ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ МЕЗОНЛАРИ – ТАДҚИҚОТ ОБЪЕКТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида “Оилада берилувчи таълим-тарбия мезонлари” мавзусида машварат ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси биринчи проректори Х.Азизов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Д.Ташмуҳамедова сўзга чиқдилар.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Ташмухамедова ўз сўзида оилавий таълим-тарбиянинг муҳим мезонлари, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини тарғиб қилиш, шунингдек намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш бўйича олиб борилаётган тадқиқотларни амалиётга жорий этиш жараёнлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Жумладан, “Ёшларни оила қуриш бўйича билим бериш борасида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да олиб борилаётган ишлар ижобий натижаларини бермоқда. Бугун республиканинг 14 та вилояти ва 130 та туман марказларида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолияти йўлга қўйган. Улар фаолиятига 400дан зиёд мутахасислар жалб этилган бўлиб, ҳозирга қадар 6000 дан ортиқ бўлғуси келин-куёвлар ўқитилди. Инновацион мактабларнинг асосий вазифалари – никоҳланувчи ёшларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий турмуш психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, ижобий ота-оналар кўникмалари масалалари бўйича самарали тайёрланишини ташкил қилишдан иборат”, – деб таъкидлади Д. Ташмуҳамедова.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Махсус ўқув курслари раҳбари, доцент М.Холиқова “XXI асрнинг концептуал хусусиятлари асосида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш масалалари” ҳақида илмий асосланган фикрларни билдирди.

Бундан ташқари, ота-она ва фарзанд муносабатлари, оиланинг фарзанд тарбиясидаги масьулияти каби масалаларда мухокамалар бўлиб ўтди ва тадбир иштирокчилари ва малакали мутахассислар томонидан фарзанд тарбияси борасидаги таълим-тарбия мезонларига оид таклифлар ва келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар айтиб ўтилди.

Таълим ва тарбияни уйғунликда олиб бориш, оиланинг фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятини ошириш жамият олдида турган қатор муаммоларни бартараф этишга сезиларли ҳисса қўшади. Бу мезонларни социологик ва психологик жиҳатдан ўрганиш эса самарали механизмлар, тавсиялар ва йўриқномалар ишлаб чиқишга имкон туғдириши шубҳасиз.

«Оила» маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати