ОИЛАВИЙ МЕДИАЦИЯ– НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ МУҚОБИЛ УСУЛИ

2019 йил 17 сентябрь куни Тошкентдаги “Radisson Blu” меҳмонхонасининг конференц-залида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази  томонидан “Оилавий медиация” мавзусидаги тақдимот тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили У. Муҳаммадиев, "Адолат" социал-демократик партияси марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Н.Умаров, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари М. Нурматова ва соҳа мутахассислари иштирок этдилар.

Мазкур тадқимот фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги яраштирув комиссиялари фаолияти самарадорлигини таҳлилий ўрганиш натижалари ҳамда оилавий низоларни тартибга солиш соҳасида янги усул ҳисобланган медиацияни тадбиқ этиш масалаларига бағишланган.

Тақдимот маросимини оча туриб, “Оила” маркази директори, сенатор Д. Ташмуҳмедова йиғилиш иштирокчилар эътиборини қуйидаги масалаларга қаратди: – Жамият ривожининг замонавий босқичида оилавий низолар шахсий ҳаётга аралашмаслик, бетарафлик, конфиденциаллик ҳуқуқига риоя қилган ҳолда ҳал этилиши лозим. Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, ҳаётга медиация амалиёти оилавий низо ва келишмовчиликларни ҳал этишнинг янги ва муқобил усули сифатида тадбиқ қилиниши лозим. Конфиденциаллик, тенг ҳуқуқлилик ва ихтиёрийлик эса, унинг асосий тамойилларидан ҳисобланади.

Медиация мамлакатимизда 2018 йил 3 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонунга мувофиқ тадбиқ қилиниши мумкин. Олдимизда турган навбатдаги асосий вазифа – ушбу усулни медиаторлар ва яраштирув комиссиялари томонидан оилавий низоларни ҳал этиш амалиётида қўллашдан иборат, – деб таъкидлади Т.Ташмуҳамедова.

Қайд этиш зарурки, “Оила” маркази томонидан республикадаги  яраштирув комиссиялари фаолияти самарадорлиги илмий-амалий таҳлил қилинган ҳамда Германия, Болгария, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари экспертлари иштирокида низолашиш арафасида ва низоли вазиятда бўлган оилалар билан ишлашнинг янги шакл ва усуллари борасидаги халқаро тажриба ўрганилган.

Тақдимот давомида халқаро медиация тажрибаси ўрганиш натижалари, медиациянинг мақсад, вазифа ва тамойиллари, “Оила” маркази ходим ва мутахассисларини медиатив техникаларга ўргатишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

“Оила” маркази республикада оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилавий қадриятларни асраш ва ривожлантиришга доир ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича инновацион тадқиқотларни ўтказиш соҳасида етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

“Оила” маркази матбуот хизмати