ТАЛАБА ЁШЛАРНИ ОИЛАВИЙ ҲАЁТГА ТАЙЁРЛАШНИНГ ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК МУАММОЛАРИ

Ёш авлодни ота-боболар ва оналар ўгитлари, турмуш тарзи асосида оилавий ҳаётга тайёрлаш олий таълим тизими олдида турган муҳим ва масъулиятли вазифалардан бири бўлмоғи лозим. Талабалик даври 17-22 [25] ёшни ўз ичига олади. Талабалар деганда моддий ва маънавий ишлаб чиқаришда ижтимоий ҳаётга ва мутахассисликка оид ролларни муайян ҳолда  ва махсус дастур асосида бажаришга тайёрланаётган ижтимоий гуруҳ тушунилади.

Мазкур давр - фуқаролик ва психологик етукликка эришиш жараёни ҳамдир. Чунки бу даврда етук шахсга доир ижтимоий ҳуқуқ ва бурчнинг бутун тизими эгаллаб борилади. Бу даврда ўз-ўзини англашнинг ривожланиши асосида ёшларнинг танлаган касблари ва уни эгаллашга оид шахсий ҳаёт тарзи ҳамда оила ҳақидаги қарашлари шакллана боради.

Аммо, ўспиринлик ёши даври ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бобида энг асосий даврлардан бири бўлсада, бизнинг назаримизда бугунги кунда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ўсмир ва ўспиринлик даври тугаши, яъни умумий ўрта таълим ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими жараёни якунида тўхтаб қолаётгандек туюлади. Ваҳоланки, ёшларнинг кўпчилиги айнан талабалик йилларида ёки унинг якунида оила қурганлиги туфайли ҳам оила-никоҳ муносабатларида, оила аъзолари билан мулоқотда юқори даражадаги маънавий-ахлоқий ва ижтимоий-психологик тайёргарлик, турмуш маданиятига эга бўлишни талаб қилмоқда.

Кузатишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, кўпчилик талаба-ёшлар оилавий муносабатларга киришиш, мустақил ҳаёт кечиришга етарли даражада тайёр эмаслар. Натижада ўз оиласидан четга ўқишга кетган ёш йигит-қиз дастлаб талабалик даврида пайдо бўлган мураккаб вазиятлар, мустақил ҳаёт олдида эсанкираб қолишлари кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар талабаликнинг дастлабки кунларида кайфиятнинг кўтаринкилиги, завқ-шавқ туйғуси ёшларга баланд руҳ берса, кундалик турмуш уринишлари, ўқиш жараёнидаги муайян қонун-қоидалар, қийинчиликлар таъсир этиб, улар  руҳиятида баъзида тушкунлик рўй беришига сабаб бўлиши мумкин. Бу ички ва ташқи омиллар таъсирида талаба руҳиятида ишончсизлик, умидсизлик каби ҳис-туйғуларни пайдо қилиб,  баъзан ёт ғоялар таъсирига берилиши, нотўғри йўлга кириб кетиши мумкин.

17-19 ёшда талабанинг хали ўз хулқи ва хатти-ҳаракатини бошқара олмаганлиги ва ҳаётий тажрибаси етишмаслиги туфайли кўп масалаларда хатоликларга йўл қўйилиши кузатилади. Уларда ўз фаолиятини таҳлил, назорат қилиш, баҳолаш, танқид қилиш каби ҳолатлар етишмайди. Шунинг учун ҳам улар фаолиятида зиддиятлар юзага келади. Лекин аста-секин юқори курсларга ўтган сайин уларнинг ижодий тафаккури, ҳис-туйғулари, ахлоқий хислатлари, ўз-ўзини баҳолаш асосида эътиқоди ҳам шакллана боради.

Шунингдек, никоҳга кириш бўлғуси келин-куёвлардан маълум даражада тайёргарликни талаб қилади. Чунки келин-куёвлар никоҳ олдидан нафақат жисмоний, балки ижтимоий ва руҳий томондан ҳам оилавий ҳаётга тайёр бўлишлари керак. Бунда жисмоний балоғат ёшларнинг физиологик етилганлик ёши бўлса, руҳий балоғат-ақлий ривожланганлик даражаси, ҳиссий ривожланиш, ота-она ҳамда эр-хотин масъулиятини бажара олиши ҳамдир.

Оила барқарорли ёшларнинг ақлий ривожланиш даражасига ҳам боғлиқ бўлади. Зотан, ҳар бир йигит-қиздан ақлий ривожланиш, тафаккур ва интеллектуал қобилият, никоҳга киришнинг моҳияти ва келажакда ўз оиласи олдида масъулиятни ҳис этишини таъминлайди.

Бугунги кунда назаримизда турли ахборот манбалари орқали кириб келаётган европача оилавий ҳаёт тарзи ёшларга салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Шунинг учун ҳам ёш авлодни оилавий ҳаётга тайёрлаш муаммосига Республикамизда мустақиллик йилларида ва айниқса бугунги кунда ҳар томонлама эътибор кучайтирилиб, бунга оила билан бир қаторда мактаб, маҳалла, ўқув юртлари, жамоат ташкилотлари, ҳар бир фуқаронинг масъуллигига эътибор қаратилди ва оила муаммоси давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Республикамизда ўтказилган социологик тадқиқотлар никоҳ ёши бирмунча эрта бошланаётганлигини кўрсатмоқда. Йигит-қизларнинг оилавий ҳаётга жисмоний, маънавий, руҳий, жинсий жиҳатдан тайёр бўлмаганликлари оилавий ҳаётда қуйидаги салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда:

  • ажралишлар кўпаймоқда;
  • аёлларнинг фарзанд кўришида оралиқ вақтнинг қисқариши юз бермоқда;
  • 17-20 ёшгача бўлган аёллар саломатлиги ёмонлашмоқда;
  • оила қуриш имкониятларининг пасайишига олиб келмоқда;
  • эрта оила қуриш ёки кеч оила қуриш ҳолатлари оилавий ҳаётнинг барқарорлигига таъсир этмоқда ва ҳ.к.

Бунинг учун эса ёшларни (оилавий ҳаётга тайёрлаш улар ҳаётининг дастлабки йилларидан бошланиши зарур) оилавий ҳаётга тайёрлашда, аввало оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини шакллантириш зарур деб ўйлаймиз.

Тадқиқотлардан маълум бўладики, йигит-қизларда оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурлар бу соҳадаги ахборотлар етишмаслиги туфайли тўла шаклланмаяп-ти. Буни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот Маркази томонидан ёшларнинг, айниқса йигитларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва тасаввурларини ўрганиш бўйича дастлабки натижалар ҳам кўрсатиб турибди.

Кузатишларимиздан маълум бўлшича, ижтимоий етуклик талабаларни ҳам ақлий қобилиятга, ҳам ижтимоий ҳаётда бажариладиган турли фаолиятга: оила қуриш, фарзанд тарбияси, ижтимоий фойдали меҳнатда қатнашишга тайёрлайди. Бунда талабалар ижтимоий ҳаётга оид маълумотга эга бўлишлари, меҳнат қилиш малакасини эгаллашлари, етук мутахассис сифатида шаклланишлари, ота-оналик бурчини ҳис этишлари, маълум ижтимоий гуруҳга раҳбарлик қила олишларига тайёр бўлиб борадилар. Бундай ёшлар оила қурганда оила аъзолари билан муомала-муносабатда уларга инъом этган бахтли оилавий ҳаётдан, жамият ҳаётида ижодий, фаол иштирок этаётганлигидан қониқиш ҳосил қилади.

Шунинг учун ҳам бундай шароитда олий ўқув юртларида ҳам ёшларнинг ижтимоий ҳаракатига кўпроқ эътибор бериш керак. Чунки, бугунги талаба эртага оила раҳбари ёки унинг аъзосидир. Бу соҳадаги муаммоларни ҳал этишда қуйидагиларга асосий эътиборни қаратиш лозим:

  1. Ҳар иккала-қиз ва йигит оилаларининг мувофиқлигига эришиш: моддий; маънавий; жинсий ва жисмоний соғломлиги; ёшидаги фарқи.
  2. Ёшларнинг маънавий-ахлоқий шаклланганлиги ва муомала одобига риоя этиш кўникмаларини таркиб топтириш. Бунда оилада ҳар иккала жинсга мансуб шахслар билан муносабатлар меъёрларига риоя этиш, дўстлик, ота-онага, катталарга ҳурмат, кичикларга ғамхўрлик, болалар тарбиясига эътибор ва бунда эҳтиёж, масъулият, садоқат, олижаноблик, инсонийлик, оила-никоҳ муносабатларини эъзозлаш ва қадрлаш, оилада бурч масъулияти ва ҳоказоларга тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.
  3. Ёшларни ҳуқуқий жиҳатдан оилавий ҳаётга тайёрлаш йўналишида уларни «Оила кодекси» ва «Никоҳ тўғрисида»ги Қонун асослари, оила аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари қоидаларини билиши, эр-хотиннинг ўзаро, фарзандлари, жамиятга нисбатан масъулият ҳиссини англаб етишга тайёрлашдан иборатдир.
  4. Ёшларни оилавий ҳаётга психологик жиҳатдан тайёрлаш. Бундауларнинг оилада ривожланганлик даражаси, оила аъзоларининг руҳияти ва ўзаро муносабатлари психологиясини шакллантиришга тайёрлаш назарда тутилади.
  5. Жисмоний-гигиеник тайёргарлик. Бу йўналиш ҳам муҳим бўлиб, оила аъзоларининг жинсий, гигиеник тайёргарлиги, интим муносабатлар, кун тартиби, ҳар бир оила аъзосининг саломатлигидаги ўзгаришларни кузатиб бориш ва ёрдам беришга тайёрлайди.
  6. Педагогик йўналиш бўлиб, бунда ота-оналарни фарзанд тарбияси соҳасидаги педагогик билимлар билан қуроллантириш, уларнинг педагогик маданиятини оширишга эришилади.
  7. Ёшларни оилавий ҳаётга эстетик муносабатини шакллантириш.
  8. Ёшларни хўжалик иқтисодини юритишга тайёрлаш. Бунда уларда оила бюджети ва хўжалиги ҳақидаги тасаввурларни бойитиш, уни юритишга оид малака ва кўникмалар ҳосил қилиниши лозим.

 

ФАРЗАНД ҚАЛБИГА ЙЎЛ-ТАРБИЯДИР

Каримова Инобат -“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бош мутахассиси

“Оиланг билан бахтли бўлсанг, сен бахтлиман дейишга ҳақлисан”. Ш.Мирзиёев.

Фарзанд тарбияси хали бола дунёга келмасданоқ бошланиши зарур. Фарзандларини билимли, оқил, меҳнатсевар қилиб тарбиялашни истаган ота энг аввало унинг учун инсофли, тарбияли, билимли, гўзал хулқли она танлаб олиши керак. Бу ҳаракат бола тарбиясига қўйилган илк қадамдир.

Фарзандлар тарбияси ниҳоятда эрта бошланмоғи шарт. Оилада болани тарбиялаш ота – онанинг асосий мақсади ва вазифасидир.

Фарзанд тарбияси доимо долзарб вазифа бўлиб қолган, биз буни буюк алломаларимиз фикрларини ўрганиш жараёнида  ҳам гувоҳ бўламиз.

Буюк алломаларимизнинг  қуйидаги фикрлари ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаса керак.

Ибн Сино - болада ахлоқий хусусиятларни меҳнат, жисмоний ақлий тарбия билан узвий бирликда шакллантириш зарурлиги.

 Юсуф Хос Хожиб - фарзандлар тарбияси ниҳоятда эрта бошланмоғи шарт. Шундагина уларнинг ноўрин хатти – ҳаракатларига берилишининг олди олинади.

Мирзо Улуғбек - боланинг билим олишига бўлган қизиқиш, хавасини оширишда у тарбияланаётган муҳит муҳим ўринни эгаллайди.

Алишер Навоий - боланинг вояга етишида, камол топишида тарбиянинг кучи ва қудратига алоҳида эътибор беради.

Воиз Ал – Кошифий - бола тўғри сўзли, ваъдага вафодор, яхши хулқли қилиб тарбияланиши керак.

Жалолиддин Давоний - бола тарбиясида ота ҳам, она ҳам тенг ҳуқуқли, тенг иштирок этиши керак.

Муслихиддин Сади Шерозий - оила, боланинг бахти, келажаги учун замин яратувчидир. Оилада асосий таянч отадир. У маъсулиятли тарбиячидир. Ота ўз болаларини тарбиялаши, ўқитиши, ҳунарга ўргатиши, жисмонан чиниқтириши керак.

Бердақ - оила мухитида ота – оналар билан болалар ўртасида ўзаро ҳурмат бўлгандагина тарбия яхши натижаларга эришиши мумкинлигини айтади.

Ҳадислардан бирида: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”,- деб айтилган.

Доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи борки: “Фарзанд азиз, тарбияси эса унданда азиз”.

Бугунги кунда фарзанд тарбияси оталарнинг олдидаги вазифалари нималардан иборат бўлиши керак.

Фарзандини шахс сифатида камол топишида ота ҳар бир ишни донолик ва хушерлик билан амалга ошириши, сабрли бўлиши керак. Миллий қадриятларни унутмай оиласига, фарзандига меҳр-муҳаббат билан яшаши керак.

Тарбия ота-онанинг изланиши ва мехнатининг самараси. Фарзандларимиз биз кутгандек инсон бўлиши учун, аввало тарбияни ўзимиздан бошлашимиз керак.

Қашқадарё вилоятида ота-оналар ўртасида фарзанд тарбиясига оид сўровнома ўтказилган эди. Фарзандингиз тарбияси билан оилада ким шуғулланади  деган  саволга  сўровномада қатнашган  респондентларнинг 75%дан ортиғи  оилада  фарзанд тарбияси билан она шуғулланишини, 17 % и  бувилар шуғулланиши билдирган эди.

Худди шунингдек  фарзандингизга  қачон охирги марта китоб совға  қилдингиз деган саволга 1.5-2.0 фоиз оталар фарзанди учун  китоб сотиб олганлигини билдирган, аксарияти фарзандига  китоб сотиб олиш билан оналар шуғулланишини билдирган.

Фарзандингизга бир кунда қанча вақт ажратасиз деган саволларга жуда кўпчилик жавоб беришга  қийналган.

“Ёшлар” телеканали орқали ота-оналар, бобо-бувилар ўртасида  ўтказилган сўров ҳам  ҳар биримизни ўйлашга, фикрлашга, фарзандимиз тарбиясига ниҳоятда  катта  эътибор қаратишимиз лозимлиги эслатди. Кўчада  тўхтатиб савол берилди. Қачон фарзандларингиз билан музейга  бордингиз? Сўров ўтказилган респондентларни 90 фоизи қачон фарзандлари билан музейга борганликларини  эслолмади. 

Оталар фарзанд тарбиясида эътибор каратиши керак булган хусусиятлар қуйидагиларданг иборат бўлиши керак:

  • Фарзандларига муносиб исм қуйишлари; 
  • Ҳар бир ишга ўзлари ўрнак бўлишлари;
  • Фарзандлари учун вақт ажратишлари ва ўз меҳрларини кўрсатиб боришлари;
  • Фарзандларини ўзига бўлган ишончини оширишлари;
  • Фарзандлари фикрини тинглаш ва эътиборли бўлишлари;
  • Фарзандлари қобилияти иқтидорини, қизиқишини кўра билиш, тўғри йуналтиришлари;
  • Фарзандлари ишончини оқлаш. Берилган ваъдани албатта бажариш лозимлиги;
  • Меҳнатсевар қилиб тарбиялашлари;
  • Барча уй-юмушларини, тозалаш, уй таъмирлаш, овқат қилиш, бозор қилишни ўргатишлари;
  • Фарзандлар қалбида ҳалоллик  ва покликни шакллантиришлари;
  • Фарзандларни билим олишга, тил ўрганишга, китоб ўқишга қизиқтиришлари;
  • Фарзандлари олдида ёлғон гапирмаслик, ғийбат қилмасликлари;
  • Улар олдида ўзгаларни камситиш, ҳақоратлаш, жанжалларга йўл қуймасликлари;
  • Фарзандлари билан дўст бўлишлари;
  • Фарзандлари онгига “Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат” руҳини сингдиришлари;
  • Оиладаги катталар боболар ва бувиларни ҳурмат қилишга ўргатишлари;
  • Оиладаги тарихий мерос, ота-боболардан ўтиб келаётган анъаналарни сақлашга ўргатишлари;
  • Энг асосийси оила, маҳаллани, Ватанни севишга ўргатишлари, бу борада ўзлари намуна бўлишлари керак.

 

Умаров Б.М., психология фанлари доктори, профессор. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бўлими бошлиғи