Ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллардан тузилган ўқув-курси пилот лойиҳаси

Бугунги кунда жамиятимизда хотин-қизларни фаол қўллаб-қувватланмоқда. Ўз навбатида, оилалар мустаҳкамлиги ва фаровонлигини таъминлаш ҳам давлатимиз эътиборида. Амалга оширилаётган бу каби эзгу ишларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

2018 йил март-июнь ойлари давомида Марказ томонидан Тошкент шаҳридаги Инха университети билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатиш пилот лойиҳаси олиб борилди.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади аёлларга ахборот-коммуникация, хусусан, компьютер технологиялари дастурларини мукаммал ўргатиш ва келгусида ушбу соҳа мутахассиси сифатида фаолият олиб боришларига кўмаклашишдан иборат. Ушбу олий таълим масканида сабоқ олган Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи 9 нафар аёллар мазкур лойиҳада иштирок этдилар.

Курс давомида марказ мутахассислари томонидан аёллар билан доимий равишда суҳбатлар, учрашувлар ва психологик тренинглар ўтказиб борилди. Аёлларнинг психологик ҳолати ва ўзига бўлган муносабатлари натижалар асосида таҳлил қилинди. Масалан, лойиҳа иштирокчиларининг курс бошланишидаги ўзига бўлган ишончи курс охирига бориб ишончлари ва ўзларига бўлган муносабатлари ортганликлари аниқланди. Курс якунига бориб аёларнинг орасида ўзига паст баҳо берадиганлари қолмади ва ораларида ўзларига ҳаттоки озгина бўлса ҳам юқори баҳо бера бошлаганлари пайдо бўла бошлади. 

Курс фаолиятининг сўнги кунлари иштирокчилар билан марказ ходимлари учрашув уюштирганда қизлар ва аёллар қуйидаги фикрларни билдиришди:

— “Ҳўжайиним бетоб бўлганликлари сабабли мен ўз вақтимни фарзандларимга ажратолмай қолдим, чунки мен ишлашга мажбур бўлдим, маҳаллада ёрдамчи бўлиб ишлаб, эрталаб чиқиб кетиб, кеч қайтардим. Оила аъзоларим ҳолидан хабар олишга имкониятим камроқ эди. Ҳозир эса курс давомида олган билимларимни бирга болалар билан ўтириб муҳокама қиламиз, улар менга ўргатади, мен уларга ўргатаман. Олдин билмаган нарсаларни ўрганиш инсоннинг ўзига бўлган ишончини орттирар экан. Бу жараёндан ўзимга нисбатан ишончим ортди. Бунинг натижасида оилам билан муносабат ўрнатишим яхшиланди. Турмуш ўртоғим бетоб бўлиб қолганларидан сўнг 5 йил мобайнида оиламдаги психологик муҳит яхши эмас эди. Мана шу ўқув курсига келиб мен оилам билан психологик яқинлашдим. Чунки, илгарилари ўзим сезардим, улар билан бирга яшасамда, улардан психологик узоқлашиб кетган эдим. Мен шу ўқув курсининг ташкилотчиларидан жуда ҳам миннатдорман. Ҳозиргикунда бу ўқув курси менга мутахассис сифатида иш фаолиятимни бошлашимга замин яратди. Жамиятда қайсики молиявий қийин аҳволга тушиб қолган, иш қидираётган аёллар борки, уларга шундай ўқув курсларида ўқишларини тавсия қиламан. Мендан кўпчилик танишларим – “бундай ўқув курсларини қаердан топдинг, менга ҳам айт, мен ҳам борай” - деган фикрларни айтишади. Шунинг учун бундай ўқув курсларни ташкиллаштириш тизимли равишда бўлишига тилакадошман. Сизларга катта раҳмат !!!

— “Мен ҳам компьютерни билмас эдим, шу ерга келиб ўргандим. Word, Exel дастурларини, таблица яратишларни, расмлар билан ишлашни ўргандим. Уйимизда компьютер йўқлиги учун фақат шу ерда ўрганишга ҳаракат қиламан. Турмуш ўртоғимтаълим олишга ҳаракат қилишимни кўриб, менга нисбатан қарашлари ўзгарди, муносабатларимиз яхшиланди. Ҳозирда, таълим олишимда мени доим қўллаб-қувватламоқдалар. Бундай ўқув курсларини кўпайтириш керак, чункиқишлоқда бундай компьютер ўрганишга шароитлар йўқ. Айниқса қизлар билим олишга қийналадилар. Тошкентга келиб ҳамма шароитларни кўриш мумкин. Сизлардан сўрардимки қишлоқ қизларини ҳам ана шундай курслар билан ўқитишни кўпайтиринглар. Сизларга катта раҳмат!!!”

  • “Оилада 4 та фарзандим бор. Бу ерга келганимда компьютер дастурлари ҳақида ҳеч нарсани билмасдим. Илк тушунчалардан бошлашимда ва ҳозирда шундай билмларга эга бўлишимда ўқитувчиларимнинг катта хиссалари бор. Бизга эринмасдан бошидан аста-секинлик билан ўргатишда сабр-тоқатли бўлганликларидан миннатдорман. Уйга борсам катта фарзандим менга ҳам ўргатинг деб туради. Ҳозирги кунда уй бекасиман,  лекин келажакда, курс якунланлангандан сўнг, оиламга, фарзандларимга иқтисодий томондан фойдам тега олишидан,  менинг ҳам қўлимдан бирон иш келиши мумкинлигидан жуда ҳам хурсандман. Бу таълим олишимўзимга нисбатан ишончим ортишида катта ёрдам бўлди. Қўлимдан келганча оиламга ёрдам тегиши учун астойидил ҳаракат қиламан.”

 Бундан кўринадики, улар ушбу курсда таҳсил олганликларидан беҳад миннатдор. Улар ўз хурсандчиликларини оилалари, фарзандлари ҳамда яқинлари билан ҳам баҳам кўришмоқда.

Олинган натижалардан шундай ҳулосага келиш мумкинки, аёллаларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларида, ўзларига бўлган ишончларини ортишида ва оила муҳитининг яхшиланишида мазкур ўқув курсида таҳсил олганликлари уларга катта ёрдам бўлди. Курс сўнгида  мазкур лойиҳанинг амалий натижаси сифатида аёлларнинг 4 нафари иш билан таъминланди.

Ушбу пилот лойиҳамиз жамиятимиз аъзолари орасида қанчалик қўллаб қувватланилса, келажакдаги режаларимизга янада ишонч ва ғайрат бахш этади ҳамда “Оила” марказлари қошида ташкил этилган ўқув курслар фаолиятига жорий этишда асос бўлиб хизмат қилади.