МЕДИАЦИЯ НИЗОЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШНИНГ МУҚОБИЛ УСЛУБИ СИФАТИДА

Моҳира Холиқова,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
 “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази
Махсус ўқув курслари раҳбари, PhD, доцент

  

Audiatur et altera pars
(Пусть и другая сторона будет услышана)

Қадимги юнон афоризми

 

XXI аср кўникмалари йўлида ҳамкорлик ташкилоти (Partnership for 21st Century Skills) томонидан  XXI асрда инсониятнинг барча соҳада муваффақиятли фаолияти учун зарур бўлган кўникмалар қаторида қуйидаги ижтимоий компетенциялар санаб ўтилган:

  • Пешқадамлик кўникмалари;
  • Шахслараро ва муаммоларни ҳал қилиш кўникмалари ёрдамида бошқаларга таъсир кўрсатиш ва уларни мақсад сари йўналтириш;
  • Бошқалар билан тегишли ва маҳсулдор тарзда ишлаш;
  • Гуруҳларнинг жамоавий ақлий қобилиятидан зарур ҳолларда фойдаланиш;
  • Янгилик киритиш ва иш сифатини ошириш мақсадида маданиятлар орасидаги тафовутни бартараф этиш ва турлича нуқтаи назарлардан фойдаланиш;
  • Толерантлик.

 

Ушбу муҳим компетенциялар қаторидан юзага келган низони тарафларнинг ўзаро розилиги асосида учинчи шахс кўмагида ҳал қилиш усули - медиация (лотинча “medium”, яъни “воситачи” сўзидан олинган). Медиация институти қадим тарихга эга. Шумерлар давлати, Юнонистон, Ҳиндистон, Римда баҳс-мунозараларни ҳал қилиш учун воситачилик технологиясидан фойдаланилган.

Замонавий кўринишдаги медиация XX асрнинг ўрталарида АҚШ, Буюк Британияда таркиб топган.

Бугунги кунда медиация низоларни ҳал этишнинг энг кенг тарқалган альтернатив усули ҳисобланади. Ҳозирги пайтда у фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида деярли барча ривожланган давлатлар амалиётида қўлланади.

БМТ халқаро савдо ҳуқуқи бўйича махсус Комиссияси томонидан    коммерция соҳасида низоларни бартараф этиш мақсадида медиация бўйича  намунавий қонун ишлаб чиқилган.

Европа Иттифоқида медиаторларнинг фаолиятини тартибга солувчи бир қатор меъёрий ҳужжатлар мавжуд.

30дан ортиқ Европа ташкилотлари экспертлари томонидан медиаторлар хулқининг Европа кодекси ишлаб чиқилиб, қабул қилинган (European Code of Conduct for Mediators).

Ундан ташқари 2008 йилдан “Медиациянинг айрим аспектлари бўйича Европа директиваси” амал қилади.

Ғарб давлатларида медиацияга иккита ёндашувни кузатиш мумкин:

  • Судья томонларга медиатор ҳизматига мурожаат қилишни таклиф қилади (АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Канада, Германия);
  • Мажбурий медиация, яъни судгача низоларни бартараф этишнинг медиатив усулининг мажбурийлиги (Япония, Аргентина).

Хусусан, АҚШда низоларни ҳал қилишнинг миллий институти ташкил этилган ва у медиациянинг янги усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Буюк Британияда бетараф воситачилар иштирокида яраштириш тартиби ҳамда махсус телефон хизмати ҳам мавжуд. Германияда медиация институти адлия тизими таркибида фаолият олиб боради. Медиаторларнинг бевосита судларда иш олиб бориши потенциал судлашувлар сонини  камайтиришга ҳизмат қилади. 2010 йилда Россияда «Учинчи шахслар иштирокида низоларни ҳал этишнинг муқобил жараёнларини тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. 2011 йилда Қозоғистон Республикасида «Медиация тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Шунингдек, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Корея, Ҳиндистон каби мамлакатларда медиация институти ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

Чет давлатларнинг ижобий тажрибаси Ўзбекистонда фуқароларни ва ташкилотларни қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини оширишга ҳизмат қиладиган низоларни бартараф этишнинг муқобил усули сифатида медиацияни татбиқ этиш ва ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр юритишга имкон беради.

Эндиликда медиация институти Ўзбекистоннинг миллий қонунчилик тизимидан муносиб ўрин олди. Ўзбекистон Республикасининг "Медиация тўғрисида"ги қонуни 2018 йилнинг 12 июнида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди ва 2019 йилнинг 1 январидан кучга кирди.

Унинг мақсади  – мамлакатимизда низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, низолашувчи тарафларнинг низоларини мустақил, ўзаро фойдали шартлар асосида ҳал этиш имкониятини топишга кўмаклашишдан иборат.

Медиация жараёнининг асосий тамойилларига қуйидагилар киради:

конфиденциаллик (махфийлик);

ихтиёрийлик;

шаффофлик;

тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги;

медиаторнинг мустақиллиги, холислиги ва бетарафлиги;

ўзаро ҳурмат.

Медиацияни амалга ошириш натижасида тарафлар низони бартараф этиш бўйича умумий фикрга келган тақдирда, улар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади. Медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этиши мумкин.

Медиация келишувга асосланган жараён бўлиб, унда низо томонлари ихтиёрий равишда бетараф учинчи шахс ёрдамида низони тартибга солиш имконини берадиган консенсусни топишга интилади. Бетараф учинчи шахс – медиатор судья эмас ва келиб чиққан низо юзасидан ҳеч қандай мустақил қарор қабул қилмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оила институтини мустаҳкамлашнинг яна бир ҳуқуқий кафолати бўлиб ҳизмат қилади.