«Lifelong learning» Таълим парадигмаси аспектида андрагогик таълимнинг муҳим императивлари

  

Цивилизациянинг буюк вазифаси

одамни фикрлашга ўргатишдир.

 Томас Эдисон

Барча манфаатлар ичида энг гўзали

 яхши тарбия олган инсондир.

Эпиктет

 

Глобаллашув, постмодернистик жамиятга хос бўлган ишлаб чиқаришнинг кескин ўсиши, юқори суръатларда ахборот алмашинуви, интеллектуал технологиялар, маънавий-ахлоқий қадриятларни қайта кўриб чиқишга интилиш, сиёсий ва экологик хатарлар – учинчи мингйилликнинг ушбу концептуал воқелиги жамият ҳамда таълим олдига янги вазифаларни қўйди, хусусан, таълим-тарбия методологиясини қайта кўриб чиқишни, таълим парадигмасини ўзгартиришни, янгича эстетик дунёқарашни шакллантиришни тақозо этди.

Бугун инсоният тафаккурида технократик ёндашув яққол кўзга ташланмоқда. Урбанизация, табиатга антропоморф таъсирлар оқибатида Ерда йирик сиёсий, иқтисодий, экологик муаммолар юзага чиқди. Шу билан бирга маънавий ҳатарлар - альтруизм, гуманизм, толерантлик туйғуларининг сусайгани, ижтимоий интеллектнинг йўқола бошлагани тилга олинмоқда.  

Буларнинг барчаси таълим-тарбияда устувор этиб гуманистик ғояларни ҳимоя этиш, эзгулик, инсонпарварликка таяниб яшаш, социал интеллект, экологик маданият, ўз ҳатти-ҳаракати ва қарорлари учун жавобгарлик ҳиссини шакллантириш, муттасил билим, кўникма ва малакаларни ривожлантириш вазифасини қўйди. Шу муносабат билан Малкольм Ноулз, Владимир Бехтерев, Абрахам Маслоу, Кен Робинсоннинг умумпланетар аҳамиятга молик муаммоларга эътибор, инсон экологияси, умр давомида таълим олиш ҳақидаги гуманистик қарашлари долзарб жаранглайди.

XXI аср технологиялари инсон онгини ва яшаш тарзини тубдан ўзгартиришга муваффақ бўлди. Жамият ривожининг ҳозирги босқичида ижодий, ностандарт фикрлайдиган, фан ва ишлаб чиқаришда янги усулларни топа оладиган профессионал мутахассисларга эҳтиёж тобора ортмоқда.

Муаммонинг ечими шахсий имкониятларни муттасил ривожлантириш, ўз соҳасида зарур билим, кўникма ва малакаларни мунтазам такомиллаштириб бориш, касбий компетенцияларни ривожлантириш, узлуксиз таълим олиш масаласига бориб тақалади. «Lifelong learning», яъни “умр давомида таълим олиш” концепциясининг  пайдо бўлгани бежиз эмас.

Тараққиёт мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни соҳага оид илғор технологиялар ҳамда умумкасбий ва ижтимоий билимлар билан таништиришга ҳизмат қиладиган тизим – андрагогика  олдига ҳам янги талабларни қўймоқда.

Ушбу соҳада фаолият олиб бораётган мутахассислар, профессионал жамоатчилик умумий мақсадлар  -  соҳага оид илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини кенг тарғиб қилиш, инновацияларни, IT-технологияларни андрагогик таълим мазмунига сингдириш йўлида ҳаракат қилмоқда. Соҳага юксак суръатда илғор ғоялар, услублар, замонавий электрон ўқув ресурслари, мультимедиа, масофавий таълим имкониятлари кириб келмоқда.

          Андрагогикада таълим сифатини оширишда қуйидаги унсурлар муҳим  роль  ўйнайди:

  • Таълимнинг концептуал мақсадларига йўналтирилган, илмий асосланган, мутахассиснинг касбий арсеналини бойитадиган, зарур билим, кўникма ва малакаларни эгаллашга ҳизмат қиладиган жаҳон андозаларига мос ўқув дастурлари; 
  • Таълимнинг янгича парадигмасини яхши англаган,  гуманистик ғояларга таянувчи, илмий салоҳиятли, фасилитация, модерация, тьюторлик, коучинг асосларини пухта ўзлаштирган  тренерлар;
  • Замонавий талабларга жавоб берадиган моддий-техник база, кенг турдаги мультимедиа воситалари, илмий-методик адабиёт, интерфаол машғулотлар ўтказиш учун қулай ва комфорт ўқув хоналари.

Андрагогиканинг таълим дастурлари жамият ва шахснинг концептуал муаммоларидан келиб чиқмоғи ҳамда XXI асрнинг қуйидаги билим ва кўникмаларини шакллантиришга ҳизмат қилмоғи  лозим:

  • муайян касб йўналишида инновацион жиҳатга эга назарий ва амалий билимлар;
  • соҳада муваффақиятли фаолият олиб бориш учун зарур профессионал компетенциялар;
  • глобал фуқаролик, дунёвий тафаккур;
  • ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик туйғуси;
  • ижодий фикрлаш, янги ғояларни таклиф қилиш;
  • инсон ҳуқуқларига ҳурмат;
  • ахборотлар билан ишлаш, интеллектуал технологиялардан оқилона фойдаланиш, зарур маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, керакли хулосалар чиқара олиш;
  • толерантлик, ҳар хил ижтимоий гуруҳларда муносабатларга тез киришувчан бўлиш, муаммонинг энг адолатли ечимини топа  олиш,  социал кўникмалар.      

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида ташкил этилган махсус ўқув курслари фаолияти ҳам мутахассисларда касбий компетенцияларни ривожлантиришга, соҳага оид инновацияларни тарғиб қилишга қаратилган. 

Махсус ўқув курсларида таълим сифатини такомиллаштиришда чет мамлакатларнинг  тажрибаларини ўрганиб бориш долзарб аҳамият касб этади.

Мутахассислар халқаро, ҳудудий семинар-тренингларда иштирок этиб, замонавий билимларни ўзлаштирмоқдалар. Бунинг маҳсули ўлароқ мутахассисларда замонавий таълим муҳити ва унга қўйилаётган талаблар ҳақида яхлит картина шаклланмоқда.

2019 йилнинг 23-27 июнь кунлари Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл соҳилида бўлиб ўтган Германиянинг  DVV international ассоциацияси томонидан ташкил этилган – “GCED global citizenship education: chances and challenges for Central Asia” катталар таълими бўйича Марказий Осиё форуми ҳам айнан андрагогика – катталар таълимининг долзарб муаммоларига бағишланди.

 

Ушбу форумда дунёнинг Германия, Жанубий Корея, Фаластин, Иордания, Босния, Грузия, Украина, Тожикистон, Қозоғистон каби 10дан ошиқ давлатларидан катталар таълими соҳасида фаолият олиб борувчи экспертлар ва мутахассислар, давлат ва ННТ вакиллари иштирок этди. Форумда андрагогика фанининг ривожланишига оид истиқболли вазифалар, катталар таълими муҳитини ташкил этиш масалалари ўртага ташланди. Самарали ҳамкорлик руҳида ўтган ушбу форумда маданиятлараро мулоқот, очиқ ҳамкорлик, тажриба алмашиш, нуқтаи назарларга қулай замин яратилди.

 

Фуқаролик жамияти, глобал фуқароликни таркиб топтиришда муҳим компетенциялар сифатида қуйидагилар эътироф этилди:

  • Янги ғояларни яратиш, амалга ошириш ва бошқаларга билдириш;
  • Янги ва турлича нуқтаи назарларга нисбатан очиқ ва сезгир бўлиш;
  • Танқидий фикрлаш;
  • Мураккаб қарорларни танлаш ва қабул қилиш;
  • Мулоқот ва ҳамкорлик қилиш;
  • Турли жамоалар билан самарали ишлаш қобилиятини намоён қилиш;
  • Умумий мақсадни амалга ошириш йўлида муросага келиш учун мослашувчанлик ва толерантликни намоён қилиш;
  • Ҳамкорликда иш юритиш учун жамоавий масъулиятни ўз бўйнига ола билиш;
  • Ахборотни самарали ва амалий йўллар орқали қўлга киритиш, ахборотга танқидий ва холис баҳо бериш, мавжуд масала ёки муаммони ҳал қилишда ахборотдан аниқ ва ижодкорона фойдаланиш;
  • Маданиятлараро мулоқот ва турли ролларга мослашиш;
  • Кўникмаларни профессионал даражада ривожлантириш, шахсий ғоя ва ташаббусларини намоён қилиш;
  • Узлуксиз таълим олиш жараёнига мойилликни намоён қилиш;
  • Умумий мақсадни бажариш йўлида бошқаларнинг кучли томонларидан фойдаланиш;
  • Атрофдагиларнинг манфаатини назарда тутиб масъулият билан иш тутиш.

Форум натижаларидан келиб чиқиб, андрагогика соҳасини ривожлантиришнинг қуйидаги истиқболларини илгари суриш мумкин:

  1. Таълим жараёнини БМТ, ЮНЕСКО, DVV international каби халқаро ташкилотларнинг таълимдаги ташаббуслари – глобал фуқаролик, дунёвий онг, инсон ҳуқуқларига ҳурмат, шахс экологияси, барқарор ривожланиш тамойиллари асосида ташкил этиш;
  2. IT-технологиялар, таълимдаги инновациялар билан чуқурроқ танишиб бориш, web 2.0. имкониятларидан, интернет-ресурслардан самарали фойдаланиш;
  3. Касбий компетентлиликни мунтазам ошириш;
  4. Таълимга кўмаклашувчи фондлар, муассасалар билан ҳамкорлик қилиш, чет мамлакатларнинг илғор иш тажрибаларини ўрганиш;
  5. Корпоратив менежмент, соғлом ижодий рақобатни йўлга қўйиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш. 

Фойдаланилган адабиёт

  1. “Global Citizenship Education: Topics and Learning Objectives” http://unesdoc.unesco.org/images/0023/002329/232993e.pdf. “Образование в духе глобальной гражданственности: темы и цели обучения”;
  2. Education for Sustainable Development Goals: Learning Objectives http://unesdoc.unesco.org/images/0024/002474/247444e.pdf. Образование в интересах устойчивого развития: Задачи обучения;
  3. Кен Робинсон. О новой образовательной парадигме. TED. 

   Моҳира Холиқова,

“Оила” маркази 

Махсус ўқув курслари раҳбари,

PhD,  доцент