БИРИНЧИ ФАНЛАРАРО НАШР

16 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида  Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан таъсис этилган “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” халқаро журналининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ильмира Баситхонова, “Ижтимоий фикр”  жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, Фанлар академияси академиги Раъно Убайдуллаева ва Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ректори, Фанлар академияси академиги Қаландар Абдурахманов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тақдимот анжумани журнални эксперт доиралари ва кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида ташкил этилган. Тадбир журнални мазмунан такомиллаштириш бўйича тавсияларни тайёрлаш, соҳа экспертлари доиралари, илмий-тадқиқот муассасалари билан тизимли ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек Ўзбекистонда оила институни мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказилди. 

Тақдимот маросимини оча туриб, “Оила” маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди, Олий Мажлис сенатори Дилором Ташмуҳамедова, жумладан шундай деди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан оила институтини мустаҳкамлаш, ҳаётнинг барча соҳаларида аёлларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтилганидан хабарингиз бор, албатта. Мана шундай ўта муҳим ва долзарб вазифаларни амалга ошириш учун Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузилди.

Бу эса, ўз навбатида, “Марказий Осиёда жамият, гендер, оила” номли халқаро илмий журнални мазмунан янада такомиллаштириш бўйича илғор тавсиялар тайёрлаш ҳамда соҳанинг эксперт доиралари, илмий-тадқиқот муассасалари билан тизимли ҳамкорликни фаоллаштиришни тақозо этади. Журнал оила ва никоҳ масалаларини ёритиш соҳасида биринчи фанлараро нашр ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) рўйхатига киритилган , – дея алоҳида қайд этди “Оила” маркази дирекори, сенатор Д. Ташмуҳмедова.

– Журнал оила масалаларини методологик жиҳатдан турли фанлар нуқтаи назаридан ўрганиш имконини беради, – деб таъкидлади журнал бош муҳаррирининг ўринбосари В.Хан. – Чоп этилган мақолаларнинг барчаси жуда қаттиқ текширилган, бир нечтаси нашр этишга нолойиқ топилган. Ўйлаймизки, журнал оила институтини мустаҳкамлашга доир қатор муаммоларни ечиш имконини беради. 

Журналнинг асосий вазифаси – фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар натижаларини таҳлилий мақолалар, библиографик ва илмий шарҳлар ҳамда хабарлар, тақризлар, ҳужжатлар, тарихий маълумотномалар ва гендер масалалари ва оила институти соҳасидаги бошқа илмий материаллар кўринишида чоп этишдан иборат, – деди  В.Хан.

Журналнинг босма версияси билан бирга унинг интернетдаги он-лайн режимдаги махсус сайти – http://sgfjournal.uz ҳам ишга туширилган.

“Оила” маркази матбуот хизмати