ШАХСДА ИЖТИМОИЙ КОМПЕТЕНЦИЯЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА ОИЛАНИНГ ПЕДАГОГИК ПОТЕНЦИАЛИ

Болаларни бугунги кун учун эмас,
балки келажак учун, эҳтимол инсониятнинг
энг яхши ҳолати учун тарбияламоқ лозим.
Иммануил Кант

Барча манфаатлар ичида энг гўзали
яхши тарбия олган инсондир.
Эпиктет

 

Шарқ тамаддуни комил инсон ғоясига катта эътибор билан қараган. Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф хос Хожиб, Кайковус, Аҳмад Югнакий, шайх Саъдий, Хусайн Воиз Кошифий, Алишер Навоийдек мутафаккирларнинг асарлари диққат марказида инсоннинг маънавий-ахлоқий камолоти масаласи ўртага ташланган.

Имом Ғаззолий “Кимёи Саодат” асарида ҳалоллик хақида фикр юритиб “аввалги илм ўз нафсини танимоқдир” дейди. Форобийнинг фикрига кўра, инсониятнинг барча қобилиятлари туғма ирсий ва таркиб топган, бола тарбиясида ҳар иккисини эътиборга олиш зарур бўлади. Хусайн Воиз Кошифий “Футувватномаи султоний” асарида футувватнинг қуйидаги сифатларини санаб ўтади: тилни беҳуда гаплардан тийиш, қулоқни ножўя, номақбул сўзлардан озод қилиш, бўхтону ғийбатлардан беркитиш, халққа озор берадиган ишлардан ўзини тортиш, бориш ман этилган жойларга бормаслик ва ҳ.

Цивилизация ривожланган сари инсоният тафаккурида технократик ёндашув яққол кўзга ташланди ва гуманистик ғояларнинг ҳимояга муҳтожлиги сезилмоқда. Дунё ҳамжамиятини қийнаб турган глобал муаммолар сифатида  очлик, қашшоқлик, чучук сув танқислиги, пандемик касалликлар билан бирга маънавий ҳатарлар - гуманизм, толерантлик, ижтимоий интеллектнинг сусайгани, шахслараро муносабатларда ҳурмат, кенгфеъллик, кечиримлилик, сабр, оқибат туйғуларининг йўқола бошлагани тилга олинмоқда. ЮНЕСКОнинг “ХХI аср таълими” бўйича халқаро қўмитаси дастурида инсоният олдида турган энг муҳим вазифалар қаторида биргаликда яшашни ўрганиш ҳамда шахс сифатида ноёб, ягона, такрорланмас бўлишни ўрганиш кабилар алоҳида таъкидлаб ўтилгани бежиз эмас.

Бугунги куннинг улкан ижтимоий ҳодисаси глобаллашувдир. Ушбу  феномен маданий трансформация, ҳаёт суръатларининг мислсиз тезлашуви, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиши, тамаддунлар симбиози билан боғлиқ жараёндир.

Глобаллашувнинг инсоният тараққиёти йўлидаги улкан имкониятларини эътироф этиб, у туфайли пайдо бўлган инсоният хавфсизлигини, давлатларнинг миллий манфаатларини таъминлашга хатар солувчи маънавий таҳдидларни инкор этиб бўлмайди. Бугун ер юзида сиёсий, иқтисодий мақсадлар кўзланган уринишлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатларнинг асрий қадриятлари ва яшаш тарзи издан чиқаётгани, маънавияти жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин.

Глобал ахборот алмашув даври шиддат билан ривожланаётган бир даврда ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болаликдан шакллантириш зарур. Зеро бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина ҳабар ҳам ахборот оламида глобаллашув шиддати туфайли улкан зиён етказиши мумкин.

Дунё таълим концепцияларида комил инсон шахсини шакллантириш, маънан соғлом жамиятни вужудга келтириш, миллий негизда шаклланган маънавиятни, маърифатни қарор топтириш энг муҳим муаммолардан бирини ташкил қилади.

Комил инсон тарбияси компетенция ва компетентлилик ўзига хос, ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Лотин тилидан ўзлашган “компетенция” сўзи “ўз касбига яроқли, лойиқ” деган маънони англатади. Компетенция нафақат олинган назарий билим, кўникма ва малакаларнинг мажмуаси, балки эгалланган назарий ва амалий билим, кўникма ва малакалар мажмуини амалиётда мустақил ва ижодий қўллай олиш даражасидир.

Компетенциявий ёндашув глобал оммавий коммуникацияни ривожлантириш ва информацион даврда жамият имкониятларининг таълим талабларига мос мазмун ўзгариши негизи сифатида қаралмоқда.

Ижтимоий ҳаёт учун зарур компетенцияларни шакллантиришда оиланинг педагогик потенциали ўта юқори. Чунки айнан оилада инсон шахс сифатида камолотга етади, инсоннинг биринчи ҳаётий тасаввурлари ривожланади. Боланинг характерини, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар — яхшилик ва эзгулик, олижаноблик, меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида карор топади. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди камолини кўриш учун уни вояга етказади.

 Бoлaлapнинг мaънaвий ва жисмoний камолотида oилaнинг муҳим педагогик потенциали қуйидаги мезонларда намоён бўлади:

  • coғлoм ижтимoий муҳитни яpaтиш;
  • миллий қадриятлар асосида оилавий тypмyш тapзини шакллантириш;
  • фapзaндлapдa oтa-oнa, Baтaнгa мyxaббaт тyйғycини шaкллaнтиpиш;
  • бoлaлapнинг кизикиши, иктидopи вa эxтиëжлapини xиcoбгa oлгaн xoлдa кacбгa йўнaлтиpиш;
  • болаларни мустақил фикpлaшгa ўpгaтиш;
  • бoлaлapнинг бўш вaқтини тўғри ташкил қилиш;
  • болаларни қўшимчa тaълим oлишлapигa шapт-шapoит яpaтиш;
  • болаларда гигиеник, экологик билим ва кўникмаларни ривожлантириш;
  • таълим муассасалари билан биргаликда таълим-тарбия жараёнида амалга оширилиши керак бўлган масалаларни муҳокамасида иштирок этиб бориш.

Ушбу педагогик потенциал доирасида қуйидаги ижтимоий компетенцияларни ривожлантириш мустақил ҳаёт, профессионал фаолият, шахсий, ижодий ҳамда ҳаётий мақсадларни рўёбга чиқариш учун муҳим пойдевор бўлиб ҳизмат қилади:

  • Миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш ва қабул қилиш;
  • Фаол фуқаролик позицияси, мустақил мушоҳада юритиш;
  • Ўз нуқтаи назарини баён этиш ва асослаш;
  • Жамият қабул қилган оҳлоқ-одоб қоидаларига амал қилиш;
  • Маънавий меросни асраб-авайлаш;
  • Буюк мутафаккирларнинг бой илмий-маънавий меросини билиш;
  • Ён-атрофда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга нисбатан огоҳлик ва муносабат билдира олиш;
  • Инсон ҳуқуқларига ҳурмат;
  • Юксак инсоний фазилатларни ривожлантириш;
  • Инсон ҳаётида маънавий қадриятларнинг аҳамиятини билиш;
  • Шахсий намуна кўрсата олиш;
  • Салбий одатлар ва иллатларга қарши муносабат билдириш;
  • Илм-маърифатга интилиш;
  • Нутқ ва муомала маданиятига риоя қилиш;
  • Жамиятда, оилада бўлаётган жараёнларда иштирок этиш;
  • Ижодий, ҳаётий мақсадлар қўя олиш;
  • Жамоат жойларида ўзини тутиш;
  • Инновацион, ижодий тафаккур;
  • Ташаббускорлик;
  • Медиа ва ахборот-коммуникация технологияларидан ўз фаолиятида оқилона фойдалана олиш;
  • Жамиятда ўз ўрнини эгаллаш;
  • Муаммоларнинг муқобил ечимини топиш;
  • Ижобий рақобат;
  • Умуммаданий компетенциялар. 

Моҳира Қўндибоевна Холиқова
«Оила» маркази» Махсус ўқув курслари раҳбари
PhD, доцент