БАРЧАСИ ОИЛА ТИНЧЛИГИ УЧУН

“Оила” ИАТМ Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 1-3 июнь кунларида Тошкент вилоятига ташрифи ва вилоят фаоллари, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари, вазирлик ва идоралар мутахассислари билан ўтган йиғилишида сўзлаган нутқидан келиб чиқиб ҳамкорликда чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Мазкур режага асосан фуқароларнинг ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ва оилавий муносабатларни яхшилаш мақсадида жойларда аҳоли билан мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Бошқарма раҳбарияти ва масъул ходимлари оилаларни ўрганиш мақсадида Юқоричирчиқ тумани Кавардон қишлоғи «Янгиобод» МФЙда аҳоли билан учрашув ўтказилди.

Унда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат юзасидан сўровнома ўтказилди. Ўрганиш таҳлиллари маҳалла аҳлини туман марказига лаборатория таҳлили, муолажалар учун қатнаётганликлари қийинчилик туғдираётгани, мазкур қишлоқ врачлик пунктида шундай хоналар ва аёлларни кўрикдан ўтказиш бўйича шароитлар яратиш зарурлиги, фарзандларини мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришдаги навбатнинг кўплиги сабабли шу қишлоқнинг ўзида янги болалар боғчаси очиш зарурлиги, кўчага асфальт ётқизиш, уй-жой масаласи ва иш билан бандлик бўйича муаммолар юзага келганини кўрсатди.

– Ўтказилган мазкур юзма-юз мулоқотда жойлардаги нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларга яқиндан кўмак бериш режалаштирилган, – дейди вилоят бошқарма бошлиғи Дилором Махамадалиева. – Қувонарлиси, маҳалланинг фаоллари ёш оилалар ва уларнинг репродуктив саломатлиги, шунингдек, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди. Тадбирда келтирилган мавжуд муаммолар юзасидан йиғилган маълумотларни тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга йўналтириб, муаммоларни ўз вақтида ижобий ечим топишида барча саъй-ҳаракатларни аямаймиз. Мақсадимиз оилаларимиз тинч, соғлом ва бахтли бўлиб ҳаёт кечиришса, айни муддаодир.

Умида Мансурова,

“Оила” ИАТМ Тошкент вилояти бошқармаси мутахассиси.