ДЕПУТАТ САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши депутати, Олий Мажлис сенатори, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилорам Ташмуҳамедованинг Чилонзор туман аҳолиси билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда бир неча маҳалла раислари, мутахассислари ва фуқаролари, “Адолат” СДП вакиллари ҳамда “Оила” маркази ходимлари иштирок этди.

Аввал Дилорам Ташмуҳамедова юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, бу йўналишда “Оила” маркази томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида аниқ таҳлиллар ва далиллар келтирди.

– Тан олиб айтиш керакки, ҳали бу соҳада оламшумул ўзгаришларга  эришганимиз йўқ, – деб таъкидлади Д.Ташмуҳамедова. – Лекин секин-секин яхши натижаларни ҳам кузатяпмиз. Масалан, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ажрашишлар сони камайган бўлса, Самарқанд вилоятида улар ўсишдан тўхтаган. Муаммолар бор, уларни ечимини топишда оила аъзоларини иш билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан 2018 йил 7 июнда Президент қарори билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури қабул қилинган эди. “Оила” маркази туман (шаҳар) бўлимлари бу борада сезиларли натижаларга эришган.

Шундан сўнг аҳоли ўзини қийнаган муаммолар билан депутатга мурожаат қилди. Жумладан, “Чилонзор” маҳалласи, Катта Чилонзор-6 кўчаси, 14-уйда истиқомат қилувчи Ш.Туляганов академик Эркин Юсупов ҳотирасини абадийлаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига қилган мурожаати эътиборсиз қолаётганини айтиб ўтди. Шу манзил бўйича 30-уйда яшайдиган П.Умаров эса фарзандини 1-синфда 103-мактабга бермоқчи эканлиги, лекин микроҳудуд бўйича бошқа мактаб кўрсатилганлигидан норози эканлигини билдирди. Унинг айтишича қизи Робия Умарова шу мактаб орқасидаги боғчага борган ва ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Қолаверса, бу мактабга бошқа жойлардан келган болалар бемалол қабул қилинмоқда.

“Катта Чилонзор-1” маҳалласи, 14-уй, 52-хонадонда истиқомат қилаётган Галина Хван маҳалла маслаҳатчиси эканлиги ва туман депутатларига бир неча бор қўнғироқ қилиб, боғлана ололмаётгани ҳақида арз қилди. “Депутатларнинг вазифаси халқ билан учрашиб, муаммоларини эшитишдир, биз эса уларни қидириб тополмаймиз”, сўзини якунлади у.

Мансур Сиддиқов, “Новза” маҳалласи раиси эса қонунчиликка киритилган охирги ўзгартиришлардан норози. Унинг таъкидлашича, энди кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва 2 ёшгача болалар тарбияси билан шуғулланадиган аёлларга бериладиган моддий ёрдам доимий яшаш манзили бўйича эмас, балки вақтинчалик турган манзили бўйича бериладиган бўлди. Бунда фуқарони доимий турган жойи бўйича моддий аҳволини аниқлаш мураккаблиги асос бўлмоқда. “Катта Чилонзор-1” МФЙ раиси Фазлиддин Ниёзматов эса моддий ёрдам белгилаш ваколатини Молия вазирлигига бериш лозимлиги ҳақида таклиф билдирди.

Барча эътироз ва таклифлар расмийлаштирилиб, тегишли идора ва органларга ўрганиш учун юборилишга тайёрланди. Дилорам Ташмухамедова бу жараён устидан назоратни ўз зиммасига олди.