Болаларда лоқайдлик ҳамда дангасалик хусусиятларини олдини олиш

«Икки кунини бир хил ўтказган киши зарардадир»

Ҳурматли оналар, агар сизнинг фарзандингиз қизиқиш билан бошлаган ишини охирига етказмаса, дангасалик оқибатида ўзи учун бир кунга режалаган ишларни бажара олмаса, куни билан бекорчилик унга ёқса, мен қилмасам ҳам ҳамма нарса ўзидан-ўзи бажарилаверади, куним шундоқ ҳам ўтаяпти деган қарашлар бор бўлса, унда лоқайдлик ҳамда дангасалик хусусиятларини олдини олишга қаратилган чораларни қилишингиз зарур бўлади. Акс ҳолда фарзандингиз танбалликка, масъулиятни ҳис қилмасликка, тайёр нарсаларга ўрганиб қолади. Мустақил ҳаёт бошлашда қийинчиликларга учрайди, иродасизлик хусусиятлари пайдо бўлади.

Лоқайдлик ва дангасаликни келтириб чиқарувчи омилларни билишингиз  уларни олдини олишингизда сизга ёрдам беради.

Ўсмир боланинг аниқ мақсади бўлмаса.....

Ота-она болага тарбия беришда боланинг олдига мақсад қўйишни билиши керак. Ана шунда бола ҳар бир ишига масъулият ҳис қилишни ўрганарди. Мақсад болага интилиш учун бир талаб қилинадиган кучдир. Яъни бола маълум бир истагингизни сиз айтганингиз учун эмас, балки бу нарса унга фойдали бўлгани учун қилиши кераклигини англай олиши лозим. Масалан, сиз,  «Кеча нима қилдим? Бугун нима қиламан? Эртага-чи?», деган саволни фарзандингизга ўз-ўзига ҳар куни беришни ўргатинг.

Масъулиятни ҳис қилмаса.....

Уйда, мактабда ўзи масъул бўлган ишларнинг камлиги болада лоқайдлик хусусиятининг шаклланишига олиб келади. Сиз, фарзандингизни мустақил меҳнат қилишга, фақатгина ўзи бажариши зарур бўлган вазифаларни кўпатиришига кўмаклашинг. Масалан, уй юмушларидаги вазифаларини белгилаб беринг ва уни назорат қилинг. Спорт машғулотларига беринг. Айнан ёшлик чоғидан спорт билан дўст бўлиш боланинг ўз устида ишлаши, иродаси тобланиши, мусобақаларда қатнашиш орқали қатъиятлилик ва мардлик хусусиятларининг шаклланиши, ғалабага интилиши, мустаҳкам иродага эга бўлиши учун пухта замин яратади. Шунинг учун фарзандингизнинг спорт билан шуғулланишига шароит яратиб беринг, ана шунда масъулият билан ёндашишни ўрганди.

 

Ўқишдаги, фаолиятдаги мувофақиятсизликлар...

Ўсмир болаларнинг тафаккури билим орттиришга тўлиқ тайёр бўлади. Баъзида шундай вазиятлар бўладики, билим орттиришга бўлган интилиш мактабдаги ўқишга бефарқ ёки ҳатто салбий муносабатда бўлиш билан, мактабдаги баҳоларга «хушчақчақ-менсимаслик» муносабати билан аралашиб қўшилиб кетиши мумкин. Бу ўқишдаги у ёки бу хилдаги муваффақиятсизликка, ўқитувчи билан бўлган низога нисбатан ўзига хос реакция бўлиши мумкин. Ўсмир одатда ўзининг ўқишдаги муваффакиятсизликларини қаттиқ ичдан кечиради, лекин унинг иззат нафси баъзан бу муваффакиятсизликка бўлган хақиқий муносабатни ниқоблаш хохишини туғдиради. Натижада ўқувчи ўқишдаги муваффакиятларга ўзини мутлақо бефарқдек ва бепарводек тутади, хатто сохта мардлик кўрсатмоқчи бўлади. Шунда,ўсмирда ўзига бўлган ишончи ва билим олишга бўлган қизиқиши сўна бошлайди ва оқибатда буни бефарлик ва дангасалик билан алмаштиради. Бундай ҳолатларда «Муваффақиятга эришаман, бажараман, уддасидан чиқаман!» қабилидаги ўзига бўлган ишончини орттиришга қаратилаган сўзларни айтиш муҳим эканлигини тушунтиришимиз ҳамда дангасалик ва лоқайдликнинг  салбий оқибатларини англаб олишларига ёрдам беришимиз керак. Масалан, “дангасалик шундай айёрки, баъзан мазаси бору, лекин фойдаси йўқ ширин сақичлардек алдайди, бўшашиш, ҳаётдан зерикиш, чарчоқ, хасталик, бекорчилик, ҳавоийлик каби турли тузоқлар билан инсонларни ўзининг тўрига илинтиришга ҳаракат қилади.«Бугун кўп ўқидинг, бир неча кун дам ол», «Хафа қилма ширин жонингни, ўқиб нима қилиб берардинг? Ўқиганлар нимага эришди?», «Ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам бир. Кўза олиб келган ҳам, келтирмаган ҳам бир хил, бироқ шунча ҳаракат қилишдан нима фойда?», «Қўявер, бахт қуши бошингга қўнса, ҳаммаси ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади», деган гаплар билан инсонни фалокатга етаклайди, ҳеч қандай баҳона тополмаслик учун дангасаларни кўпайтиради” каби уларни ўзлари билан ўзлари ишлаш ва иродали бўлишга ундовчи кучли таъсир кучига эга бўлган сўзлар билан уларда курашувчанликни шакллантиришимиз лозим.

Қизиқишнинг йўқлиги...

Инсонлар шу қизиқиш туйғуси билан тоғларга чиқишади, денгизларнинг тубига тушишади, ойга учишади. Машҳур олим Эйнштейннинг нисбийлик назариясини кашф қилишида болалигидан оқ ўз-ўзига бериб турган саволларига жавоб топиш орзуси сабаб бўлган эди.  «Икки воқея айни бир пайтда қандай содир бўлиши мумкин? Инсон ойга миниб, саёҳат қилса қандай бўларкин?» деган саволлар унинг учун муваффақият пилла пояси вазифасини бажарди. Қизиқиш илмнинг машъалидир. Ундан фойдалана олганимиз нисбатда йўлимизни ёритади.

 «Мен ишлашни истайман, аммо вақтим йўқ. Орзуим бор, фақат куч-қувватим йўқ», деган кишига ишонманг. Бошқа нарсаларга вақт топа олган инсоннинг бу гаплари, ўзини оқлаш учун айтилган баҳонадан бошқа нарса эмас. Инсон истаса бошқа нарсаларга вақт топгани каби, ишлашга ҳам вақт ва куч топа олади.

Телевизор, планшет, телефон компютер ўйинларига ўрганиб қолса.....

Бола асабийлашганда "экран" билан уни овутмаслик муҳим. Бунга у одатланиб, каттабўлганидаҳаётдаучрайдиган қийинчиликларга дуч келганида, ўз кучи билан уларга бардош бермай, бирон ўйинчоқ (ичкилик, чекиш)дан малҳам излайди. Бола асабийлашиб қийинчиликни бошидан кечираётган пайти унга онанинг эътибори талаб этилади, компютер ёки телефон экрани эмас. Ўз вақтини ва сабрини қизғонган она боласига телефон ёки компютер тутқазиб қўяди. Шу йўл билан у боланинг ҳаётда кучли бўла олиш, қийинчиликларни енгиш қобилиятига қаттиқ зарба беради.Болани ҳеч қачон компютер ўйинлари ривожлантирмайди. Гаджетлар ёрдамида болани миясини чархламоқчи бўлган ота-оналар мутлоқ хато қиладилар. Болани кичиклигидан мулоқот, суҳбат, қўли билан ушлаш, ҳис этиш, эшитиш, кўриш каби туйғулари ривожлантиш керак. Бола экрандан маълумот олишни, ўйинлар орқали бирон вазифа бажаришга ўрганиб қолса, у ҳаётга, жамиятга мослашиши жуда қийин кечади. Экранда удддалай олган вазифани ҳаётда умуман бажара олмайди. Ўсмирлик даврига келиб эса бу авж олади. Ҳаётда бажариши керак муҳим вазифалари иккинчи ўринга ўтиб, фақат вақтини овунчоқлар билан ўтказишга ўрганиб қолади. Шунинг учун овунчоқ сифатида ҳеқ қачон телевизор ва телефонлардан фойдаланманг.

Фарзанд – бу сизнинг оила аталмиш боғингизда ўсган дарахт унинг шаклу шамойили, мевасининг ширин ёки тахирлиги сизнинг боғбончилик маҳораингизга боғлиқ. Бола тарбиясида барча – мактаб, қўни-қўшни, маҳалла ҳам роль ўйнайди. Лекин асосий тарбия маскани – оила, асосий тарбиячилар – ота-оналардир.

 

Билолова Замира Бахтияровна - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази илмий ходими, психолог.