ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАР – ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА

ЮНИСЕФ ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистонда ижтимоий хизмат ходимлари салоҳиятини ошириш масалаларини давлат идоралари билан муҳокама қилиш мақсадида давра суҳбати ўтказилди. 

Муҳокамада ижтимиой ҳимоя тизимида умумий нуқтаи назар ва ёндашувларни яратиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлашга оид асосий малакаларини кучайтириш ҳамда ёрдамга муҳтож оилалар ва болаларни аниқлаш учун кучли механизмларнинг зарурлиги хусусида фикр юритилди.

 

Бола ҳимояси бўйича мутахассис Гўзал Камалова ҳамда ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича ваколатхонасини ривожлантириш мақсадида коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Марио Москера мазкур минтақада ижтимоий хизматлар ходимлари тизимида қандай ислоҳотлар олиб борилаётганлиги тўғрисида мисоллар келтириб, Ўзбекистонда шу каби ислоҳотни амалга ошириш учун қандай асосий чора-тадбирлар энг яхши натижа бериши хусусида ўз мулоҳазаларини баён этдилар.

 Минтақадаги аксарият мамлакатларда юқори даражадаги малакани талаб этувчи лавозимларда етарлича тайёргарликдан ўтмаган ходимлар ишлаб келмоқда. Марказий Осиё мамлакатларининг аксариятида ижтимоий хизмат ходимлари ихтисослигини тадбиқ этиш, уларни янги даражага олиб чиқиш ва янгилаш учун энг асосий вазифа - ижтимоий иш, психология ва бошқа бир қатор йўналишлар бўйича ўқув дастурларини жорий этиш зарурати мавжуд. 

Давра суҳбати иштирокчилари оила ва бола фаровонлиги масалалари бўйича асосий масъул ҳукумат идораси ташкил этилишига эҳтиёж мавжудлигини таъкидладилар. Бу ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга турли мутасадди идора ва хизматлар томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш имконини берган бўлар эди. Бунда оилаларга ёрдам берилишни таъминлаш учун Ўзбекистон ижтимоий иш тизимини шакллантириш ва кучли профилактик механизмларни йўлга қўйиши керак бўлиб, улар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва болаларни аниқлаш ҳамда уларни тегишли ижтимоий ёрдам кўрсатувчи ташкилотларга ёллаш лозим.

 – Малакали ижтимоий иш хизмати ҳамда кенг қамровли ижтимоий хизмат ходимларининг мавжуд бўлиши ижтимоий ҳимоя ва бола ҳимояси тизимларининг негизидир, – таъкидлади ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. – Бу кам таъминланганлик, дискриминация ва ижтимоий яккаланиш билан боғлиқ бўлган қийин шароитларда ёрдам бериши мумкин.