ЯПОНИЯ УНИВЕРСИТЕТИ РЕКТОРИ “ОИЛА” МАРКАЗИДА

Шу кунларда Япониянинг Аичи университети ректори Куфукихара Рей билан “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Г.Ташмухамедова учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда “Оила” маркази ходимларидан фалсафа фанлари номзоди, доцент В.С. Хан., илмий котиб, фалсафа фанлари доктори (PhD) Ш.Ю.Шакирова, ЎзФА Шарқшунослик институти илмий ходим Х.Назировалар иштирок этди.

Унда Япония университети ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, хусусан, оила ва аёл мавзусида ҳамкорлик лойихаси ҳақида фикр алмашилди.

– “Оила” марказининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида белгиланган Ўзбекистонда замонавий намунали оилаларни ўрганиш, бой маданий-тарихий меросимиз асосида тадқиқ ва тарғиб этишдан иборат, – дейди “Оила” маркази директори Д.Ташмуҳамедова. – Шарқда, айниқса, бизни ўлкада оила қадрияти энг қадимгилардан ҳисобланади. Мана шу қадриятларни янгидан кўтариб чиқиш, ёшларни тарбиясига, маънавиятига таъсир қилиб ёшларни бўлажак турмушга тайёрлаш буюк вазифаларимиздан бири. Ҳозир бутун дунёда демографик муаммолар бор, биз уларни ўрганяпмиз. Етим болалар муаммолари, ажрашишлар муаммолари, қийин аҳволга тушган оилалар, аёлларнинг репродуктив саломатлигига эътибор қаратилиб, қатор илмий ишлар қилиняпти ва лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлигига топширилмоқда.

Куфукихара Рей илмий мавзуни тасдиқлаш ва икки томонлама лойиҳа ишлаб чиқиш, унинг асосида семинарлар ўтказиш таклифини берди.

“Оила” маркази матбуот хизмати