КОРОНАВИРУС МАМЛАКАТИМИЗДАГИ ДЕМОГРАФИК ВАЗИЯТГА ТАЪСИР КЎРСАТАДИМИ?

Аҳоли жамият тараққиётида ишлаб чиқарувчи куч ва асосий истеъмолчи сифатида намоён бўлади. Шу муносабат билан инсоният тарихи аҳоли билан боғлиқ бўлган муаммоларни ўрганишни тақозо этади. Аҳоли ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган муаммоларни ўрганувчи фан «демография» деб аталади. «Демография» «демос» — халқ, «графия» — ёзаман сўзларидан олинган бўлиб, аҳоли ҳақидаги ёки аҳолишунослик маъноларини англатади. Демография янги фан эмас, унинг ўрганилаётганига уч юз йилдан ошди.  Аҳолининг ўсиши табиий, иқтисодий, ижтимоий шароитларга, миллий урф-одатлар ва удумларга боғлиқ. Дунё бўйича аҳолининг кўпайиш салмоғи ривожланаётган мамлакатларга туғри келади. Ўзбекистон Республикаси ҳам аҳолиси тез кўпаяётган мамлакатлар қаторига киради. Аҳолининг кўпайиши мамлакат миқёсида ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради. Аммо мамлакатимиз раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимиз аҳолисининг тинч, фаровон турмуш кечиришлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Мамлакатимизнинг демографик сиёсати «мустаҳкам оила, соғлом она ва бола, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишига қаратилган». Биз учун устувор вазифа - бу барча ислоҳотларимизнинг бош йуналиши ва самарадорлигининг пировард натижасини белгилаб берадиган инсон омили ва мезонидир. Бу демографик ва бошқа миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш демакдир». Ўзбекистонда оила жамиятнинг бир бўлаги, мустақил кичик бир «мамлакат» сифатида кўрилади. Айнан оилада авлодлар алмашинуви: туғилиш, ўлиш, никоҳ, ажралиш жараёнлари амалга ошади. Зеро, оила аҳоли ақлий ва жисмоний шаклланишининг дастлабки босқичи ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан оила дахлсизлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63, 64, 65-моддалари билан муҳофаза қилинган. Оиланинг мустаҳкам бўлиши аҳоли ўсишини таъминлабгина қолмасдан, балки ақлий ва жисмоний етук меҳнат ресурсларининг шаклланишига асос бўлади.

Мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ривожланиш даражаси демографик жараёнларга ўз таъсирини кўрсатади. Шу муносабат билан демография фанини иқгисодий, ижтимоий, сиёсий фанларни ўрганаётган мутахассислар, албатта, билишлари керак. Демография статистикаси фанини ишбилармон ва тадбиркор ҳам билиши лозим. Чунки у ўз маҳсулотини кимга, қанча ишлаб чиқаришни режалаштириши керак. Бундай эҳтиёжни ўрганиш учун ахолининг ёши, жинси бўйича ўзгаришларни, оилалар сони ҳамда уларнинг катта-кичиклиги, оиладаги болалар сони, миллий урф-одатлар ва бошқа аҳоли ҳақидаги маълумотларни билиши зарур. АҚШда демографияни ўрганиш тадбиркорлар учун мақсаднинг бошланиши ҳисобланади. Шундай экан, демография статистикаси фанини факат талабалар эмас, ишбилармон ва тадбиркорлар, жамият ривожланиши билан боғлиқ фаолият кўрсатаёган ҳар бир шахс билиши шарт. Фанни ўрганишдан мақсад — демографик жараёнлар ҳақидаги маълумотларни таҳлил килиш, ушбу жараёнлардаги муаммоларни ҳал этиш тадбирларини ишлаб чиқиш, жамиятдаги демографик ҳолатга баҳо бериш ҳамда ижтимоий-иктисодий истиқболни белгилашнинг асоси ҳисобланган демографик прогнозлашдан иборат.

 Маълумки, мамлакатнинг барқарор ва самарали ривожланишига таъсир этувчи омиллардан бири барқарор демографик вазият саналади. Ўзбекистонда аҳолининг табиий кўпайиш суръатлари сўнгги йилларда бироз пасайган бўлишига қарамасдан, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари орасида аҳолининг кўпайиши кўрсаткичи бўйича ҳамон етакчи давлат ҳисобланади. Таҳлилий маълумотларга кўра, республикамиз мустақиллигининг 20 йили (1991-2011 йиллар) мобайнида Ўзбекистон аҳолиси сони 8,9 млн. кишига ошган ҳолда, бу кўрсаткич шу даврда қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистонда 2,2 млн. киши, Туркманистонда 1,2 млн. киши, Қирғизистонда 1,0 млн. киши, Қозоғистонда 0,8 млн. киши ҳамда Озарбайжонда 1,9 млн. кишига тўғри келади. Аксинча МДҲнинг айрим давлатлари, жумладан, Украинада 6,0 млн., Россияда 5,4 млн., Молдовада 0,8 млн., Белоруссияда 0,7 млн. ва Арманистонда 0,3 млн. кишига камайиш ҳолати кузатилган.

Республикамиз аҳолиси сонининг ҳудудлараро тақсимланишида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Маълумотларга кўра ҳозирги даврда энг кўп аҳоли сони Фарғона водийси (Андижон, Фарғона, Наманган) минтақаси (28,6 фоиз) ва Зарафшон водийси (Самарқанд, Навоий, Бухоро) минтақасига (19,8 фоиз) тўғри келади. Қашқадарё ва Сурхондарё воҳалари минтақасига – 17,3 фоиз, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига – 16,5 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига – 11,2 фоиз, Жиззах ва Сирдарё вилоятларига – 6,6 фоиз аҳоли ҳиссаси тўғри келди. Бу вазиятда аҳолини меҳнат билан бандлик даражасини ошириш ва мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида ички ва ташқи меҳнат миграцияси жараёнлари бўйича мақсадли давлат дастурларини тайёрлаш мақсадга мувофиқдир. Ушбу дастурларда мавжуд меҳнат ресурсларини ҳудудлардаги инновацион ривожланиш истиқболларига муносиб қайта тақсимлаш, шу борада ички миграцияга жалб қилинган ёш оилалар учун имтиёзли уй-жой қурилиши ва ҳудудларда янги ижтимоий инфратузилмаларни барпо этишни тақозо этмоқда эди. Айнан 2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда ана шу хайрли ишга қўл урилди.

Республика аҳоли сонидаги сифат жараёнларининг ўзгаришлари бевосита аҳолининг ёш таркиби ўзгаришлари билан боғлиқдир. Ўзбекистон аҳолисининг ҳозирги ёш таркиби XX асрнинг 90-йилларида бошланган туғилиш даражасининг қисқаришига қарамай ёш ҳисобланади. Яъни, 2017 йил 1 январь ҳолатига аҳоли таркибида 30 ёшгача бўлган ёшлар улуши – 56,5 фоиз, 16 ёшгача бўлган болалар улуши – 30,1 фоиз, 16-29 ёшдагилар улуши – 26,4 фоизни ташкил этди. Шунингдек, статистик маълумотлар таҳлили сўнгги йилларда 0-15 ёшдаги аҳоли мутлақ сонининг камаётганлигидан далолат бермоқда (2010 йилда умумий аҳоли сонида 16 ёшгача бўлган болалар улуши – 31,2 фоизни ташкил этган).

2010-2016 йиллар давомида республикада аҳоли таркибида меҳнатга лаёқатли бўлганлар сони 2010 йилда 31,3 фоиздан иборат бўлган бўлса, 2016 йилга келиб – 30,1 фоизга тенг бўлган. Мазкур ҳолат мустақиллик йиллари юртимизда туғилиш кўрсаткичининг камайганлиги билан изоҳланади. Жумладан, 1991 йили республикада туғилишнинг умумий коэффициенти 34,5 фоиздан 2010 йили 23,2 фоизгача камайган. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич янада пасайиш тенденциясига эга. Умуман олганда бундан буён ҳам давлатимиз аҳолиси таркибий жиҳатида ривож топган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 2050 йилга қисқариб боради ва кекса авлод аксинча ҳозирги 10,0-12 фоиздан – 18-22 фоизгача ошиб бориши фараз қилинмоқда.

Бугун биз мисли кўрилмаган воқеаларнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Афтидан, коронавирус (COVID-19) эпидемияси сабабли бутун сайёрамиздаги бўҳрон оқибатида кундалик ҳаёт тўхтаб қолгандек. Пандемия кўплаб соҳалардаги фаолиятни шол қилди, вирус бутун дунё бўйлаб тарқалишда ва минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлишда давом этмоқда.

Жаҳондаги мавҳум ва олдиндан тасаввур этиб бўлмайдиган вазиятни ҳисобга олиб, Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида янги огоҳлантирувчи чораларни қабул қилишига тўғри келди.  Мамлакатимиз ҳудудида беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва мамлакат бўйлаб касаллик тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди. Қарор билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.  

Мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда, айниқса 65 ёшдан юқори ва сурункали касали бор бўлган юртдошларимиз уйидан ташқарига чиқмасликлари ва кўчага чиққанда – шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлишлари тавсия этилди. Барча савдо ва деҳқон бозорларида савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилади.  Кўрилган карантин чораларига кўра, савдо ва кўнгилочар марказлар фаолияти тўхтатилди. Болалар боғчалари, мактаб ва университетлар тиббиёт мутахассислари тавсияларига мувофиқ ёпилди. Касаллик янги тўлқинининг олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 19 март куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, аввало, мамлакатимизда тарқаб улгурган “коронавирус” балосини батамом тугатиш ва жаҳон аренасида кутилаётган инқироз оқибатининг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича олдимизда турган, кечиктириб бўлмайдиган ва ўта муҳим вазифаларимизни белгилаб берди.

Аҳолининг даромад манбаи тушишига сабаб бўлиши кутилаётган коронавирус пандемиясининг тарқалиши ҳам демографик жараёнга салбий таъсир кўрсатиши ва туғилиш даражасига таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки кейинги икки йил ичида дунё миқёсида иқтисодиётнинг 3 фоиз даражасида тушиб кетиши, бу занжир реакциясини келтириб чиқариб, ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган давлатларда тушкунликни келтириб чиқариши мумкин. Аммо Ўзбекистонда бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, пандемия таъсирини камайтиришга қаратилган чоралар кўрилмоқда, мақсад аҳолининг даромадлари ва турмуш даражаси тушиб кетишига йўл қўймасликдан иборат.

 Таъкидлаш керакки, пандемия ва карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, халқимиз тушкунлик ва саросимага тушгани йўқ. Мамлакатимизда фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмади.  Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, “он-лайн” режимда олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, республикамиз ҳудудларида қишлоқ хўжалигида, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттириш мақсад қилиб қўйилди.   Чунки кун кутиб турмайди, ҳаёт давом этмоқда. Бугунги йўқотилган вақт ва имкониятларни эртага тиклаб бўлмайди. Республика ҳудудларида фаолият кўрсатувчи дехқон бозорларида дизенфекцион ҳолатни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча чоралар белгиланмоқда. 34 миллионлик азиз халқимизни боқиш баробарида қанчадан-қанча етиштирган маҳсулотларимизни четга экспорт қилиш вазифалари ҳам турибди. Пандемия шароитида тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан 700 миллион доллар жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Давлатимиз раҳбари бу маблағларни, биринчи навбатда, мева-сабзавотчилик, озиқ-овқат саноати ва экспортни рағбатлантиришга йўналтириш зарурлигини таъкидлади. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 мартдаги фармонига кўра, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилган эди. Мазкур фонддан инфратузилма ва коммунал хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча равишда 3,6 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда эпидемия дунёда тарқалган кундан бошлаб эҳтиёт чораларини кўриши оқибатида вирус кенг миқёсда тарқалмади. Шу сабабли коронавирус мамлакатимиздаги демографик вазиятга сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2007-2016 йилларда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони – 20,7 фоизга, меҳнатга лаёқатли бўлган кекса ёшдаги аҳоли сони эса 55,0 фоизга ортган. Таҳлил натижалари меҳнатга лаёқатли ёшдан катта бўлган аҳолининг меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сонига нисбатан юқори суръатда ўсганлигини кўрсатади. Бу ҳолат бир томондан, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги “демографик тўлдириш” даврида туғилган аҳолининг бугунги кунда кексалар гуруҳи қаторига қўшилиши билан, иккинчи томондан, республика аҳолиси ўртача ёшининг нисбатан ошаётганлиги билан изоҳланади.

Дунё демографларининг прогнозлари қариш жараёни тобора кучайиб боришидан далолат бермоқда. Хусусан, БМТ экспертларининг прогнозларига мувофиқ, 2050 йилга бориб дунёда энг юқори қариш даражаси 72,7 фоизга етиши тахмин қилинмоқда. Аҳолининг кексайиш жараёни мамлакатлар миллий иқтисодиётининг ривожланишига ўзининг салбий таъсирини ўтказади ҳамда бу жараён қуйидаги қатор ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келиши кутилмоқда: Аҳоли ўртасидаги кексалар улушининг ортиши фуқароларнинг иқтисодий фаоллигини пасайтириб боради. Одамнинг ёши қанча катта бўлса уларнинг меҳнат жараёнидаги ҳаракатчанлиги ва маҳсулдорлиги шунчалик пасайиб боради. 

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида аҳолининг қатор демографик кўрсаткичлари — туғилиш, ўлим, табиий ўсиш бир хилда кечмаган. Ўтган даврда бу кўрсаткичларнинг ортиб боришини ҳам, камайиб бориш ҳолатларини ҳам кўриш мумкин.  

 Биринчи навбатда туғилиш, ўлим ва табиий ўсиш кўрсаткичларини таҳлил этадиган бўлсак, мустақилликнинг илк йилидан ҳозирги давргача ўзига хос тенденцияни кузатиш мумкин. Жами туғилганлар сони ва табиий ўсиш кўрсаткичи 1991 йилдан 2003 йилгача деярли бир хил темпда пасайиб келган бўлса, 2004-2010 йилларда сезиларли даражада ортди 2010-2012 йилларда пасайиш кузатилса-да, 2013 йилдан бошлаб аҳоли таркибида туғилганлар сони ўтган йилга нисбатан ортиб бориш суръатига эга бўлди. 

Умуман олганда аҳолининг умумий ўсиш кўрсаткичлари орқали ҳам оилаларнинг катталиги, таркибида ўзгаришлар бўлганини тушуниш қийин эмас. Аммо улардаги ўзгаришларни янада тўлиқроқ таҳлил этиш учун бошқа демографик кўрсаткичларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Булар – туғилишнинг йиғинди коэффициенти, никоҳ ва ажралиш кўрсаткичлари, оналар ва гўдаклар ўлими ва бошқалардир. Туғилишнинг йиғинди коэффициенти — маълум бир авлодга тегишли ҳар бир аёлнинг бутун ҳаёти давомида туққан болаларининг ўртача сонидир. Бунда ўша ёш гуруҳидаги ўлим кўрсаткичлари, ёш таркибидаги ўзгаришлар ҳисобга олинмайди ҳамда ҳар бир ёш гуруҳидаги туғилиш даражаси сақланган ҳолда ҳисобланади. Туғилишнинг йиғинди коэффициенти 4,0 дан юқори бўлса, ёки битта аёлга 4 нафар фарзанд тўғри келса туғилиш даражаси юқори аксинча 2,15 дан паст бўлса туғилиш даражаси паст ҳисобланади. Ўрганилаётган йилларда Ўзбекистонда туғилишнинг йиғинди коэффициенти туғилиш кўрсаткичларига ҳамоҳанг тарзда пасайиб бориш суръатига эга бўлди. Яъни истиқлолнинг илк йилларида бир аёлга тўғри келадиган болалар сони 4 нафардан ошиқ бўлса, ҳозирги даврга келиб у 2,5 дан ошиқни ташкил этади.

  Демографик вазиятга мамлакатимизда 2016 йилдан кейин алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясида демографик жараёнлар ва меҳнат бозорини ривожлантириш истиқболлари ҳам баён этилган. Унга кўра, истиқболда 2009-2010 йилларда бошланган ва бугунги кунгача давом этаётган туғилишнинг юқори даражаси 2020-2030 йилларда камроқ шиддат билан бўлса-да ўз аксини топади. Истиқболда туғилишнинг умумий коэффициенти 1000 кишига 21,7 та туғилишдан 17,1 туғилишгача камаяди.

Натижада прогнозларга кўра ўсишнинг ўртача йиллик суръати 1,3 фоизни ташкил қилган ҳолда доимий аҳолининг ўртача йиллик сони 2018 йилдаги 32,6 млн. кишидан 2030 йилда 38,6 млн. кишига етади. Бунда урбанизация жараёнлари фаоллашиши ҳисобига 2030 йилга келиб республиканинг шаҳар аҳолиси салмоғи 50,8 фоиздан 60,0 фоизгача ошиши кутилмоқда. Прогноз қилинган даврда 2018 йилга нисбатан 16 ёшгача бўлган аҳоли 7,5 фоизга ёки 743,4 минг кишига ошиши кутилмоқда. Меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли 14.4 фоизга ёки 2841 минг кишига кўпаяди, меҳнатга лаёқатли ёшдан катта аҳоли эса 1,6 баравар ёки 2050,3 минг кишига кўпаяди.

Прогноз қилинган даврда миграция кўрсаткичлари ўзгариши кутилмоқда. Агар 2017 йилда миграция умумий коэффициенти минус 0,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2030 йилга келиб прогнозларга кўра бу кўрсаткич минус 0,5% даражасида бўлиши кутилмоқда. Ишчи кучининг хорижий мамлакатларга экспорти меҳнат ресурсларига нисбатан камайиши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, прогноз қилинган даврда аҳолининг аста-секин кексайиши билан боғлиқ қатор хавфлар пайдо бўлиши мумкин. 2030 йилга келиб 65 ёш ва ундан катта аҳоли улуши 8 фоизга етади, энг кўп қиймати эса 7 фоиздан кўп эмас. Аҳолининг ёш таркибидаги жараёнлар билан боғлиқ бу тенденция пенсия тизимига тобора кўпроқ босим ўтказади. Бунинг учун ёши катта кишилар учун тегишли инфратузилмани ривожлантириш муаммоларини ҳал қилиш бўйича олдини олувчи чоралар кўриш талаб этилади.

Аҳолининг 2-3 фарзанддан иборат ўртача миқдордаги фарзандли оила шакллантириш бўйича режаларини қўллаб-қувватлаш, оилани режалаштириш институтини жорий этиш ва ажралиш нисбатини, айниқса ёш оилалар орасида ажралиш нисбатини камайтириш 2030 йилгача прогноз қилинган даврда демографияни ривожлантириш соҳасидаги муҳим вазифалар ҳисобланади.

2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилиниши аҳолишунослик соҳасидаги қатор долзарб муаммоларни ҳал қилиш имконини беради. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари аҳоли шаклланишини чуқурроқ таҳлил қилиш, шунингдек, республикада демография ривожланишини комплекс ва реалистик прогноз қилиш имконини беради.

Прогноз баҳоларга кўра аҳоли сони ошиши натижасида меҳнат ресурсларининг ўртача йиллик сони 2030 йилда 2018 йилга нисбатан 1,15 баравар ошади ва 21,8 млн. кишини ташкил этади, ўртача йиллик ўсиш 1,2 фоизни ташкил этади, меҳнат ресурслари улуши аҳоли умумий сонида 2030 йилда 56,4 фоизни ташкил этади. Бунда миллий иқтисодиётда банд аҳоли сони 2030 йилгача 14,6 млн. кишигача ошиши кутилмоқда, банд аҳолининг ўртача йиллик ўсиши 2,1 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, меҳнат бозори барқарорлигига салбий таъсир кўрсатадиган қатор муаммо ва хавфлар мавжуд: Мамлакатнинг айрим ҳудудларида мутахассислар, айниқса врачлар ва ўқитувчилар тақчиллиги кузатилмоқда. Меҳнат бозорида талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносиблик кўпинча таълим муассасаларининг битирувчилари мутахассислиги бўйича ишга жойлашмаслигига сабаб бўлмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ишсизликнинг юқори даражаси кузатилмоқда, бу ҳам қўшимча иш ўринлари ташкил этишни талаб қилади. Республикада норасмий бандликнинг юқори даражаси сақланиб қолмоқда (қарийб 40%), бу эса мамлакат Давлат бюджети даромадларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли иқтисодиёт тармоқларини малакали мутахассислар билан таъминлаш ва ишчи кучи рақобатбардошлигини ошириш соҳасида 2030 йилгача меҳнат бозори барқарорлиги ва доимийлигини таъминлашга доир давлат сиёсатининг муҳим чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Биринчидан, ишчи кучини ёллаш бўйича иш берувчиларни рағбатлантиришга қаратилган бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ Меҳнат кодексини қайта кўриб чиқиш, иккинчидан, инвестициявий, тармоқ ва бошқа ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, шунингдек, ҳудудларда кластерлар, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари, инновацион технопарклар ташкил этиш амалиётини давом эттириш асосида янги иш ўринларини ташкил этишда тезкор суръатни таъминлаш, учинчидан, самарасиз ишлаб чиқаришлардан бўшаган ишчи кучини янги технологиялардан фойдаланадиган ва юксак унумдорлиги ҳамда рақобатбардошлиги билан ажралиб турадиган янги ташкил этиладиган корхоналарга қисман қайта тақсимлаш, тўртинчидан, асосан меҳнат бозоридаги вазият кескин бўлган ҳудудларда янги корхоналарни аниқ мақсадда жойлаштириш кўзда тутилмоқда.  Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолининг, шу жумладан, қишлоқ жойлардаги аҳолининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлар даромадларига тушадиган солиқ юкини камайтириш орқали меҳнат миграцияси даражасини камайтириш мақсадида қонуний меҳнат фаолияти учун шарт-шароит яратиш, ишчи кучининг ҳудудий мобиллигини ошириш бўйича қатор чора-тадбиларни амалга ошириш, ёшларни, айниқса ишсизлик кўп туманлардаги ёшларни узлуксиз касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш ҳисобига ишчи кучининг рақобатбардошлигини ошириш, аҳолини касбга йўналтириш ва руҳий қўллаб-қувватлашни яхшилаш каби мақсадлар кун тартибига қўйилганки, уларнинг ечими мамлакатимизда демографик аҳволнинг яхшиланишига хизмат қилади.

Матибаев Тошпўлат
социология фанлари доктори, профессор
“Оила” маркази лойиҳаси бош мутахассиси
tashpulat@mail.ru