ИЛМИЙ-УСЛУБИЙ ВА МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ КЕНГАШЛАРНИНГ ҚЎШМА ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

2019 йил 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Илмий-услубий ва Мувофиқлаштирувчи кенгашларининг қўшма йиғилиши ўтказилди.

Ушбу қўшма йиғилишни “Оила” марказининг директори, Илмий-услубий ва Мувофиқлаштирувчи кенгашлари раиси, сенатор Д.Ташмухамедова очиб берди ва у марказ томонидан олиб борилаётган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг аҳамияти ва уларни амалиётга жорий этишнинг долзарб масалалари устида алоҳида тўхталиб ўтди.

“Маълумки, “Оила” маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади. Юклатилган мазкур вазифани амалга оширишда, дея таъкидлади Д.Ташмухамедова, – оилаларнинг ижтимоий-демографик ривожланишнинг статистик кўрсаткичлари маълумотлар базасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш, ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилаш, натижаларини тарғиб қилиш жараёнларига  эътибор қаратиш лозим бўлган мезонларни ишлаб чиқиш марказ томонидан олиб борилаётган илмий-амалий тадқиқотларни сифатли бажаришнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боисдан “Оила” марказида илмий семинарларни ташкил этиш ва ўтказиш, оилаларнинг ижтимоий-демографик ривожланишнинг статистик кўрсаткичлари маълумотлар базасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш каби мавзулар бугунги кун тартибидан ўрин олган”.

Қўшма йиғилишда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг норматив ҳужжатлари:

– Аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг асосий йўналишлар бўйича фаолиятини молиялаштириш учун фойдаланиш тўғрисидаги Низом;

– Мувофиқлаштирувчи Кенгаш Низоми;

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва Марказ ҳудудий бошқармаларининг конференциялар ўтказиш бўйича Низом;

– Оилаларнинг ижтимоий-демографик ривожланишнинг статистик кўрсаткичлари маълумотлар базасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома;

– Ҳудудлардаги бошқармалар, ўқув курслари ва туман/шаҳар бўлимларининг иш фаолиятини ўрганиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнида эътибор қаратиладиган мезонлар;

– Социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

Қўшма йиғилишда республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (РБИММ) мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган “Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчиларини ижтимоий-педагогик реабилитатция ва интернатдан кейин қўллаб-қувватлаш ҳуқуқбузарликлар профилактикаси омили сифатида” мавзусидаги амалий лойиҳанинг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа муҳокамаси давомида унда кўтарилган масала ва вазифалар “Оила” маркази билан яқин ҳамкорликда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратилди.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати