КАТТАЛАР ТАЪЛИМИНИНГ МУҲИМ ИМПЕРАТИВЛАРИ

Цивилизациянинг буюк вазифаси
 одамни фикрлашга ўргатишдир.
 Томас Эдисон

Барча манфаатлар ичида энг гўзали
 яхши тарбия олган инсондир.
 Эпиктет

 

Постмодернистик жамиятга хос бўлган ишлаб чиқаришнинг кескин ўсиши, глобаллашув, юқори суръатларда ахборот алмашинуви,  интеллектуал технологиялар, ахлоқий қадриятларни қайта кўриб чиқишга интилиш, сиёсий, маънавий ва экологик хатарлар – учинчи мингйилликнинг ушбу концептуал воқелиги жамият, оила ва шахс олдига янги вазифаларни қўйди, хусусан, тарбия методологиясини қайта кўриб чиқишни, таълим парадигмасини ўзгартиришни, янгича эстетик дунёқарашни шакллантиришни тақозо этди.

Бугун инсоният тафаккурида технократик ёндашув яққол кўзга ташланмоқда. Урбанизация, табиатга антропоморф таъсирлар оқибатида Ерда йирик сиёсий, иқтисодий, экологик муаммолар юзага чиқди. Шу билан бирга маънавий хатарлар — альтруизм, гуманизм туйғуларининг камайиши, шахслараро муносабатларда толерантликнинг сусайгани, ижтимоий интеллектнинг йўқола бошлагани тилга олинмоқда.  

Буларнинг барчаси гуманистик ғояларни ҳимоя этиш, эзгулик, инсонпарварликка таяниб яшаш, социал интеллект, ўз ҳатти-ҳаракати ва қарорлари учун жавобгарлик ҳиссини шакллантириш вазифасини қўйди. Шу муносабат билан Томмазо Кампанелла, Алишер Навоий, Владимир Бехтерев, Абрахам Маслоу, Кен Робинсоннинг умумпланетар аҳамиятга молик муаммоларга эътибор, инсон камолоти, шахс экологияси ҳақидаги гуманистик қарашлари долзарб жаранглайди.

          Жамият ривожининг ҳозирги босқичида креатив, ностандарт фикрлайдиган, ўз соҳасида янги усулларни таклиф қила оладиган профессионал мутахассисларга эҳтиёж тобора ортмоқда.

Муаммонинг ечими шахсий имкониятларни муттасил ривожлантириш, демократик давлатда ва фуқаролик жамиятида яшаш кўникмаларини эгаллаш, касбий малака ва компетенцияларни шакллантириш масаласига бориб тақалади. «Lifelong learning», яъни “умр давомида таълим олиш” концепциясининг  пайдо бўлгани бежиз эмас. Бугунги кунда мавжуд барча таълим дастурларини ушбу концептуал ғоя ва тамойиллар асосида  қайта  кўриб  чиқишга эҳтиёж бор.

         Тараққиёт  мутахассисларнинг касбий компетенцияларини ошириш, уларни профессионал фаолиятда мавжуд илғор ғоялар, технологиялар ҳамда сиёсий-ижтимои, маънавий-аҳлоқий билимлар билан таништиришга ҳизмат қиладиган тизим – андрагогика  - катталар таълими олдига ҳам янги талабларни қўймоқда.

         Андрагогикада таълим сифатини оширишда қуйидаги унсурлар муҳим  роль  ўйнайди:

-        Таълимнинг янгича парадигмасини  яхши англаган,  гуманистик ғояларга таянувчи, илмий салоҳиятли, фасилитация, модерация, тьюторлик, коучинг асосларини пухта ўзлаштирган  тренерлар;

-        Замонавий талабларга жавоб берадиган моддий-техник база, кенг турдаги мультимедиа воситалари, илмий-методик адабиёт, интерфаол машғулотлар ўтказиш учун қулай ва комфорт ўқув хоналари;

-        Соҳанинг концептуал мақсадларига йўналтирилган, илмий асосланган, мутахассисларнинг касбий арсеналини бойитадиган, зарур билим, кўникма ва малакаларни эгаллашга ҳизмат қиладиган  ўқув дастурлари.

 

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5325-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида”ги  230-сон қарори ҳамда қарор билан тасдиқланган Низом асосида «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида махсус ўқув курслари ташкил этилди ва самарали фаолият олиб бормоқда.

Қуйидагилар махсус ўқув курсларининг асосий вазифалари этиб белгиланган:

      ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш;

      оила институтини мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш;

      оилада эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги шахслараро муносабатлар;

      «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш;

      бой маданий тарихий мерос ва маънавий-ахлоқий қадриятларни ўрганиш;

      оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро тажрибани ўрганиш;

      оила институтини ривожлантириш ва унинг замонавий шаклини жорий этиш.

 

Махсус ўқув курсларида 3 тоифа йўналишида  ходимларининг малакаси оширилмоқда;

      «Оила» маркази мутахассислари;

      Хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари;

      Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимлари.

Шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида фаолият юритаётган бошқа ташкилотлар мутахассисларнинг малакасини ошириш тавсиявий характерга эгалиги белгиланган.

Махсус ўқув курсларида ўқув жараёни «Оила» маркази томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув дастурлари асосида амалга оширилиб келинади.

Соҳадаги раҳбар кадрларнинг сиёсий билим ва компетенцияларини ошириш мақсадида жорий йилнинг 14-15 февраль кунлари Боровский номли тиббиёт коллежи биносида махсус курс раҳбарлари учун, 21-23 февраль кунлари “Пойтахт” бизнес-комплексида вилоят бошқарма бошлиқлари учун семинар-тренинг ташкил қилинди.

Ушбу семинар-тренингларда марказий аппарат ходимлари ва соҳа экспертлари томонидан сиёсий, ҳуқуқий, маънавий билимлар, социологик  тадқиқотлар олиб бориш кўникмалари ва бошқа йўналишларда маърузалар ва презентациялар қилинди.

Ўқув машғулотлари интерфаол шаклда (ақлий ҳужум, кейс, лойиҳалаш технологияси. кичик гуруҳларда ишлаш) олиб борилди.

Тингловчиларнинг фикр ва таклифлари ўрганилди (фидбэк) ва таҳлил қилинди.

Ҳудудий бошқарма бошлиқлари ва махсус курс раҳбарлари ўртасида ўтказилган анкета таҳлиллари натижасида соҳа мутахассисларининг қуйидаги йўналишларда  билимларга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди:

      Ижтимоий ҳамкорлик;

      АКТни бошқарувга татбиқ этиш масалалари;

      Time-менежмент;

      Бошқарувда оптимал қарорлар қабул қилиш технологияси;

      Стратегик режалаштириш;

      Мониторинг таҳлиллар ва социологик тадқиқотлар олиб бориш кўникмалари;

      Меҳнат қонунчилиги масалалари, кадрлар билан ишлаш, кадрлар заҳирасини шакллантириш;

      PR-менежмент;

      HR-менежмент;

      Раҳбарнинг муомала маданияти;

      Илмий тадқиқотлар олиб бориш кўникмалари.

2019 йилнинг март-апрель ойларида марказнинг 200 нафар туман(шаҳар) бўлимлари раҳбарлари учун 48 соатлик дастур асосида 4 босқичлик семинар-тренинг ташкил қилинди.

Семинар-тренинг ўқув дастури “Оила” ИАТМнинг концептуал мақсад ва вазифаларини амалга ошириш масалаларига оид жуда кенг муаммоларни қамраб олди:

      “Ижтимоий ҳамкорлик” тушунчаси. Марказнинг ҳамкор ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорлик соҳасидаги олиб бораётган фаолияти. Оила масалаларида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик. Ўзбекистон Республикаси “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни асосида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масалалари;

      Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар Стратегиясининг устувор йўналишлари. Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий сиёсат масалалари: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси;

      Ўзбекистонда оила, оналик ва болаликни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари: миллий ва халқаро тажриба. Оилада ҳуқуқий муносабатларнинг келиб чиқиши ва химояси. Оиладаги хуқуқий низоларни ечиш йўллари;

      “Оила”  ИАТМ томонидан амалга оширилаётган илмий, амалий ва инновацион фундаментал тадқиқотлар самарадорлиги, уларнинг амалиётга татбиқ этилиши масалалари

      “Ўзбекистонда оилани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришниг устувор йўналишларини тадқиқ этиш” мавзуидаги инновацион лойиҳа асосида олиб борилаётган ишлар. “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципи ҳамда  “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Фаровон оила – жамият равнақи асоси” ғояларини амалиётга татбиқ этиш ва тарғиботи масалалари;

      PR-технологиялар. “Оила” ИАТМ имиджини шакллантиришнинг илмий-услубий асослари. Марказ фаолиятини ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш имкониятлари;

      XXI асрнинг демографик тенденциялари. Демографик қонуниятлар. Ижтимоий демография. Оила институтининг ижтимоий аҳамияти. Оиланинг ижтимоий функциялари. Оилага таъсир кўрсатадиган ижтимоий, иқтисодий, аҳлоқий ва  социомаданий омиллар;

      Репродуктив саломатлик. Репродуктив саломатликка  салбий таъсир кўрсатувчи омиллар. Оилани режалаштириш. Контрацепция. Исталмаган ҳомиладорликни олдини олишда шифокор маслаҳатлари.

      Репродуктив ҳуқуқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг репродуктив саломатлик буйича асосий тамойиллари. Перинатал ёшдаги аёллар саломатлигини сақлаш масалалари. Ўсмирлар репродуктив саломатлиги. Аёллар ва қизларни соғломлаштириш чора-тадбирлари;

      Никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти ва уни мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш. Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, туғма нуқсонлар билан болалар туғилишининг олдини олишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ягона ёндашув;

      “Соғлом турмуш тарзи” тушунчаси. Соғлом турмуш тарзини аҳоли орасида шакллантиришнинг замонавий йўналишлари;

      “Патронаж ҳизмати” тушунчаси. Ўзбекистонда тиббий-ижтимоий патронаж тизими. Оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишда патронаж ҳизматининг аҳамияти;

      “Ижтимоий ҳизмат” ва муҳим компонентлари. Ижтимоий ҳизматнинг ҳуқуқий асослари. Оила институтини мустаҳкамлашда ижтимоий хизматнинг ўрни. Оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолган оилалар билан ишлаш амалиёти;

      “Супервизия” тушунчаси. Супервизия менежменти. Ижтимоий ҳизматда супервизиянинг аҳамияти. Супервизиянинг ривожланиш имкониятлари;

      “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3827-сон Қарори мазмун-моҳияти. Оилавий ва шахслараро муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш. Фуқароларнинг, ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, оилавий-маиший зўрлик, уларни бартараф этишда  жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари;

      Мамлакатнинг инновацион ривожланишида аҳборот-коммуникация технологияларининг ўрни. Иш фаолиятига АКТни татбиқ этиш имкониятлари. Фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришда аҳборот-ҳуқуқий порталдан фойдаланиш амалиёти. Давлат ташкилотлари фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари электрон миллий базасидан фойдаланиш ( “LexUz”, www.norma.uz ва б.);

      АКТ ва Интернет тармоғининг оила мустаҳкамлигига ва ривожига таъсирини ўрганиш, оилавий қадриятлар тарғиботи ва салбий ижтимоий ҳолатлар профилактикасида АКТдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

      Ёшларни маънавий таҳдидлар ва ёт ғоялар - диний ақидапарастлик, терроризм, экстремизм, оммавий маданият таъсиридан ҳимоя қилиш, ахборот хуружларига қарши маънавий иммунитетни шакллантириш масалалари. “Аҳборот ҳавфсизлиги” тушунчаси ва оилада соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда унинг аҳамияти;

      Тизимда мониторинг таҳлиллар олиб бориш амалиётини ривожлантириш масалалари. Оиланинг ижтимоий-иқтисодий диагностикаси ва мониторинги. Оилаларни ижтимоий-демографик ҳолатини индексли баҳолаш. Ижтимоий-демографик ҳолатга оид (нотинч ва муаммоли оилалар ва б.) статистик кўрсаткичларнинг электрон базасини шакллантириш технологияси;

      Оила институтини мустаҳкамлашда маънавий-аҳлоқий ва миллий қадриятларнинг  ўрни. Шахс маънавий-аҳлоқий камолотида оиланинг роли. Исломда оила, никоҳ ва бошқа ижтимоий масалаларнинг ифодаси;

      Марказ концептуал мақсад ва вазифаларининг тарғиботини олиб боришда нотиқлик маҳоратининг аҳамияти. Риторика асослари. Раҳбарнинг муомала маданияти. Жамоада соғлом маънавий муҳит яратиш технологияси.

Ушбу семинар-тренинг марказнинг давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Семинар-тренингга эксперт сифатида Марказий аппаратнинг барча бўлим раҳбарлари ва мутахассисларидан ташқари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши кураш Бош бошқармаси, Репродуктив саломатлик маркази, Ислом академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги экспертлари ва тадқиқотчилари таклиф этилди.

Барча соҳада бўлгани каби “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази тизимида фаолиятни тўғри йўлга қўйиш менежментни – бошқаришни тубдан ўзгартиришни тақозо этади.

Ўз вақтида ва тўғри қарор қабул қила оладиган, адолатпарвар, тизим тақдири учун масъулиятни ҳис этадиган, инсонларни  эргаштира оладиган, ресурсларни (молиявий, кадрлар, технологиялар) тўғри тақсимлай оладиган,  қатъиятли, кучли интуицияга эга, шижоатли, мулоҳазакор, нотиқ, ташаббус кўрсата оладиган харизматик лидерларни шакллантириш масаласи ўта муҳим.

Шунинг учун раҳбар кадрлар учун ўқувларда менежмент асослари, тизимли таҳлил, раҳбарнинг сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий билимлари масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

2018 йил давомида махсус ўқув курсларида 3500дан ортиқ мутахассислар таҳсил олиб, ўз билими ва касбий компетенциясини оширдилар.

2019 йилнинг дастлабки 3 ойида жами 228 нафар вилоят ва туман(шаҳар) раҳбарлари, 2728 нафар мутахассислар малака оширдилар.

 

Маълумки, иш сифатини оширишда чет мамлакатларнинг  илғор тажрибаларини ўрганиб бориш долзарб масала. 

Тизимда фаолият олиб борувчи раҳбар ва мутахассислар ҳам халқаро, ҳудудий семинар-тренингларда иштирок этиб, замонавий билимларни ўзлаштирмоқдалар. Бунинг маҳсули ўлароқ мутахассисларда фаолиятни инновацион асосларда ташкил этиш бўйича яхлит картина шаклланяпти.

Мисол тариқасида, Болгариянинг София университети профессори Татьяна Дронзина иштирокида “Медиация асослари”га бағишланган семинар-тренингни, Германия давлатидан ташриф буюрган социологик тадқиқотлар ўтказиш соҳасида эксперт Юрген Веймзер иштирокидаги мастер-классларни келтириш мумкин.

Шунингдек, ижтимоий ҳамкорлик асосида ЮНИСЕФ, DVV international каби халқаро ташкилотлар билан раҳбар ва кадрларнинг касбий компетенцияларини ошириш масаласида доимий ҳамкорлик ўрнатилган.

Махсус ўқув курсларида таълим сифатини оширишнинг истиқболларига доир ушбу таклифларни илгари суриш мумкин:

  1. Таълим жараёнини барқарор ривожланиш, XXI аср кўникмалари тамойиллари асосида ташкил этиш;
  2. IT-технологиялар, инновациялар билан чуқурроқ танишиб бориш, web 2.0. имкониятларидан, интернет-ресурслардан самарали фойдаланиш;
  3. Мутахассисларнинг илмий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий билимларни бойитиш, касбий компетенциясини ошириш мақсадида коучинг, мастер-класс, вебинар, онлайн-конференция каби таълимнинг инновацион шаклларини йўлга қўйиш;
  4. Таълим соҳасида халқаро фондлар, муассасалар билан ҳамкорлик қилиш, чет мамлакатларнинг илғор иш тажрибаларини ўрганиш;
  5. Тизимда корпоратив бошқарув, менежментни тубдан яхшилаш, соғлом ижодий рақобатни йўлга қўйиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш.

 

Моҳира ХОЛИҚОВА,
“Оила” ИАТМ Марказий аппарати
Махсус ўқув курслари фаолиятини
мувофиқлаштириш бўйича координатори,
PhD,  доцент