ҚЎҚОН ШАҲРИДА “БЎЛҒУСИ КЕЛИН-КУЁВЛАР ИННОВАЦИОН МАКТАБИ” ОЧИЛДИ

Мана яна бир “Бўлғуси келин –куёвлар инновацион мактаби” ўз фаолиятини Қўқон шаҳар “Оила” марказида 3 июль куни бошлади. Тадбирда “Оила” маркази Фарғона вилояти бошқарма бош мутахассиси С.Юлдашева, Қўқон шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси Л.Назирова, “Оила” маркази Данғара тумани раҳбари О.Саидбекова, Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши, маҳалла мутахассислари, ёш оила қурувчи ёшлар, “Бўлғуси келин-куёвлар мактаби”да дарс берувчи мутахассислар, намунали оила вакиллари, оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.

Тадбирни “Оила” маркази Фарғона вилояти бошқарма бош мутахассиси С.Юлдашева табрик сўзи билан очиб, йиғилганларни мактабнинг мақсад ва вазифалари, мактаб фаолиятидан кўзланган натижалар ҳақида айтиб ўтди.

“Оила” маркази Қўқон шаҳар бўлими раҳбари М.Саидова оила қуриш истагида бўлган ёшларни ўз ҳохишларига кўра ушбу мактабда оилавий ҳаётга тайёрлаш ишлари олиб борилиши, мактабда ўз соҳасининг етакчи мутахассислари дарс бериши таъминланганлиги, ушбу мактабнинг энг асосий вазифаси оилавий келишмовчиликлар, оилавий низолар ва ажримларни олдини олишдаги ўрни ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Оила қуриш остонасида турган ёшлар билан шаҳарнинг намунали оилалари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Намунали оила вакиллари ёшларга ўз ҳаётий тажрибалари, турмуш синовлари, оилани қандай асраб-авайлаш, узоқ йиллар биргаликда ҳаёт кечириш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида ҳаётий мисоллар орқали гапириб ўтдилар.

Имом-хатиб, отинойилар оилада эрнинг вазифаси, аёлнинг вазифаси, келинлик ва куёвлик илми ҳақида, тиббиёт ходими оилада тиббий маданият ва саводхонлик ҳақида, психолог оилада бўлиши мумкин бўлган низоли ва мураккаб вазифаларга тўхталиб ўтдилар.

Тадбир сўнггида “Оила” маркази Қўқон шаҳар бўлими томонидан ёшларга келин-куёвлар учун ён дафтарча ва китоблар совға қилинди.