МУЛОҲАЗАЛАР БИЛДИРИЛДИ, ТАВСИЯЛАР БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситханованинг дастлаб Тошкент вилоятининг Зангиота, сўнгра Бўка туманига ташрифи доирасида уюштирилган тадбирда вилоятдаги 22 та туман ва шаҳарнинг фаол аёллари, маҳалла фуқаролар йиғини мутахассислари иштирок этди. Тадбир доирасида “Аёллар ижтимоий ҳимояси – ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда ижтимоий шериклик тамойилига асосан давлат ташкилотлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш органлари билан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, репродуктив саломатлиги, иш билан бандлиги, қадриятларни янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, уй-жой масаласи бўйича маҳалла аёллари яъни хотин-қизларга оид барча муаммоларни ҳамкорликда ҳал этишни самарали йўлга қўйиш ва тизимли ишлаш бўйича янги фикр-мулоҳазалар билдирилди,тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек,оилалар билан тўғридан-тўғри ёндашув асосида ишлаш бўйича гуруҳни ташкил этиш ва улар орқали замонавий тарзда, аниқ тақсимланган вазифалар асосида оилаларга кириб бориш бўйича янги усул ва услублар татбиқ этилаётгани ҳақида йиғилиш иштирокчиларига маълумотлар бериб ўтилди. Бу вазифаларни бажаришда, айниқса, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази жойлардаги бўлимларининг ҳамкорликда иштироки муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бор хотин-қизларга 106 та ногиронлик аравачаси, 85 та эшитиш мосламалари тақдим этилди.

Шу билан бир қаторда “Оила” маркази, “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” ва “Аёллар ижтимоий мослашув маркази” фаолиятлари билан танишилди. Ўтказилган тадбирларда Тошкент вилояти ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази масъул ходимлари иштирок этишди.

Умида Мансурова,

“Оила” маркази Тошкент вилояти бошқармаси мутахассиси.