АҲОЛИНИНГ РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИГИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ – СОҒЛОМ АВЛОДНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ГАРОВИ

7 август куни “Poytaxt” бизнес-марказида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилаётган ижтимоий буюртмасини амалга ошириш доирасида “Фертиль ёшдаги аёлларнинг репродуктив саломатлиги ва ҳуқуқлари масалалари бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида вазиятни таҳлил қилиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган янги механизм ва ёндашувларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ қилиш” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда давлат ва нодавлат жамоат ташкилотлар ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

– Тадқиқ этилаётган масала мамлакатнинг барча ҳудудлари учун долзарб, – дея таъкидлади Наталья Свиридова, лойиҳа координатори, “Юксак салоҳият” ННТ ижрочи директори. –  Аммо тадқиқот объекти сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилояти танланган. Сабаби,  Орол денгизининг қуриши туфайли Қорақалпоғистонда бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар юзага келган. Ернинг шўрланиши ва эрозияси, биохилма-хилликнинг камайиши, иқлим ўзгариши мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли саломатлигига жиддий даражада салбий таъсир кўрсатмоқда. Сўнги йилларда ноқулай экологик муҳит таъсири натижасида ҳудудда оналик ва гўдаклик ўлими кўрсаткичлари нисбатан юқори бўлган.

Наманган вилоятида эса қизларни эрта турмушга бериш натижасида аёлларнинг репродуктив саломатлик кўрсаткичлари қониқарсиз экани кузатилган.

Тадқиқот йўналишининг долзарблиги 2019 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида” қонуни қабул қилингани билан ҳам изоҳланади. Лойиҳа бўйича ҳар бир ҳудудда 1000 та аёлни ўқитиш, патронаж ҳамширалар учун махсус қўлланма тайёрлаш ва бошқа ахборот лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Лойиҳа муҳокамаси давомида аҳоли орасида эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларни профилактика қилиш фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш ва соғлом авлодни шакллантириш гарови эканлиги ва бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун давлат ва жамоат ташкилотлар ҳаракатларини бирлаштириш лозим, – дея таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, “Юксак салоҳият”  ташкилоти томонидан ёшлар ва катталар орасида ахборот тарқатиш учун ижтимоий тармоқларни қўллаш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида патронаж ҳамширалар учун аҳоли билан ишлаш бўйича қўлланма ва тарқатма материаллар ишлаб чиқилади ва чоп этилади, шунингдек аёллар билан ишлаш учун патронаж ҳамширалари ўқитилади, репродуктив саломатлик бўйича фойдали маълумот олиш ва керакли саволларга жавоб топиш имконини берадиган махсус сайт (yuksak.uz) яратилади.

“Оила” маркази директори Дилорам Ташмухамедова лойиҳа муҳокамаси давомида билдирилган тавсия ва фикрларни умумлаштирган ҳолда лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва мақсади ҳар бир фуқарога етиб бориши, олинган натижа ва хулосалар эса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

 Марказ Матбуот хизмати