишнинг эвристик усулларидан воқиф бўлиш.
  4. Ахборот билан ишлаш. Замонавий информацион технологиялар ёрдамида керакли аҳборотни мустақил излаш, топа олиш, таҳлил қилиш, маълумотларни сақлаш ва етказиш.
  5. Коммуникатив компетенциялар. Коммуникабеллик, мулоқотга тез киришувчан бўлиш, бир нечта тилларни эгаллаш, кичик ижтимоий гуруҳларда ишлаш, мулоқот ўрнатиш, мунозарада иштирок этиш, диалог қура олиш, турли ижтимоий ролларни бажара олиш.
  6. Ижтимоий меҳнатга доир компетенциялар. Ижтимоий ҳаёт ва меҳнат фаолиятига доир кўникмалар, жамият манфаати йўлида меҳнат қилиш, касб танлаш, касбий билим ва малакаларни тинимсиз ривожлантириш кўникмалари.
  7. Шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш. Ўзини жисмоний, эмоционал, маънавий ва интеллектуал ривожлантириш, муттасил илм ўрганиш, замонавий ҳаёт учун зарур бўлган аҳлоқий ва ақлий билимларни эгаллаш, шахсий гигиенага риоя қилиш, ўз соғлиги ҳақида қайғуриш, тиббий маданият, шахс экологияси ҳамда ҳаёт ҳавфсизлиги асосларини билиш.

Таълим жараёнида ўқувчиларда шакллантирилиши лозим бўлган таянч компетенциялар ҳар бир фан доирасида предметга оид компетенцияларни шакллантириш билан параллел равишда олиб борилиши мақсадга мувофиқ.

Таълимнинг янгича парадигмаси ва компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган ёндашув таълим контенти ва методологиясини  тубдан ўзгартиришни тақозо этади.

  1. Ўқитувчи ролининг трансформацияси. Ўқитувчи янгича ёндашув шароитида билимлар “транслятори”дан таълим жараёнини ташкил этувчи, лойиҳаловчи, модератор, фасилитатор бўлиши, таълим жараёнида позитив ҳамкорлик муҳитини ярата олиши керак.
  2. Мақсадлар таксономияси. Янгича таълим муҳитида мақсадлар доираси ҳам кенгаяди. Керакли маълумотларни эгаллашдан ташқари, билим олишга мотивация уйғотиш, олинган билимларни ҳаётда қўллашни билиш, ностандарт вазиятларда муаммоларнинг тўғри ечимини топиш каби мақсадлар пайдо бўлади.
  3. Таълим методлари. Компетенциявий ёндашув бола шахсига, унинг қизиқишлари ва тасаввурларини ривожлантиришга, мустақил илм излашга йўналтирилган услуб ҳамда интерфаол методларни қўллашни тақозо этади.
  4. Ўқувчилар билимини баҳолаш. Бунда фақат олинган билимлар баҳоланмасдан, балки тасаввур қобилияти, ижодий тафаккур, синтезлаш, таҳлил қилиш, масаланинг ностандарт йўлларини топа олиш каби компетенциялар мажмуи ҳисобга олинади.
  5. Таълим олиш муҳити. Компетенциявий ёндашувда таълим берувчи ва таълим олувчи ўртасидаги муносабатлар иерархияга эмас, балки позитив ҳамкорликка асосланади.

Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим ўқувчиларда мустақил тафаккур, фаол фуқаролик позицияси, ташаббускорлик, медиаресурслардан ўз фаолиятида оқилона фойдаланиш, соғлом рақобат ҳамда толерантликни шакллантиради ҳамда  маънавий-аҳлоқий, жисмоний, ақлий ҳислатларни камол топтиришга, жумладан, эзгуликни ҳимоя қилиш, тез ўзгарувчан, мураккаб дунёда ўз ўрнини топиш, альтруизм, дунёвий муаммоларни англаш, тўғри қарорлар қабул қила олиш, зарурий ҳаётий кўникмаларни эгаллаш, ўз хатти-ҳаракатлари, қарорлари учун жавобгарлик ҳисси, шахсий имкониятларини рўёбга чиқариш, ахборотларни қабул қилиш ва ажрата олиш,  абстракт, ижодий, мантиқий тасаввурни кенгайтиришга ҳизмат қилади.

 

Фойдаланилган адабиёт

  1. http://www.etf.europa.eu