ОИЛА ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҲИМОЯСИДА

Оилаларни яраштириш, нотинч оилалар муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш усул ва механизмларини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятига кирадиган вазифалардир.

7 июнь куни “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилояти бошқармаси томонидан “Ўзбекистонда оила институтини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори ўринбосари Дилбар Алимжанова, вилоят бошқарма бошлиқлари, Хоразм вилояти туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партиялар, Урганч давлат университети ва Хоразм Маъмун академияси олимлари қатнашди.

– “Оила давлат ва жамият ҳимоясида” конституцион принципи бугунги конференциянинг асоси қилиб олинган, – таъкидлаб ўтди Равшан Бобожонов, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилояти  бошқармаси бошлиғи. – Бунда барча масалалар Хоразмнинг этник ва тарихий келиб чиқиши нуқтаи назаридан таҳлил қилинмоқда, ҳудудимизга хос бўлган муаммоларни ечишга олимлар томонидан асосланган таклиф ва тавсиялар билдиримоқда. Тадбирдан кутилган асосий мақсад ҳам соҳа мутахассисларини бир жойга йиғиб, улар билдирган мулоҳазаларни амалиётга тадбиқ қилиш, улардан оилалардаги салбий ҳолатларни бартараф этишда фойдаланиш, бизни қийнаётган саволларга жавоб топишдан иборат эди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, оилавий ажримларнинг энг катта қисми ёшларни турмуш қуришга тайёр эмаслиги, уларда психологик томондан оила муқаддас қўрғон эканлигини англаб етишга доир билимлар етишмаслиги билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам арзимаган сабаблар туфайли оилаларни бузилиб кетаётгани кузатилмоқда.

Конференция давомида эътибор қаратилган яна бир муаммо – бу меҳнат миграцияси бўлди. Ота-оналарни пул ишлаш мақсадида чет элга чиқиб кетиши натижасида болаларни қаровсиз қолиши, эр ёки хотинни хорижга кетиши натижасида орасига совуқчилик тушиши, қайтиб келган оила аъзолари турли касалликларга дуч келиши ҳам энг долзарб муаммолар эканлигига урғу бериб ўтилди. Бунда фуқаролик институтлари билан олиб борилаётган ишни янада кучайтириш яхши самара бериши таъкидланди.

– Тўрақўрғон туманида ночор оилалар билан ишлаш бўйича тажриба-синов ишини ўтказдик. Натижада аниқланган 78 та ночор оилаларнинг барчаси бу ҳолатдан чиқарилди, – дейди Мўътабар Максудова, психология фанлари номзоди, доцент, “Оила” маркази Наманган вилояти бошқарма бошлиғи. – Бунинг учун биз оилада аниқланган муаммо бўйича ҳамкор ташкилотларга хат билан мурожаат қилдик ҳамда уни қаноатлантирилишини назорат остига олдик. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, оилалар билан ишлашда индивидуал чора-тадбирларни ишлаб чиқиш керак. Маърузамда ҳам мен бу ҳақида гапириб ўтдим. Конферециядан олинган барча таклифлар умумлаштирилиб “Оила” марказига юборилади, кейин эса Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Мунтазам равишда “Оила” маркази ходимлари томонидан ўтказиладиган социологик тадқиқотлар қатор идора ва органларга ишлаш учун йўналишларни белгилайди. Натижада эса қонун даражасида ҳам ўзгаришлар киритилади. Масалан, ажримлар сони ошгани сабаб сентябрдан никоҳ ёши қизлар учун 17 ёшдан 18 ёшгача кўтарилди. Қолаверса, яқинда Президентнинг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қарори” қабул қилинди. Бундан ташқари, 2 апрелда “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбилари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди. Унга кўра фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари ойлик иш ҳақи жорий йилда босқичма-босқич 1,5 бараварга оширилади. Бу эса маҳаллалар оилаларнинг тинчлиги, аҳиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутишидан дарак беради, уларни қўллаб-қувватлаш эса яхши самара беради.

Айтиб ўтиш жоизки, “Оила” маркази ўтган йили февраль ойида ташкил этилган бўлиб, шу вақт давомида 25 дан ортиқ илмий тўпламлар, ўқув қўлланма ва рисолалар чоп этилди. Жумладан, “Ўзбекистонда ёш оила”, “Ўзбекистонда замонавий оила”, “Ўзбекистонда оила (2013-2017)” ва бошқалар шулар сирасига киради. “Ўзбеккино” милллий агентлиги билан ҳамкорликда “Оила” номли ҳужжатли фильм тайёрланди. Рус ва ўзбек тилларида “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” номли халқаро илмий журнал таъсис этилди. Таҳрир ҳайъатига АҚШ, Англия, Франция олимлари киради. Журнал Олий аттестация комиссияси рўйхатига киритилган. Марказ ҳузурида Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилган бўлиб, унда оила масалаларига хос турли тадқиқотлар ўтказилади.