"ЗАМОНАВИЙ НАМУНАЛИ ОИЛАНИ БИРГАЛИКДА ЯРАТАМИЗ" ҲАМКОРЛИК ТАҚДИМОТИ

Ҳозирги замонда мустаҳкам ва фаровон ривожланаётган давлатни қандай барпо этиш мумкин?  Бунинг учун, энг аввало, замонавий намунали оилани яратиш лозим, зеро оила – бу мамлакат негизи, ўзаги ҳисобланади. Бу эзгу амалга эса қатор ташкилот, орган ва идоралар ҳамкорлигидагина эришиш мумкин. Мазкур вазифани рўёбга чиқариш, ҳаётга тадбиқ қилиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўллари билан боғлиқ масалалар муҳокамаси “Ёшлар ижод саройи”да Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган тақдимотда бўлиб ўтди.

Тадбир давомида мутахассислар берган маълумотга кўра, мамлакатимизда оилалар фаровонлигини ошириш йўналишида олиб борилаётган фаолияти натижасида оилавий  ажримлар сезиларли даражада камайган. Таҳлилларга кўра, 3859 та ажрашиш учун судга ариза берган ва 30145 та ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яратиштирилиши туфайли 43229 нафар фарзандлар ярим етим бўлиб қолишидан сақлаб қолинган. Лекин бу ҳолат хотиржам бўлишимизга асос бўла олмайди, чунки охирги 5 йил давомида Ўзбекистонда ажрашишлар сони 34,5% ошди. Тошкент шаҳрида республика ҳудудлари орасида ажримлар сони энг юқори. Ҳар 3 йилда республикада ажрашган оилалар сони 100 мингга кўпаймоқда. Ҳар йили 18 мингга яқин вояга етмаган бола ота ёки онасининг меҳри ва қарамоғидан маҳрум бўлмоқда.

– Ҳозирги кунда юртимизда 2 млн 766 минг намунали оилалар базаси яртилган, – дейди Инобат Каримова, “Оила” маркази бўлим бошлиғи. – Ўтган йили илк марта “Ибратли оила” кўрик-танлови ўтказилди. Унинг механизмлари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишда замонавий намунали оила модели қўлланилди. Бу модел “Оила” маркази мутахассислари томонидан ўрганилди ва шаклланди. Замонавий намунали оила моделини ишлаб чиқиш мақсадида Самарқанд вилояти  ва Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Сирдарё, Жиззах вилоятлари маҳаллаларида 800дан ортиқ истиқомат қилувчи оила аъзолари билан бевосита суҳбат ва сўровлар ўтказилди. Натижаларга кўра, замонавий намунали оиланинг моделини яратишда тўлиқ оила (ота-она биргаликда), қонуний никоҳдан ўтган, 3 нафардан кам бўлмаган фарзандлик, бобо ва бувилар билан бирга истиқомат қилувчи, жисмонан соғлом, иқтисодий фаровонликка эга бўлган,  ота-оналар ва фарзандларнинг олий маълумотлилиги ва иш билан таъминланган, маънавий-психологик соғлом муҳит ҳамда фарзандларини миллий қадриятлар асосида  тарбиялайдиган оилалардаги муҳит  асос бўлади деган фикрлар билдирилди. Замонавий намунали оила тамойилида  оиладаги  соғлом психологик муҳит хамда  тарбия масалалари устувор эканлиги маълум бўлди.

Медиация масаласи ҳозирги кунда жуда катта аҳамият касб этмоқда. Маълумки, республикамизда 2018 йил 3 июлда “Медиация тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бугунги кунда оила институтини мустаҳкамлаш тизимида оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга ечим топишда медиацияни қўллаш тажрибаси амалиётга тадбиқ этилмоқда. Бунинг учун эса, аввало, шу соҳадаги медиаторларни тайёрлаш, аҳолига медиация тушунчасини сингдириш талаб этилади, чунки суд жараёни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қийинчилик туғдиради.

– Афсуски, кўп ҳолларда судга майда, оилалар даврасида ҳал қилса бўладиган масалалар кўрилмоқда, – таъкидлайди Гулнора Ишанханова, “Оила” маркази бўлим раҳбари. – Бу эса бир ишлар чўзилиб кетиши, ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқармоқда. Шундай экан ҳар бир маҳалла раиси, мутахассислар медиаторларга хос бўлган билим, кўникма ва малакага эга бўлишлари лозим. Бу бизнинг менталитетимизга ҳам жуда мосдир. Зеро ички “майда” гаплар тарқалмасдан ҳал бўлиши ижобий жараёндир.

“Оила” маркази лойиҳа раҳбари Феруза Акрамова ўз тақдимотида оила масалалари билан боғлиқ мавзуларни боғчалардан бошлаб ўқитиш лозимлигига урғу берди ҳамда мактабда ўқитилаётган фанларда бу мазву деярли акс этмаётгани ачинарли ҳолат эканлигини таъкидлади. Бундай хулоса эса Республика таълим маркази фаолиятини ўрганиш натижасида қилинди. Фақатгина юқори синфларда “Конституциявий ҳуқуқ асослари” фани ўқитилганида оила ҳақида моддалар келтирилган ва маълумот қуруқ, дидактик тарзда берилганини мисол сифатида айтиб ўтди. Коллежларда оила психологиясига бағишланган фан эса 3-босқичнинг иккинчи яримйиллигида амалий машғулотлар кўринишида ўтилаётганига ҳам кучли психолог-олим Феруза Акрамова алоҳида тўхталди ва бу етарли эмаслигини айтиб ўтди, чунки бу ёшда йигит-қизларимиз оила қуришга тайёр бўлишлари лозим.

Шунингдек, тадбир давомида “Оила” фильми, мадҳияси, ижтимоий роликлар тақдим этилди, “Оила энциклопедияси” иштирокчиларга совға қилинди.