БАХТИНГИЗ МАЁҒИ ДЕБ БИЛИНГ

Оила деб аталмиш муқаддас қўрғон бўсағасида турган  ёш йигит –қизлар, бўлажак келин-куёвларнинг “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” машғулотларига келишлари  сезиларли даражада фаоллашди.  “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳузурида ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”га бирин-кетин кириб келган ёшлар нигоҳида эртага ишонч, бахтли ҳаёт кечириш умиди, ота-онани рози қилиш, рўзғор юмушларидан тортиб, соғлом турмуш тарзи, бахтли яшаш сирларигача ўрганиш илинжи яққол  кўриниб турарди.

10 та жуфтлик оила психологияси, диний ва ахлоқий тарбия, репродуктив саломатлик, оила бюджети мавзусидаги машғулотларда иштирок этган  бўлғуси келин-куёвлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

– Тўғриси, аввалига бу машғулотларда иштирок этишимиз шартмикан, деган хаёлга борган эдим. Нилуфар кўпроқ қизиқди. Мана келдик, дарсларни тинглаб туриб хаёлга чўмдим. Онажоним кўз ўнгимда “келин қилаяпман”, деб тинмай югур-югур қилишлари қувончларининг чеки йўқлигини  хаёлимдан ўтказдим, – Алишер Қурбонов.

– Қайноналар она эканлиги, оилада исрофгарчиликка йўл қўймаслик, катталарни ҳурмат қилиш, хусусан никоҳни қадрлаш ҳақидаги фикрлар, маълумотлар барча жуфтликлар жуда ёқди,— бўлажак турмуш ўртоғининг фикрини давом эттиради Нилуфар Солиева.

Машғулотлар ўқув хонаси эшиги очиқ. “Оила” маркази раҳбари Абера Ҳусейнованинг овози эшитилиб турибди. “Қадимий манба “Авесто”да: “Эй оила қураётган йигит-қизлар, сизларни огоҳлантириб шуни айтмоқчиманки, ҳар бирингиз покиза ҳаёт йўлида ғайрат қилингиз. Ҳар бирингиз яхши хулқ ва  амал билан ўзингиз оилангиз ҳаётининг мустаҳкам, хуррам ва саодатли ўтишига эришинг”, дейилган  ҳаётий ҳикматни бахтингиз маёғи деб билинг. Ҳа,  мамлакатимизда яна янги  10 та оила кичик Ватанда буюк бахт қўрғонини қуришга тайёр.

Моҳира Шакарова,  “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Бухоро вилоят бошқармаси ходими