МУСТАҲКАМ ОИЛАНИ ҚАНДАЙ ҚУРМОҚ ЛОЗИМ?

2020 йил 7 февраль куни Навоий шаҳар “Оила” маркази ҳузурида ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” тингловчиларига иқтисодиёт фанлари номзоди Ғ.Шомиев оила иқтисодиёти  фани бўйича махсус машғулот ўтди.

Дарс самарадорлигини янада бойитиш мақсадида  мазкур мактабнинг навбатдаги машғулотига япониялик олим Кота Ёшифужи  ҳам таклиф этилди. Япониялик олим  оила мустаҳкамлиги учун иккала томон тенг масъулиятни ҳис қилиши кераклиги, оила иқтисоди иккала томонни елкасида эканлиги, Ўзбекистонда ёшлар учун ажойиб шароитлар яратилганлиги, яъни  давлат томонидан имтиёзли уйлар берилаётганлиги, фарзандлар тарбияси, билим олиши ва камолотга етиши учун  қилинган сарф харажат энг самарали инвестиция эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Навоий шаҳрининг “Ёшлар маркази” биносида жойлашган “Келин-куёвлар инновацион мактаби”да ҳозирга қадар 160дан зиёд бўлғуси келин-куёвлар махсус дастур асосида ўқитилиб, сертификат билан тақдирланган. Инновацион мактабнинг ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида машғулотларни интерактив усулларда, ёшларга қизиқарли қилиб ўтказиш малакасига эга бўлган психолог, иқтисодчи, ҳуқуқшунос каби етук экспертлар жалб этилган.

Машғулотлар давомида қизларни мустақил ҳаётга ва турмушга, рўзғор ишларини юритишга, ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган “Оила сабоқлари” деб номланган мобиль илова ва бўлғуси келин-куёвлар учун оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мавзуидаги тавсия ва маслаҳатлар ўрин олган “Мустаҳкам оилага йўлланма” номли энциклопедик ён дафтарча бепул тақдим этилмоқда,

Қайд этиш лозимки, 2019 йил якуни бўйича республиканинг вилоят, туман/шаҳарларида 149 та инновацион мактаб самарали фаолият кўрсатиб, келмоқда. Улар фаолиятига 400дан зиёд мутахасис, экспертлар жалб этилган. Қайд этиш лозимки, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан замонавий оилани ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот натижалари асосида ташкил этилган.

Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши ижобий натижалар бермоқда.

“Оила” маркази матбуот хизмати