Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлашнинг ижтимоий-психологик йўналишлари.

Лойиҳанинг долзарблиги. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси – ёш мустақил давлат бўлиб,

- оила институти ижтимоий тузилма сифатида энг олий қадрият саналади;

- оила қуриш ҳар бир инсон учун маълум даражада мажбурият ҳисобланади;

- мамлакат аҳолисининг 60 фоизини 18-30 - ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Аҳолининг аксарият қисмини ташкил этадиган ёшларни маънавий юксалтириш, уларни азалий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, пировардида мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилага нисбатан муқаддас муносабатларни шакллантириш орқали жамиятда барқарорликга эришиш мумкиндир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика Қўмитасининг расмий  маълумотларига кўра, кейинги тўрт йилда Республикамизда ажримлар динамикасида ўсиш кузатилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари томонидан худудларда ажралишга ариза берган ёки ажралишга қарор қилган оила вакиллари билан яккама-якка, юзма-юз суҳбатлар ўтказилганда ажралишга олиб келувчи асосий сабаблар орасида эр-хотин келишмовчилиги деб кўрсатилсада, суҳбат жараёнида ота-она ва бошқа қариндошларнинг ёш оилаларга ноўрин аралашуви, ажраётганларнинг бир-бирига нисбатан бефарқлиги, ёшларнинг оилага тайёр эмаслиги, оилани тўғри ташкил этишдаги муаммолар, ёшлар ўртасида оила муқаддаслиги ҳақидаги билимларининг саёзлиги каби сабабларни санаб ўтиш ўринли эканлиги аниқланди.

Ажралаётганларнинг ёшига эътибор қаратсак, хотин-қизларнинг коллежни битирмасдан оила қурганлари ва кейинчалик фарзандли бўлиб келинлик вазифасини уддаламаганликлари оқибатида ёш оила бўла туриб ажрашаётганликлари кузатилди. Демак, бу борада  ёш оилалар билан кўп ишлаш кераклиги масъулияти кўринади, оилаларнинг бузилиши туфайли нафақат шу ажралишган эр-хотин, балки уларнинг фарзандлари, жамият ҳам кўп зарар кўради.

Бу борада оила мустаҳкамлигини таъминлашда: эркак кишининг роли, ўрнини билиш ҳамда йигитларни оила қуришга тайёрлаш зарурати, йигит-қизларни оилада юзага келадиган турли ўзаро муносабатлар, яқин қариндошлар, қайнона-келин, эр-хотин, қариндошлар ва бошқаларга тайёрлаш муҳим эканлиги аён бўлди.

Оилага тайёрлаш деганда биз анъанавий тарзда қизларни оилага тайёрлашни тушунамиз, лекин миллий хусусиятларимизга кўра оилада эркак, отанинг ўз ўрнида бўлиши ҳозирги йигитларни келгуси оилага қандай тайёрланаётганлиги масалаларига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Хориж ва республикамиз илмий-амалий тажрибасидан кўринадики, оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича илмий изланишлар асосан қизларга нисбатан олиб борилган. Йигитларни эса оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласи алоҳида илмий муаммо даражасида қаралмаган. Мазкур лойиҳа доирасида йигит-қизларни биргаликда оилага тайёрлаш муаммосини долзарб аҳамиятга эга масала сифатида  махсус ўрганиш зарур эканлиги таъкидланади.

Бизнинг назаримизда, оила қуриш масаласида йигитларни ҳам мустаҳкам оилавий муносабатларга ҳар томонлама тайёрлаш четлаб бўлмайдиган муҳим вазифалардандир. Жамиятимизда оила энг зарур қадрият сифатида қаралади, оиланинг мустаҳкам бўлиши ёшларнинг оилавий ҳаётга қай даражада тайёр ва етукликлари билан белгиланади.

Ушбу амалий лойиҳада ёш йигит-қизларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлашнинг ижтимоий-психологик йўналишларини ўрганиш, шу орқали бўлғуси оилага тайёрлаш масаласини устувор этиб олинди ҳамда лойиҳа доирасида оила қурмаган йигит-қизларни, ФХДЁ бўлимларига оила қуриш учун мурожаат этган йигит-қизларни мустаҳкам оила қуришга тайёрлашнинг ижтимоий-психологик йўналишларини ўрганиш, оила сабоқларига тайёрлаш долзарб ва муҳим вазифалар бири деб олинди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад – йигит-қизларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлашнинг ижтимоий-психологик йўналишларини илмий тадқиқ қилиш ва уларни амалиётга жорий этиш механизмини ишлаб чиқиш.

Лойиҳада ушбу вазифаларни бажариш режалаштирилди:

  • оила институтини ижтимоий-психологик йўналиши юзасидан илмий-назарий ўрганиш;
  • ёшларнинг оила қуриш шарт-шароитларини таҳлил қилиш;
  • ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг асосий мезонларини ўрганиш;
  • йигит-қизларда ижтимоий-психологик сўровнома ўтказиш ва натижалар асосида илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • йигит-қизларни мустаҳкам оилавий муносабатларга маънавий, психологик тайёрлашга йўналтирилган илмий-услубий қўлланма, ўқув дастур ва қўлланмалар яратиш ва амалиётга жорий этиш;
  • нодавлат, нотижорат ташкилотлари ходимлари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича раҳбар ўринбосарлари, ФХДЁ мутассаддилари, психологлар, диний имом хатиблар, юристлар, шифокорлар учун республика илмий-амалий конференцияларини ўтказиш, мухокамалар олиб бориш, келгуси режаларни аниқлаб олиш.
  • олинган натижалар ва белгиланган муаммолар юзасидан олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда кенг оммага тарғибот ишларини олиб бориш.

Тадқиқотнинг объекти  –Мудофаа вазирлигига қарашли Қуролли Кучлар Академияси, Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳамда  Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятида жойлашган муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган солдатлар.

Ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчи қизлари.

Тадқиқот методлари:

  1. Бирламчи тадқиқот натижаларни олиш мақсадида фокус гуруҳ муҳокамаси, стенограмма, кузатиш ҳамда суҳбат методлари.
  2. Ижтимоий-психологик сўровнона
  3. “Ёшларнинг оила қуришга маънавий жиҳатдан тайёрлик даражаларини аниқлаш” номли психологик сўровнома

Қўйилган вазифаларни бажаришда  илмий-амалий билишнинг тарихий, қиёсий-ҳуқуқий, тизимли ва бошқа усулларидан фойдаланилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасида оила, оилавий муносабатлар, шахс, оила мустаҳкамлиги масалаларини илмий-методологик ҳал этишга қаратилган оммабоп қўлланмаларни яратиш, мақсадли ва манзилли қўллаш, шулар орқали оилаларда соғлом муҳитни яратиш билан боғлиқ муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Тадқиқот натижасида Ёшларни етук шахс сифатида маънавий юксалтириш, уларни азалий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, пировардида мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш ва Ватанга, оилага нисбатан муқаддас муносабатларни шакллантириш метод ва услубларини ишлаб чиқилади.  Ёш йигит-қизларга мустаҳкам оила қуриш тушунчаси, оила қуришнинг асосий вазифалари, оилада эркак кишининг масъулияти, бурчи, оилага етуклик шартлари, оилада ота мақомининг юксаклигини улуғлаш каби маънавий, тарбиявий,  психологик йўриқлар  сингдирилади, оилага нисбатан зарур установкалар шакллантирилади.

Лойиҳа иштирокчилари:

Ташмуҳамедова Дилором Гафуржановна - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори. Тиббиёт фанлари номзоди.

 Умаров Бахриддин Мингбоевич - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази лойиҳа йўналиши раҳбари. Психология фанлари доктори, профессор.

Акрамова Феруза Акмаловна - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази лойиҳа раҳбари. Психология фанлари номзоди, доц.

Шомуротова Нигора Набижоновна - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази лойиҳа етакчи илмий ходими. Психология фанлари номзоди.

Билолова Замирахон Бахтияровна - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази лойиҳа катта илмий ходими. Тадқиқотчи-психолог.

Содиқова Гулбарно Одилжон қизи - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази илмий ходими.

Бажарилиш муддати: 3 йил