ШАХС МАЪНАВИЙ-АҲЛОҚИЙ ТАРБИЯСИДА ИЖОБИЙ ОТА-ОНАЛИК КЎНИКМАЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ МАСАЛАЛАРИ

 Моҳира Холиқова,
«Оила» маркази» Махсус ўқув курслари раҳбари
PhD, доцент

Дилдора Пўлатова,
Авлоний номидаги ХТХҚТМОМИ катта ўқитувчиси

Айсулу Ембергенова,
ТШХТХҚТМОҲМ катта ўқитувчиси

Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан
буюкроқ мерос бера олмайди

Ҳадис
Халқнинг бахт-саодати
болаларни тўғри тарбиялашга боғлиқ.
Джон Локк

 

Ҳар бир ота - она ўз фарзандини дунёдаги энг толеи баланд, маърифатли ва саодатли бўлишини истайди ва бунга эришиш йўлида ҳаракат қилади.

Болапарварлик халқимизнинг қалбига сингиб кетган фазилатдир. Фарзанд Аллоҳ томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга, у ота – онага топширилган масъулият ҳамда омонат ҳамдир.

Бу борада ота-оналарнинг оилада фарзанд тарбияси ва маънавий-аҳлоқий, руҳий ва жисмоний камолоти учун зарур бўлган ижобий ота-оналик кўникмаларини ўзлаштириб бориши катта аҳамиятга эга.

Фарзандлар оила мустаҳкамлигини таъминловчи муҳим омиллардан биридир. Оилада улғаядиган боланинг қандай инсон бўлиб шаклланиши энг аввало ота-онага боғлиқ. Тарбия шахснинг маънавий ва ақлий қиёфасини, қолаверса, бутун тақдирини белгиловчи омил. Оиладаги маънавий муҳит, шахслараро муносабатлар, боланинг тарбиясида жуда катта роль ўйнайди. Улуғ мутафаккир Абдулла Авлоний «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» китобида «Аллоҳ таоло инсонларни асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши билан ёмонни, фойда билан зарарни, оқ билан қорани ажратадиган қилиб яратган. Лекин инсондаги бу қобилиятни камолга етказиш тарбия билан бўлур. Қуш уясида кўрганини қилар», дейди.

Фарзанд тарбиясида уларнинг ёши, жинси, характер ҳусусиятлари, қизиқишлари каби омиллар эътиборга олинади. Тарбия чуқур ҳиссиётларни юзага келтирадиган мавзу бўлиб, муҳим масалаларни кўтаради ҳамда ҳар бир оила учун ўзига хос саналади. Турли инсонлар учун болалар тарбияси турли нарсаларни англатади. 

  1. Фарзандингизнинг хулқига эътибор беринг

 Ота-оналар ўз фарзандларининг ижобий фазилатларини олдиндан кўра олишлари керак. Одамга болаликдан сингдирилган одатлар ёш дарахт танасига ўйиб ёзилган ҳарфларга ўхшайдики, улар дарахт билан бирга ўсади, вояга етади дарахтнинг таркибий қисмига айланиб қолади”, дейди Виктор Гюго.

Ота-оналар қанча кўп танбеҳ берсалар, ёмон ахлоқ шунча кўп такрорланади. Улар кўплаб танбеҳ олишганда болалар ўзини ёмон тутиши керак бўлган ёмон бола сифатида тушинишни бошлайдилар. Шундай тарзда улар ўз хулқларини тузатиш учун мотивацияни ҳис қилмайдилар.

 Ота-оналар билишадики, энг самарали ёндашув  ўз болаларининг яхши сифатларини тан олиш ва эътироф этиш ҳисобланади. Буни бажариш учун барча имкониятни ишга солишга тўғри келади, аммо тезда фарзандларингиз хулқи яхшиланганлигини сезасиз. 

  1. Болани жамият эҳтиёжларига йўналтиришга ўргатинг

 Агар Сиз фарзандларингиз хурсанд, тўлақонли ҳаёт кечиришини истасангиз бошқаларга хизмат қилиш ва ўз ҳиссангизни қўшишни ўрганинг. Уларни фаолиятга жалб қилинг, бунда улар бошқаларга ёрдам бериши ва ижобий таъсир кўрсатиши керак. Фарзандларингиз кўпроқ ҳисса тўғрисида,  камроқ шахсий манфаат ҳақида ўйласалар, улар онгли ҳаёт қуришни  ўрганади.

Роберт Оуэн “Мунтазам тараққий этадиган, гуллаб-яшнайдиган ва ҳамиша бахт-саодатли жамият бунёдкорлари бўлган шахсларда яхши характерларни шакллантирмоқ учун ҳар бири ёшликданоқ кучли ва қобилиятига қараб кундалик фойдали ишга ўргатилмоғи керак” лигини эътироф этади.  

  1. Фарзандингизга овозингизни кўтарманг

 Тадқиқот натижалари сиз фарзандингизга қанча кўп бақирсангиз уларнинг хулқи шунча ёмон бўлишидан далолат бермоқда.

Шу билан бирга ўз фарзандларингиз хулқини назорат қилиш учун уларнинг қарашлари ва ҳиссиётларини тушуниш керак. Бунда мантиқий муҳокамалардан фойдаланинг.

Ўз ғазабингизни назорат қилинг. Агар хавфсизлик масаласига тегишли бўлмаса фарзандларингизга бақирмасликка қатъий қарор қилинг. Таҳдид ишлатишдан сақланинг.

Зиддиятда сиз қандай рол ўйнашингизни таҳлил қилинг.

Муаммонинг моҳиятини тушуниш учун фарзандингизда қандай қондирилмаган эҳтиёжлар борлиги тўғрисида ўйлаб кўринг, масалан у ўз ҳаётини назорат қила олмаётгандек ўзини ҳис қилиши мумкин. 

  1. Уйда болангизга мажбуриятлар беринг

 Фарзандларингизга меҳнат қилишга, уй юмушларида катталарга ёрдам беришни ўргатинг. Шу йўсинда болаларда ижтимоийлашув  шаклланади ва улар мустақил ҳаётга қадам қўйишни ўрганадилар. Уй мажбуриятлари масъулият, бурч, ҳамкорлик, меҳнатсеварлик  билан боғлиқ муҳим ҳаётий дарсларни болаларга ўргатади. Бундай дарсларни эрта ёшда ўрганадиган инсонлар катта эҳтимоллик билан лаёқатли инсонлар бўлиб етишадилар. Агар болалар меҳнат қилишга ундалмаганларида на саводхонликка, на музика, на гимнастикага, ҳаттоки инсонда эзгуликни мустаҳкамловчи номусга ҳам ўрганмаган бўлур эдилар. Одатда номус ана шу машғулотларнинг етарлигидан дунёга келади. Буюк файласуф Демокритнинг ушбу фикрида меҳнат барча эзгу фазилатларнинг асоси эканлиги таъкидланган. 

  1. Уйда болалар учун комфорт руҳий ҳолатни яратинг

 Бола ота-онасининг доимо баҳслашаётганини кўрса, у шунга ўрганади. Ота-она ўртасидаги зиддиятлар фарзандларда кучли стресс ҳолатини юзага келтиради, боланинг кайфияти ва хулқига кучли таъсир қилади. Психологларнинг таъкидлашича, бу болада кучли ижтимоий танглик ва агрессияни шакллантиради.

Оила муҳити меҳр-мухаббат, ўзаро тушуниш, ҳамкорликка асосланган бўлиши керак. Агар баҳс-мунозарали вазиятлар юзага келса, боланинг суҳбатга қўшилиши ва тушуниши учун имкон беринг.

Энг яхши усул бу узр сўраш ва кейинги сафар хатога йўл қўймасликдир.

Ёдда тутиш керакки, муносабатлар қоидаларга қараганда муҳимроқдир. 

  1. Фарзандингизга эътиборли ва ғамхўр бўлинг

 Барча болаларга эътибор керак. Эътибор эса ҳеч қачон кўплик қилмайди. Фарзандлар барча эътиборни ўзларига қаратиш учун инжиқлик қилишади ва бунинг учун барча имкониятдан фойдаланишади. Бу ҳолат болаларда инстинктив рўй беради. Ота-онанинг эътибор бериши улар учун хавфсизликни англатади.

Ҳозирги глобал дунёда бола тарбияси катта эътиборни талаб қилади. Ота-она сифатида биз фарзандларга эътибор қаратишимиз, уларнинг қаерда эканликларини билишимиз, уларнинг истак, эҳтиёжларини қондиришимиз, уларнинг хавфсизликларини таъминлашимиз керак.

Шундай тарзда биз уларнинг самарали ҳаёт кечириши учун имконият берамиз.

Болалар ғамхўрликка муҳтож, ғамхўрлик руҳий саломатлик ва ҳимояланганлик, эртанги кунга ишонч ҳиссини ривожлантиради.

Болаларнинг ижобий руҳияти уларни стресс ҳолатларига тушишининг олдини олади, қўрқувни бартараф қилади. Ота-оналар томонидан ёрдам кўрсатиш ваҳима ва депрессия билан боғлиқ хулқ оғиши рискини  минималлаштиради, боланинг уйда ва жамият ҳаётига мослашишига ижобий таъсир кўрсатади. 

  1. Болангизга ўз ҳиссиётларини намоён қилишга ўргатинг

 Болани ўз ҳиссиётларини намоён қилишга ўргатиш жуда муҳимдир. Бола уни эшитишларини ва тушунишларини англаши зарур. Фарзандингиз Сиз билан ўзини қизиқтираётган, ўйлантираётган ҳис-туйғулар билан бўлиша олиши ҳамда уни тушунишларини ҳис этиши керак. 

Кичик болалар ўзини ўраб турган оламни теран ҳис қиладилар. Айнан шу даврда болаларда атроф-муҳитга нисбатан тўғри муносабатни, қадриятларни шакллантирган ҳолда дунёни қабул қилишни ўргатиш зарур. 

  1. Фарзандингиз кўз ўнгида бошқаларга ёрдам беринг

Болалар кўпинча ота-оналари хулқидан нусха оладилар. Сиз болангиз тақлид қилиш учун яхши намуна бўладиган инсон бўлишингиз керак.

Ота-оналар ўз ҳатти-ҳаракати билан шахсий намуна кўрсатадилар. Болалар ўта кузатувчан бўлишади.

Ота-оналарнинг жамият  ҳаётида иштироки, муайян касбда фаолият олиб бориши, атрофдагиларга ёрдам қўлини чўзиши болаларда альтруизм, ҳамкорлик, жамият учун ҳизмат қилиш каби фазилатларни шаклланишига ёрдам беради. Ёрдам қўлини чўзиш турлича кўринишда бўлиши мумкин: кекса инсонларга ёрдам бериш, ҳашарда иштирок этиш ва ҳ.

Бизнинг барча ҳаракатларимиз бизга қайтишини болага тушунтиринг. 

  1. Сўзсиз муҳаббатни намоён қилинг

Болага доимо уни яхши кўришингизни айтинг. Бола қандайдир яхши ишни қилганда унга бу ҳақида айтинг. Агар у хатога йўл қўйса ҳам Сиз бунинг учун койиманг, самимий гаплашинг. “Эътиборингизни болалардаги қусур ва иллатларга барҳам беришгагина эмас, уларда ҳаётбахш муҳаббат уйғотишга қаратинг. Муҳаббат бор жойда ахлоқ болага туйғу сифатида сингдириб юборилмоғи керак”, деб ёзган эди Г. Гегель.

Бола билан мулоқотда қуйидаги иборалардан фойдаланинг: «мен сен билан фахрланаман», «сени борлигинг мен учун улкан бахт», «сен ўз ишингни аъло даражада бажардинг», «сен буни уддалайсан» ва ҳ.

Фарзандларингизга эхтиром кўрсатинг, Пайғамбаримиз минбарда хутба киларкан, неваралари Хасан ва Хусайнни қўлларига олиш учун минбардан тушиб, кейин яна хутбани давом эттирган эканлар. 

  1. Боланинг қарорини ҳурмат қилинг

 Агар фарзандингиз Сизни ва Сизнинг фикрларингизни ҳурмат қилишини истасангиз уни ҳам ҳурмат қилинг. Болага ҳурматни намоён қилишнинг бир нечта усуллари мавжуд:

Бола билан қарорларни муҳокама қилинг.

Фарзандлар учун оқилона қоидаларни белгиланг ва ҳар сафар уларни изоҳламанг.

Болага ниманидир мустақил бажариш имконини беринг. Бу шунингдек, болага ишонаётганлигингизни кўрсатади.

Фарзандларингизга ўз сўзларингиз моҳиятини тушунтиринг ва мулоқот қилинг. Зарур бўлса ўз позициянгизни тушунтиринг.

Биз кўпинча шунчалик банд бўламизки, ўз ишимиз ягона муҳим нарса деб ўйлаймиз. Агар бола бизга ниманидир айтмоқчи бўлса, бунинг учун вақт топа олмаймиз.

Ота-оналар доимо нима муҳимлигини ўзлари ҳал қиладилар, болаларнинг фикри билан ҳисоблашмайдилар. Аммо болалар ҳам қарор қабул қилишни истайдилар. Ҳурматни намоён қилиш учун ота-оналар ушбу кўникмани ривожлантиришлари керак. 

  1. Бола билан дўстлашинг

 Болалар жуда таъсирчан бўладилар. Шунинг учун болага гапирганда овозингиз оҳанги, ишораларни кузатинг. Бола сиз билан ўзини ноқулай ҳис қилса ўзини ҳимоя қилиш учун барча нарсани ишга солади: низолашиш, агрессия ва ҳ..

Фарзандингиз билан мулоқотни ҳурмат асосида қуринг. Болага нимани қилишни кўрсатмасдан у билан биргаликда бажариш яхши натижа беради.

Қуйидаги иборалардан фойдаланинг: «қани уриниб кўрамиз, «қандай қиламиз?», «мен истайманки сен...» ва ҳ.

Болада рағбат уйғотиш учун қизиқарли машғулотлардан фойдаланинг. Масалан, агар ўйинчоқларни йиғиштиришини истасангиз буни ўзингиз бошланг, болани эса ёрдамчингиз этиб белгиланг.

Ёдда тутинг, барча ҳаракатларнинг асосий мақсади фарзандингизни яхши хулқ эгаси бўлишидир. 

  1. Болани тўғри овқатлантиришга ўргатинг

 Баъзан болалар жуда инжиқ бўладилар. Бу овқатланишга ҳам тегишлидир. Болани тўғри овқатланишга ўргатишнинг энг яхши усули ушбу жараённи қизиқарли ташкил қилишдир.

Бола организми фойдали моддаларга танқислик сезмаслиги учун хилма-хил овқат зарур. Болалар рационига мева, сабзавот, сут, балиқ ва гўшт маҳсулотларини киритиш зарур. Бола организми осон кўникувчан бўлади. Шунинг учун уни бир хил овқатга ўрганиб қолишидан эҳтиёт бўлинг.

Болаларнинг овқат рационида витаминлар ва микроэлементларнинг мавжудлигига эътибор беринг. Болаларда кичик ёшдан таъм рецепторларида шўр, аччиқ ёки ширин овқатга майл пайдо бўлишининг олдини олинг.

Дастурхонни тўғри безаш ҳам жуда муҳим рол ўйнайди. Болалар чиройли ва ўзига тортадиган нарсаларни ёқтиришади. Шунинг учун дастурхон тузашга ҳам катта эътибор бериш лозим. Бола овқатланаётган пайтда уни яхши одатларга ўргатиш зарур. Иложи борича фарзандларингиз билан биргаликда овқатланинг.

Овқат тайёрлашда ижодкорликни намоён қилинг.

Болага овқат тайёрлаш, стол безатишда қатнашиш учун имкон беринг.

Испаниялик педиатр, 3 нафар фарзанднинг отаси Карлос Гонсалес «Менинг фарзандим ейишни хоҳламайди» номли бестселлерида “овқатланиш вақтида мультфильмлар, қўшиқ, рақслар каби кўнгил очар ўйинларни томоша қилиш қўпол педагогик хато” деб атайди. Бунинг устига овқатларни «автоматик» равишда ейиш катта бўлганда стресслар ва семириб кетишнинг шаклланишига олиб келиши мумкин. 

  1. Боланинг фикрига қулоқ солинг

 Боланинг ўзига ишончсизлиги сабабларидан бири оилада унинг фикри қадрланмаслигидир. Агар Сиз болани ижобий муҳитда тарбиялашни истасангиз унинг фикрига қулоқ солинг. Фарзандингиз ҳали кичик бўлса у оилавий масалаларда қарор қабул қила олмайди. Аммо оилавий муаммолар бўйича унинг фикрини эшитиш керак. Шунда бола ўз фикрини ифодалашга ўрганади ва ўзига ишончли ортади.

Фарзандингиз билан диалоглар қилинг ва монологлардан сақланинг. Фарзандларингизни безовта қилаётган қўрқув, шубҳаларни эшитинг ва тушунишга ҳаракат қилинг. Шу тарзда агар сиз болага ҳақиқий ғамхўрликни намоён қилсангиз, у ўз муаммоларини сизга ишонади.

Римлик нотиқ ва шоир Ювенал болаликка буюк ҳурмат-эҳтиром билан қараш лозимлигини уқтирган эди. 

  1. Ўз хатоларидан хулоса чиқариш ва мустақил қарор қабул қилишга имкон беринг

 Биз йўл қўйилган хатоликлардан сабоқ чиқарамиз. Ота-оналарнинг мажбурияти нотўғри хатолардан болани ҳимоялашдир. Аммо ота-оналар кўпинча унинг хатолардан сабоқ чиқаришга имкон бермайдилар. Хатоларни содир қилиш ва уларни тўғрилаш болани мустақил ва ўз кучига ишонувчан қилади.

Болага танловни мустақил амалга ошириш ва унга тегишли масалаларда қабул қилишга имкон беринг. Бола сизнинг кўмагингизни ҳис қилиши ва ўзини хавфсизликда сезиши учун унинг барча қарорларида болани қўллаб қувватланг.  Кўпинча ота-оналар фарзандлари учун қарор қабул қиладилар, уни тўғри қарор қилишга лаёқатсиз ҳисоблайдилар.

Болани мустақил қарор қабул қилишига имкон беринг – ҳаттоки у хато бўлса ҳам, бунда ўз хатосидан сабоқ олади.

Боланинг мустақиллигини рағбатлантиринг. Болангизда мустақиллик намоён бўлишини доимо мукофотлаш керак. Масалан, у ўз хонасини йиғиштириш ёки ўз қўли билан нимадир қилишни истаса, унга бу машғулот билан мустақил шуғулланишини айтинг. Бу болага ишонишингизни кўрсатади. Боланинг имкониятига қанча кўп ишонишингизни кўрсатсангиз унда шунча кўп ўзига ишонч ривожланади.

Фарзандингизга дунёни ўрганиш ва синовдан ўтказиш имконини беринг. Ҳаддан ортиқ ғамхўрликни намоён қилиб, сиз унинг ўсиши ва шахс сифатида  шаклланишига халал берасиз.

Унга хато қилиш ва хатолардан тўғри ҳулоса қилишга имкон беринг. Унинг учун қарор қабул қилманг, боланинг ўзи тақдим қилинган вариантлардан бирини танласин ва унинг оқибатларини кўрсин. Маълум ёшга етганда бола мустақил бўлиши шарт. У шу билан бирга бу давр келгунча эрта ёшда мустақил бўлишга ўргатинг. 

  1. Болани оптимизмни тарбияланг

 Болада ривожлантиришда керак бўлган сифатлардан бири бу - оптимизм. Болаларни ҳаётий кўникмаларга кичикликдан ўргатиш керак. Болани ижобий руҳда тарбияланг. Унда ўзига ишонч, оптимизм каби сифатларни ривожлантиринг. Бу бутун ҳаёти мобайнида фойдали бўлади. Болани оптимизмга ўргатишдан олдин Сизнинг ўзингиз позитив кайфиятда бўлишингиз керак. Оддий иборалардан фойдаланинг: «хавотирланма, барчаси яхши бўлади. Болани эзгу мақсадларга эришишга рағбатлантиринг.

Сиз фарзандингизга ниманидир ўргатсангиз у бунга бутун ҳаётида амал қилади. Тақлид қилиш учун яхши намуна ва ўз болангиз учун устоз бўлинг.

 Тарбия маҳорати – бу ота-онанинг ижобий ота-оналик кўникмаларига эга бўлишдир. Бу борада муайян қоидалар, расмий қўлланма, махсус курслар мавжуд эмаслигига қарамасдан, бу маҳоратни ўзлаштириш мумкин. Ушбу жараён фарзандингиз туғилгандан бошланади. Бу борада Сизнинг энг яхши ўқитувчингиз - сизнинг ҳар кунлик тажрибангиздир. Кўплаб ота-оналар бола тарбияси катта сабр, ишонч, маҳорат, юмор ва қатъиятни талаб қилишини англайдилар. Аммо бу маҳоратни қўллашга келганда аксарият ота-оналар амалда ўргана олмайдилар. Ота-оналик кўникмаларининг айримлари жуда инновацион бўлса, бошқалари анъанавий саналади. Шуни билиш муҳимки, ота-оналик кўникмалари бир бола учун мос келса, бошқасига таъсир қилмаслиги мумкин, чунки ҳар бир бола ўзига хос бўлиб, кайфият ва ҳолатлар ҳар куни ўзгаради. Хавотирга ўрин йўқ. Тарбия маҳорат ва вақт талаб қилади. Фарзандингиз улғайгани сари у билан мулоқот қилиб Сиз ҳам ўсасиз.

Фарзандларимиз камолоти ва бахт-саодати йўлида ушбу кўникмаларни ўзлаштириб, улардан максимал фойдаланиб, муваффақиятга эришиш мумкин.

  

Фойдаланилган адабиёт

  1. Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. – Т.: Ўзбекистон, 1990.
  2. Шавкат Мирзиёев. Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилайлик. – Т.: Ўзбекистон, 2017.
  3. Абу Ҳомид Ғаззолий. “Иҳёу улумид-дин”. Тошкент. 1997.
  4. Карлос Гонсалес. Менинг фарзандим ейишни хоҳламайди. 2001.