ОИЛАНИНГ ПЕДАГОГИК САЛОҲИЯТИНИ МУСТАҲКАМЛАШДА ТАРБИЯ СТРАТЕГИЯСИНИНГ АҲАМИЯТИ

Моҳира Холиқова,
«Оила» маркази» Махсус ўқув курслари раҳбари
 PhD, доцент

 

Ота донолиги болалар учун чинакам сабоқдир.
Демокрит

Болаларингизга яхшиликни сингдириб ўстиринг,
унга бахтни фақатгина шу беради.
Л. Бетховен

 

Маълумки, шахс камолотида оилавий тарбиянинг аҳамияти беқиёс.

Фарзанд тарбияси ота-онанинг бош вазифасидир, болага гўзал тарбия бериш ота-оналикнинг биринчи масъулиятидир.

Тарбия шахснинг маънавий ва ақлий қиёфасини, қолаверса, бутун тақдирини белгиловчи омил. Исломиятнинг буюк элчиси Муҳаммад салаллаҳи алайҳи вассалам «Ота-она ўз фарзандига одобдан буюк мерос бера олмас», дея марҳамат қилдилар.

Оилавий тарбиянинг мақсади шахсда ҳаёт йўлида учрайдиган турли синов ва тўсиқларни мардона енгиб ўтишга ёрдам берадиган хислатларни шакллантиришдир. Маънавий-аҳлоқий камолот, ижтимоий ва ақлий интеллект, ижодий қобилият, ҳаётий тасаввурлар, меҳнат қилиш кўникмалари, эмоционал маданият, бахт-саодатга эришиш оилавий тарбиянинг муҳим масалаларидир. “Ота болаларни бино қилиш, уларни едириб-ичириш билан ўз зиммасидаги вазифанинг учдан биринигина бажарган бўлади. У болаларини одамзод қаторига қўшмоғи, жамиятга эса — фаол кишиларни, давлатга — гражданинни етиштириб бермоғи керак. Шу учала қарзини узиши мумкин бўлгани ҳолда бу ишни бажармаган ҳар қандай киши айбдордир, борди-ю, бу қарзнинг ярминигина узса, яна баттарроқ айбдор бўлади. Кимки зиммасидаги оталик бурчини бажармаса, у ота бўлиш ҳуқуқидан маҳрумдир”, дея таъкидлаган эди Жан Жак Руссо.

Оиладаги маънавий муҳит, шахслараро муносабатлар боланинг тарбиясида жуда катта роль ўйнайди. Улуғ мутафаккир Абдулла Авлоний «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» китобида «Аллоҳ таоло инсонларни асл хилқатда истеъдод ва қобилиятли, яхши билан ёмонни, фойда билан зарарни, оқ билан қорани ажратадиган қилиб яратган. Лекин инсондаги бу қобилиятни камолга етказиш тарбия билан бўлур. Қуш уясида кўрганини қилар», дейди.

Буюк аллома Абу Али ибн Синонинг “Тадбири манзил” асарини оилавий тарбия масалаларига бағишлаган. Ибн Сино ўз асарида ота-она давлат бошлиғими ёки жамиятнинг оддий бир аъзосими, уларга бола тарбияси масаласида бир хил талаб қўйилиши ҳақидаги ғояни илгари суради.

Боланинг аҳлоқий тарбияси унинг илк ривожланиш давридан бошланиши зарурлигини, мақсадга эришиш учун тарбияда болани баъзан мақташ, баъзан жазолаш ҳам кераклигини айтади. Ибн Сино оилада тарбияни тўғри олиб бориш - оила бахтининг муҳим асоси, деб ҳисоблайди. Бола ахлоқининг шаклланишида эр-хотиннинг ўзаро муносабати, бир-бирини ҳурмат қилишлари ижобий таъсир кўрсатади. У ота, яъни оила бошлиғи олдига катта талаблар қўяди. Ота бош тарбиячи эканлиги, унинг фарзанд тарбиясида катта таъсир кучига эга эканлиги, онанинг оқила ва камтар бўлиши, ота-оналар ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан тарбия қонуниятларини мукаммал ўзлаштирмоғи лозимлигини уқтиради.

Оилавий тарбия стратегиясини танлашда тарбия услубларини билиш муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқотчи Диана Баумринд тарбия услубларини танлашда икки мезоннинг аҳамиятини келтириб ўтган:

  1. Фарзанднинг ота-онани эмоционал қабул қилиш даражаси;
  2. Ота-онанинг фарзандни назорат қилиш даражаси.

Инсон шахси турли  табиий, ижтимоий,  объектив ва субъектив, ташқи ва ички омиллар таъсирида ривожланади ва шаклланади.

Ҳозирги замоннинг тарбия воситалари ҳақидаги қарашлари кўп асрлик илмий қарашлар, кузатувлар натижасининг маҳсули. Оилавий тарбия амалиётида тарбиянинг турли услублари шаклланган. Тарбия стратегиясини танлашда муҳим омиллардан бири - бу ота-оналарнинг феъл-атвори, характер хусусиятлари, фарзанд тарбиясидаги  позициясидир.

Ушбу мезонлардан келиб чиқиб тарбиянинг қуйидаги услубларини санаб ўтиш мумкин:

  • Авторитар (диктат);
  • Индефферент (либерал);
  • Гиперэътибор (ортиқча ҳимоя);
  • Демократик (ҳамкорлик);
  • Хаотик (аралаш).

 

Авторитар услуб, диктат - бу ота-она ёки катталар томонидан мунтазам равишда  боланинг ҳар бир ҳаракатини назорат қилиш, фарзандлардаги ташаббусни сўндириш, қаттиққўллик, талабчанлик, фикрини қабул қилмаслик. Бундай ота-оналарни фақат бир нарса қизиқтиради – боланинг сўзсиз итоати. Ушбу услубнинг асосий воситалари – қўрқитиш, мажбур қилиш, турткилаш. Натижада болаларда қаршилик кўрсатиш ҳисси пайдо бўлади. Агар бола нимжон бўлса, унда ўзига ишончсизлик, қўрқоқлик юзага келади. Унинг истакларини сўндириш, кичик хатолари учун ҳам жазолар белгилаш, турли чекловлар қўйиш, меҳр, ғамхўрликдан маҳрум қилиш боланинг феълида девиацияларни (хулқдаги оғиш) келтириб чиқаради.

Оқибатда бундай тарбия топган болалар қўрқоқ, конфликтга мойил, тажовузкор бўладилар. Улар ташқи дунёга, социумга қийин мослашадилар (адаптация).

Гипоэътибор, либерал, аралашмаслик услуби - боланинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлик ҳолати. Ота-оналар тарбиянинг бу шаклини фарзандни мустақилликка ўрганиши, ўз ҳаётий тажрибасига  эга бўлиши учун муҳим деб ҳисоблашади. Бундай услубда тарбия “ҳамма нарса мумкин” деган тамойил устига қурилган бўлади. Ота-она фарзандини йўналтирмаслиги, назорат қилмаслиги оқибатида фарзанд хато содир қилиб, ўз хатоларини билганича тўғрилаб боради. Охир-оқибатда болада ота-онадан узоқлашиш, меҳрсизлик, атрофдагилардан норозилик ҳисси пайдо бўлади. Ота-онадан меҳр, ғамхўрлик олмаган болалар тарбиясида янада катта муаммолар келиб чиқиши мумкин. Аксарият ҳолларда бундай болалар эгоист, тажовузкор, коммуникатив кўникмалари паст ривожланган бўлади.

Гиперэътибор, ортиқча ҳимоя - ижтимоий, физиологик, психологик ривожланишда болани мустақилликдан маҳрум қилиш. Тарбиянинг бу шаклида ота-она фарзандини барча қийинчиликлардан ҳимоя қилиши оқибатида улар эгоцентрист, инжиқ, мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган шахс бўлиб вояга етиши мумкин. Ота-она хамиша фарзанднинг ёнида бўлиб, унинг барча муаммоларини ҳал қилиши натижасида ҳамиша ҳар томондан ҳимоя қилинган бола ҳаётий муаммоларни ечишга ожизлик қилади. Бундай болалар инфантил, невротик, ўзига ишончи ўта паст бўлади. Аксарият холатларда бу вазиятга тушган фарзандлар тенгқурлари орасида ўз ўрнини топа олмайди, оиласидан ҳам узоқлашади, мустақил ҳаётга мослашуви, ижтимоийлашуви қийин кечади.

Демократик услуб, ҳамкорлик - ҳаётий фаолиятнинг барча турларида ҳамкорлик, мақсад ва қизиқишларнинг муштараклиги асосига қурилган тарбия шакли. Ушбу ёндашувда тарбиянинг ўзаги “биз” тушунчасидир. Тарбиянинг бу шаклида фарзанд мустақил бўлади, аммо ҳамиша атрофида ёрдамга, қўллаб-қувватлашга, мураккаб вазиятларда руҳий кўмакка, тушунмаган нарсаларни англатишга шай яқин инсонлари борлигини ҳис қилиб туради.

Ушбу услубда ота-оналар боланинг ҳар бир ташаббусини қўллаб-қувватлайдилар, унга ёрдам берадилар, унинг эҳтиёжини  ҳисобга оладилар, фарзандга муҳаббат намоён этадилар. Ота-оналар фарзандларга оилавий муаммоларни муҳокама қилишда иштирок этишга имкон берадилар. Шу билан бирга, боладан идрокли хулқни, феъл-атворни кутиб қоладилар, қоидаларни бажаришда қатъият ва изчилликни намоён қиладилар.

Бундай оилаларда қадриятлар, урф-одатлар мавжуд бўлиб, биргаликда меҳнат қилиш, ҳордиқ чиқариш, байрамлар нишонлаш қабул қилинган. Тадқиқотчиларнинг фикрича демократик услуб фарзанд тарбиясида энг оптимал ва самарали ҳисобланади. 

Хаотик услуб – ота-онанинг фарзанд тарбиясида услуб, йўналиш ва ёндашувларни танлашдаги якдилликнинг йўқлиги. Бунинг оқибатида ота-она ўртасида турли жанжаллар келиб чиқиши сабабли болада невротик реакциялар пайдо бўлади. Фарзандлар ота-оналарининг унга бўлган муносабатида бирдамлик, барқарорлик (стабиллик)ни сезиши ўта муҳим. Фарзанд ўз ҳатти-ҳаракатига нисбатан аниқ йўналиш ва баҳони ҳис қилиши керак. Ота қаттиққўл бўлиб, сўзсиз итоатни талаб қилса, она аксинча, фарзанднинг инжиқликларини кўтарса, бу фарзандлар хулқида иккиланишга олиб келади. Бу ҳолатда болада ҳавотир туйғуси кучаяди, унинг ҳатти-ҳаракатида ота-онани манипуляция қилишга мойиллик, тажовузкорлик, қўрқув каби аломатлар пайдо бўлади. Турли услубларни қўллайдиган ота-оналар болаларни стабилликдан маҳрум қиладилар. Уларда ўзига ишончсизликни, импульсив, агрессив хулқни шакллантирадилар.

Шунингдек, фарзанд тарбиясида оилавий тарбиянинг муҳим унсурлари – асослаш, тушунтириш, маслаҳат, ибрат, шахсий намуна, қўллаб-қувватлаш, мақтов, далда, қоидалар белгилаш кабилардан ўз ўрнида фойдаланиш лозим.

Қуйида фарзанд тарбиясига оид ижобий кўникмаларни баъзиларини келтириб ўтамиз:

  • Бола шахсига хурматни намоён қилиш;
  • Педагогик такт, муомала маданиятига риоя қилиш;
  • Боланинг индивидуал, психофизиологик хусусиятларини ҳисобга олиш;
  • Бола тарбиясида қатъиятни, изчилликни намоён қилиш;
  • Боланинг нуқтаи назарини ҳурмат қилиш;
  • Шахсий ибрат бўлиш;
  • Болалар билан ишонч ва хайрихохлик руҳида гаплашиш;
  • Чеклов ва чоралар бола учун тушунарли бўлиши керак;
  • Боланиншг шахсий маконини ҳурмат қилиш;
  • Исталган эътироз бола шахсига эмас, унинг муайян ҳатти-ҳаракатига қаратилган бўлиши керак;
  • Болага дўст, кийим, мусиқа танлаш эркинлигини бериш;
  • Бола билан самимий, дилдан суҳбатлашиш;
  • Мумкин бўлган ишларнинг қатъий чегарасини белгилаш, токи бола мумкин бўлган ҳаракатлар чегарасини билсин;
  • Боланинг ҳаётида фаол иштирок этиш, унинг қизиқишлари, маслаги, орзу-истаклари билан қизиқиш;
  • Уни яхши кўришингизни таъкидлаш;
  • Унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини уқтириб бориш;
  • Бола билан уни қизиқтирадиган мавзуларда суҳбат қуриш;
  • Бола билан муносабат тактикасини ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида шакллантириш;
  • Фарзандларга оила ҳаётида иштирок этишга имкон бериш;
  • Оилавий муаммоларни муҳокама қилиш бўйича оилавий кенгаш тузиш;
  • Боланинг ҳаётида самимиий иштирокингиз лозимлигини унутмаслик.

 

Фойдаланилган адабиёт

 

  1. Абдурауф Фитрат. Оила. Тошкент. Маънавият, 2000.
  2. Абдулла Авлоний. Туркий гулистон ѐки ахлоқ. – Т: “Ўқитувчи”, 1997.
  3. Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. Тошкент. Абдулла Қодирий номидаги халк мероси нашриёти, 1993.
  4. Азаров Ю.П. Семейная педагогика. Воспитание ребенка в любви, свободе и творчестве. - М.: Эксмо, 2015.
  5. Сластенин В.А. Педагогика: Учебное пособие. – М.: Академия, 2009.