Бола парваришидаги ҳар бир она эътибор бериши керак бўлган жиҳатлар....

Она ва бола муносабати шахснинг шаклланишида энг муҳим аҳамиятга эга бўлган шахслараро муносабатлар тизими сирасига киради. Чунки бола дунёга келар экан, у илк бор она ва бола муносабатлари тизимида ижтимоий муносабатларга киришади ва айнан шу муносабатлар замирида инсоний сифатларни, миллий қадриятларни ўзлаштириб боради. Боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб етишиши у дунёга келган илк кунлардан бошлаб онаси томонидан қандай тарбияланганлиги, уларнинг ўзаро муносабатлари қандай кечганлигига ўзвий боғлиқ бўлади. Боланинг гўдаклик давридан бошлаб тарбиясида, айниқса бу гўдак биринчи фарзанд бўлса, ота-оналарнинг характер хусусиятларида безовталилик, ўзига ишончсизлик каби аломатларни кузатиш мумкин. Бундай хусусиятларнинг намоён бўлиши кўпинча болага эмас, балки онасининг хулқ-атворига боғлиқ бўлар экан. Шундай хулқ-атвор шаклларидан тўрттасини кузатсак, булар:

  • хавотирланадиган она – ҳар доим ички хавотирланиш асосида бола ва ўзига нисбатан қўрқув ҳисси билан яшайдиган;
  • мунгли, хомуш она – ҳар доим ўзини эзилган, хафа, оғир ҳис этадиган ва кўп йиғлаб, тез чарчайдиган;
  • ўзига ишонган, ҳукмрон она – тарбияда замонавий тенденцияларга амал қиладиган, осойишталик билан ёндашадиган;
  • босиқ характердаги – бу она турли вазиятларда ўзини тута олади, тўғри қарорлар қабул қилади, у доимо яхши она бўлиш учун ҳаракат қилади, ўз устида ишлайди, керакли маълумотларни олишга интилади, хавотирдан ва бошқа холатлардан ўзини тия олади.

Шундай характер хусусиятларига кўра бола хулқ-атвори гўдаклик давридан бошлаб шаклланади ва бунда албатта, бола учун энг яқин бўлган онанинг хулқ-атвори сўзсиз таъсир этади.

Меҳрибон онагина фарзандига, ёнидагиларга беэътибор бўлмайди. Шунинг учун кўпинча фарзанд, авлод тарбиясидаги барча чоралар аёлга, онага қаратилганлиги ҳам  бесабаб эмас. Шунинг учун аёлга оила устуни сифатида қаралади. Бежиз эмаски, Шарқда аёлни фариштага қиёс этишади. Чунки фаришта Оллоҳ яратган энг пок, энг бегуноҳ зотларданлир. Қолаверса, аёлгина фарзанд кўриш, уни дунёга келтириш, боқиш каби буюк вазифаларни адо этиш учун масъулдир.

Психолог олимлар махсус тадқиқот ўтказганлар. Бу тадқиқотда она-бола муносабатлари қандай бўлишига қараб, боланинг ўзини қандай ҳис қилиши мумкинлиги махсус ўрганилган. Она-бола муносабатлари узвий, самимий, меҳр кўп ифодаланган муҳитда ўсган бола билан она-бола муносабатлари яқин эмас, шунчаки, меҳр кам ифодаланган муҳитда ўсган бола орасида жуда катта фарқ ва тафовутлар кузатилган. Онаси билан кўпроқ бирга бўлган болада (бу албатта, боланинг гўдаклик ва илк  болалик даврида) ўзини ҳимояланган ҳис қилиш, ўзига ишонч юқорилиги, хулқ-атвори ва хатти-ҳаракатларида эса қизиқиш, ҳаракатчанлик, меҳр кўпроқ кузатилган. Акс холатда эса, бола хусусиятларида хадиксираш, ишончсизлик, асабийлик, бефарқлик  намоён бўлган. Мана шунинг учун  бўлса керак, аёлларимиз фарзандли бўлганларидан кейин унинг тарбияси ва парвариши билан уч йил ҳамда ундан ортиқ шуғулланган бўлишлари лозимлиги талаб қилинади. Ундан ташқари яхши тарбия бериш, тўғри парвариш қилиш учун тарбия бераётган, парвариш қилаётган аёл-онанинг ўзи ҳам тарбияланган бўлиши зарур. Бу борада ёшларни, айниқса қизларни оила-никоҳ муносабатларига, фарзанд парвариши масалаларига, оила юритиш малакаларига, муомала сир-асрорларига оилага   қадар тайёрлаш муаммоси туради. Чунки, яхши тарбияланган инсон ҳаётни фалокатга, ҳалокатга, жаҳолатга олиб бормайди, балки аксинча, саодатга, маърифатга, бахтга элтади.

Оиладаги низолар рашк туфайли бўлса...

Ҳаёт мураккаб жараён, унда нималар бўлмайди, дейсиз. Арзимас сабаблардан жанжал чиқаришга, уни авж олдиришга ҳаракат қилмаслик керак. Бизда «эр-хотиннинг уриши - дока рўмолнинг қуриши», деган ибратли гап бор. Хусусан, ўртада фарзандлар пайдо бўлгандан кейин жуда эҳтиёт бўлиш зарур. Психологлар рашкни золимона рашк ва «иззат-нафси паймол қилинганликдан» бўладиган рашкларга фарқлайдилар. Золимона рашкни одатда худбин (эгоист), қайсар, золим, ҳиссий совуқ ва бегоналашиб кетган, ётсирайдиган, етарлича авторитар одамлар юзага келтирадилар. Бундай одамлар одатда турмуш ўртоқларига фақат бир буюмдек, ўз манфаати, фароғатини қондириш объекти, ўз мулкидек қарайдилар. Уларда бошқа одамнинг шахсий хусусиятларини сезиш, ҳурмат қилиш қобилиятлари ривожланмаган бўлади. Иззат-нафси, шаъни камситилганликдан бўладиган рашк-бу одатда ҳаяжонланадиган, ҳар нарсадан гумонсирайверадиган, ўзига ишонмайдиган, хавф-хатар ва нохушликларни бўрттиришга мойил, нуқсонлар комплексидан жабрланувчи одамларга хосдир. Уларнинг рашки унчалик ғазабли, қаҳрли бўлмаслиги, бироз юмшоқроқ намоён бўлиши мумкин. Бироқ унинг ҳам ўз моҳиятига кўра оилавий бахт учун заҳри, зарари кам эмас.

Лов этиб ёнган рашк  турмуш ўртоғининг энг арзимаган, беозор  ҳатти-ҳаракатлари, қилиқларини ўзининг  ёвуз, золим, тубан нурлари,  ранглари билан талқин қилиб, арзимаган нарсаларни  шубҳа ботқоғига булғаб,  улардан ўзининг  намоён бўлиши учун қўшимча қувват манбаи сифатида фойдаланади. Ишдан озгина кечикиб қолиш, дўстлар даврасидаги беозор имо ишора ёки сўз аллақачон унутиб юборилган болалик иштиёқлари ва шу каби ҳаёт икир чикирларининг ҳаммаси ғоят даражада пухталик билан ўз  турмуш ўртоғига қарши, уни айбловчи актларнинг қалин томларига йиғилади.

Шунинг учун оилани сақлашда эркаклар учун ва аёллар учун алоҳида маслаҳатларни бериш зарур деб ўйлаймиз.

Эркак кишининг рашкини қўзғатадиган ҳолатларни аёллар ёдда тутишлари керак:

Кўзгу олдида ҳаддан ташқари ўзингизга оро берсангиз...

Агар рашкчи эрингиз билан турмушим осойишта ўтсин десангиз,қуйидаги қоидаларни ён дафтарингизга ёзиб олинг!

  • Эр-хотин ўртасидаги ҳар қандай жанжалнинг боши оддий гап-сўзлардан бошланади. Фикрлаб кўрсангиз, бу каби гап-сўзлар оилангиз тинчини бузишга арзимайди;
  • Жуфтингиз олдида бошқа эркакларнинг ютуқлари-ю, афзалликларини мақтаманг! Бу рашкчиларнинг ғазабини қўзғатади! Ҳатто у сизнинг қариндошингиз бўлса ҳам.
  • Эрингизнинг иш фаолияти, муаммолари ҳақида у билан кўпроқ сухбатлашинг. У сизнинг ғамхўрлигингизни ҳис этса, тинчланади.
  • Ташқи кўришингизни кескин ўзгартирманг. Бу ҳар қандай эркакни ҳам шубҳа гумонлар сари етаклайди.
  • Бўш вақтингизни фарзандларингиз тарбиясидан ташқари, эрингизга ҳам ажратинг. Унутманг, меҳр кўзда деганлари рост!

Рашк ҳисларидан қутилишда  психологлар  қуйидаги йўлларни тавсия этишади:

  1. Рашк ҳисларини бошдан кечираётган шахс яхшилаб мулоҳаза қилиши, ўз рашк хисларига танқидий қараши,  рашк хисларини юзага келтираётган  сабаблар  реалликдан анча  йироқ бўлиб аксарият ҳолларда  рашк  қилувчи  шахс ўзини тасаввур  ҳаёли эканлигини  тушуниб етиши. Ҳақиқатни тушуниб етган шахс  тегишли хулоса чиқариб  рашк хислари азобидан  қутулиш  имконига эга бўлади. Мазкур услубни қўллаш  ҳар бир  инсон қўлидан келавермайди. Бунинг учун шахс  етарли  етарли ақл, кучли аналитик тафаккур эгаси бўлиши керак.
  2. Рашк хислари асосли фактларга таянган, аввалги тавсияларимиздан  фойдаланиш имкони бўлмаган шахслар азоб берувчи  рашк хисларидан  қуйидагича қутилишлари мумкин. Рашк қилаётган кишингиз  шахсини муҳаббат кўзойнагини ечиб, танқидий кўз билан ўрганинг. Оқибатда  унинг шахсида қатор камчилик ва нуқсонлар борлигига иқрор бўласиз. Шунча камчиликлари бўлган, Сизга бевафолик қилаётган шахс учун азоб чекишингиз ўринлими? Бу шахс сизнинг  беғубор, муқаддас  севги хисларингизга лойиқми? Мазкур вазият  ўз вақтида кўзингизни очиб, уни ҳақиқатан  ким эканлигини тўғри идрок қила олишингизга  миннатдор бўлинг. Сиздек вафоли, ахлоқ-одобли инсонни қадрига етмаган шахс севги муҳаббатингизга лойиқ эмаслигига  ишонч хосил қилинг. Агар  юқоридаги  фикрларимиз Сизни ҳолатингизга тўғри келса, демак рашк қилувчи шахсни объектив баҳосини  бериш натижасида уни идрокингизда қадрсизлантиради. Қадрсизланган шахс  одатда  рашк қилинмайди ва  сиз рашк  хисларидан  халос бўласиз.

 

Ўсмир ёшига тўлмаган фарзандларини ўзгалар қўлига ташлаб ишлаш учун ўзга юртларга кетаётган ота-оналар жуда кўплаб топилади орамизда. Улар учун бир оғиз сўз .........

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, деган мажбуриятимиз мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ерда иккита мажбурият бор. Бири – боқиш, иккинчиси – тарбиялаш. Кўпинча ота-оналар боқишга эътибор берадилару, тарбиялаш мажбуриятларини эсдан чиқариб қўядилар. Бизга бола боқиш муаммоси, яъни боламга нима едириб-ичирсам экан, нима кийдирсам экан деган муаммо долзарбдек кўринади, аммо тарбияга бефарқлик, болани беэътибор қолдириш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрсак ёмон бўлмайди.

Республика “Оила”илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан 2017 йилда ёшлар орасида ота-она ва фарзанд муносабатлари ва ёшлар тарбиясини аниқлашга қаратилган сўровномалар ўтказилди. Натижаларга кўра,“Сизнинг фикрингизча, ёшларнинг зарарли моддаларни истеъмол қилишига нималар сабаб бўлади деб, ўйлайсиз?” деган саволга Республика бўйича 697910 нафар ўқувчиларидан 55,6 фоизи “катталар назоратининг сустлиги”деб жавоб беришган.“Катталар назоратининг сустлиги” жавобининг юқорлиги ва бунинг ёшлар томонидан онгли равишда белгиланиши тарбияда катталарнинг назорати доим улар учун керак эканлигини кўрсатади. Демак, ота-оналарнинг ўз фарзандларини ташлаб назоратсиз қолдиришлари  тарбиядаги салбий оғишишларни келиб чиқишида асосий сабаблардан ҳисобланилади. Тарихда бир одамнинг тарбиясига эътиборсизлик нафақат унинг ўзига, балки унинг оиласига, мамлакатига, ҳатто инсониятга беҳисоб кулфатлар келтирганига мисоллар бор. Масалан, иккинчи жаҳон урушининг келиб чиқишини педагогик-психологик таҳлил қилиб кўрайлик. Австрио-Венгриянинг Браунау-ам-Инн шаҳрида ўсган иқтидорли ўспирин Адольф Гитлер уюшмаган ёшлар қаторига тушиб қолади. Ота билан адоват, ишсизлик, Вена Бадиий академиясига ўқишга киролмаганлик, уни рад этган ҳаётга нафрат, ирқчилик ғояси билан заҳарланиш, “ҳомий”(Карл Мейер) назарига тушиш, аламзадалик, “Тарғиботчилар мактаби”да олган нотиқлик маҳорати 1934 йилда уни дунёнинг энг ёвуз одамига айлантиради.

Азиз ота-оналар шуни билинки, фарзандингиз учун сизданда қимматлироқ ва сизданда кераклироқ инсон йўқ. Фарзандингиз олдида бўлишингиз қийин меҳнат билан бўлса ҳам уни ўзингиз тарбия қилишингиз, меҳрингизни доим сезиб туриши унинг келажаги ва камолоти учун жуда зарурдир.

Опам мени чет элга ишлагани чақиряптилар...

Сиз ўз кучингизга ишонсангиз опангизга ўз юртингизда ҳам яхши ютиқларга эриша олишингизни тушунтиринг. Сизнинг мақсадларингиз ўзгача эканлигини, ўз келажагингизни ўз ватанингизда кўришингизни уларга айтинг. Сиз чет элга кетиб ишлашни хоҳламасангиз ҳеч ким сизни мажбур қилишга хаққи йўқ.

Гоҳида ёшлик пайти кучга тўлган маҳалда инсонлар ўзларини ўққа-чўққа уриб энг ёрқин, жўшқин ва  билимга чанқоқ бўлган дамларини фақат пул топишга сарфлайдилар, оқибатда ҳаётда қандай яшаганликларини, нима учун яшаганликларни тушунмай қоладилар. Ёшлари ўтиб борган сари, ёшлик ғайрати сўниб боради ва шунда, бирон бир касб эгаси, хунар эгаси бўлишлари мумкин бўлган имкониятлардан ўз вақтида фойдалана олмаганликларидан ва нима учун  шундай яшаганликларидан афсусланиш ҳисси пайдо бўлади.Сиз ана шу қимматли вақтингизни ширин хотираларга тўлдиришга ҳаракат қилинг, ўзингизни келажагингиз ёрқин бўлиши учун ўзингиз ёқтирган ва қобилиятингизга мос бўлган касб-ҳунарни ўрганинг ва  уни мукаммал эгаллашга ҳаракат қилинг. Хозирги кунингизни сабр тоқат билан ҳунар эгаллашга сарфлай олсангиз, кейинчалик ана шу ҳунарингиз орқасидан ютуқларга ва молу-давлатга ҳам эга бўласиз. Яхши касб-ҳунар эгаси бўлишлик ҳамма ерда ҳам бирдек қадрланади.

Икки ёшни унаштириб кўйдик, тўй қилиш арафасида турибмиз...... Биринчи тўйим бўлгани учун қандай йўл тутсам, яхши бўлишини билмай қолаяпман. Хамма тўйнинг бошида тургиси келади. Бундай қилиш керак, ундай қилиш керак деган гаплардан чарчадим......

Тўй оилавий байрам бўлиб, у кишиларда ҳамжиҳатлик, аҳиллик, меҳр-оқибат, хайр-саховат, иймон-эътиқод, меҳмондўстлик, инсонпарварлик, дўстлик каби фазилатларни тарбиялашга хизмат қилади. Тўйда халқимизнинг миллий минталитети, ўзлиги том маънода акс этади. Лекин тўйлар халқимизнинг маънавий юксалишида қанчалик ижобий рол ўйнамасин, уни ўтказиш билан боғлиқ баъзи ортиқча расм-русумлар, одат тусига кириб бораётган удумлар жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, оилаларнинг маиший барқарорлигининг таъминлашига ўзининг салбий таъсирини ўтказиши табиийдир. Ном чиқариш, обру қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш исрофнинг кўринишларидандир. Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Иҳчамгина файзли ўтказилган тўйлар энг яхшисидир. Бунга зиқналик деб қарайдиган инсонларга биргина мисол, хонадонларимиздан ортиб қолган таомларни ташлаб юбориш исрофгарчилик эмасми?

Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса ёш оилага анча ёрдам бўлади. Маҳалладаги ночор яшаётган  бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага мадад бериб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш йигитнинг мушкулини осон қилиш каби савобли ишлар билан бошланган тўйларнинг келажаги порлоқ ва ҳайрли бўлади.