Янги бино фойдаланишга топширилди

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини самарали ташкил  этишда оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш  соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш давр талабигина эмас, балки ҳаётий эҳтиёж ҳамдир. Шу мақсадда вилоят ҳокими ташаббуси  билан “Оила” маркази Бухоро вилояти бошқармаси учун янги бинонинг таъмирланиб топширилиши энг катта ютуқдир.

 

Бугунги кунда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилада маънавий ахлоқий қадриятларни қарор топтириш, жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини тарғиб қилиш, ибратли, намунали оилалар сонини кўпайтириш ҳамда оилавий ажралишларнинг олдини олиш  мақсадида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Бухоро вилоят бошқармаси томонидан анчагина ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, бошқарма ҳузуридаги оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курсларда вилоятдаги 540 нафар хотин-қизлар билан ишлаш ва оилада маънавий ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларнинг малакаси оширилди.

Шу муносабат билан шу кунларда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда вилоят ҳокими  сенатор Ўктам Барноев,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилорам Ташмуҳамедова, унинг ўринбосари Дилдора Каримова,   вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳамкор корхона ва ташкилот раҳбарлари,  “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари иштирок этишди. Тадбирни вилоят ҳокими Ўктам Барноев очиб берди.

– 2019 йил январь ойидан бошлаб туманлар кесимида яраштирилган оилалар тўғрисидаги маълумотлар базаси яратилди, – дейди Абира Хусейнова, “Оила” маркази Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи. –  Жумладан, январь ойида 116 та, февраль ойида 138 та, март ойида 136 та, апрель ойида 175 та, май ойида 140 та оилалар яраштирилишига эришилди. Йил бошидан ажрим ёқасига келиб қолган 705 нафар оилалар ҳамкор ташкилотлар билан амалга оширилган ишлар натижасида яраштирилди ҳамда 1035 нафар болалар ярим етим бўлиб қолишидан сақлаб қолинди.

 

Бухоро  вилоятида 540 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бўлиб, уларнинг ҳар биридан 30 нафар ибратли оилалар танланиб, база шакллантирилди. Бугунги кунда вилоят миқёсида 16200 нафар ибратли оилалар рўйхатлари яратилиб, республика “Ибратли оила” кўрик-танловининг қуйи маҳалла босқичлари якунланди ва эндиги шаҳар туман босқичларини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.