“ОИЛА ПСИХОЛОГИЯСИ” ЙЎНАЛИШИДА МУТАХАССИСЛАР КЕРАКМИ?

Мамлакатимизда жамиятда олиб борилаётган ўзгаришлар қаторида психология соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш, амалиётчи психологлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мактабгача таълим тизимида 2 503 нафар, халқ таълими тизимида 14 272 нафар педагог-психолог кадрлар фаолият олиб бормоқда. Республиканинг 10 та олий таълим муассасасида “Психология”, 19 та олий таълим муассасасида “Педагогика ва психология” таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича 5 717 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ушбу соҳада қабул квоталари кескин оширилди. 2017 йилдан бошлаб профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакилларининг таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилиб, 5696 та умумий ўрта таълим муассасасида профилактика инспектори ва маҳалла вакилларининг хоналари ташкил этилган.

Олиб борилаётган ишлар кўламига қарамасдан соҳада зудлик билан бартараф этилиши талаб этиладиган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, хусусан:

  • аҳолига психологик хизмат кўрсатиш етарлича йўлга қўйилмаганлиги оқибатида жамиятда ижтимоий-психологик, жумладан, оилавий муаммолар (ажримлар, оиладаги низолар, ота-она ва фарзанд муносабатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта туғруқ), “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларига тобелик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари давом этмоқда;
  • олий таълим тизимида психология соҳасида тайёрланаётган амалиётчи психолог кадрларнинг билимлари умумий бўлиб қолиб, тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш, хусусан оила психологияси амалиёти йўлга қўйилмаган.

 Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Психология соҳасида кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 472-сон қарори билан «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказида аҳолига психологик хизматлар кўрсатиш бўлими ташкил этиш ва ушбу бўлимни жамиятдаги ижтимоий-психологик ва оилавий муаммолар билан ишлаш тажрибасига эга малакали кадрлар билан тўлдириш вазифаси белгиланган.

Шуларни ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан  оилавий муаммолар билан ишлаш, оилавий консалтинг соҳасида назарий, услубий ва амалий кўникмаларга эга мутахассисларни малака ошириш курсини ташкил этиш катта аҳамият касб этади.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5325-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 мартдаги “Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида”ги  230-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги “Психология соҳасида кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 472-сон қарори асосида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Оила соҳасида амалий психология” малака ошириш курси ташкил этилди.

 Соҳанинг энг кучли экспертлари ва олимлар иштирокида ўқув режа ва дастури ишлаб чиқилди, курсларнинг методик таъминоти тайёрланди.

 Курснинг ўқув дастурига мутахассисларга оилалар билан кенг қамровли фаолиятни ташкил қилишда зарур бўлган қуйидаги назарий билим, малака, амалий компетенциялар киритилди: 

  • Шахслараро муносабатлар психологияси
  • Перинатал психология
  • Психосоматика, психоанализ, транзакт анализ
  • Гештальт психология
  • Психологик кризисларнинг диагностикаси ва коррекцияси. Эмоционал сўнишнинг диагностикаси ва коррекцияси
  • Девиант хулқ диагностикаси ва коррекцияси. Суицид превенцияси Девиант оилалар билан ишлаш методикаси
  • Оилавий-маиший зўрликдан жабрланганларнинг психологик реабилитацияси. Маиший зўрлик превенцияси
  • Оилавий низолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва турлари. Низолар билан ишлаш
  • Психодрама
  • Никоҳланувчилар учун тренинглар ўтказиш
  • Психологик тренинг тушунчаси. Тренинг ўтказиш қоидалари
  • Психологик консалтинг.

Тошкент шаҳри туман (шаҳар) ларида фаолият олиб бораётган тажрибали психологлардан иборат тингловчилар гуруҳи шакллантирилди.

Курсларда машғулотларни республикамизда кўзга кўринган психолог-олимлар, соҳа экспертлари, амалиётчи психологлар андрагогика тамойиллари асосида интерфаол тарзда олиб бормоқдалар.

 Курсни муваффақиятли якунлаганлар оилавий психолог сифатида “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлимларида оилавий консалтинг соҳасида фаолият олиб борилиши кўзда тутилган.

  

Моҳира Холиқова,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази
Махсус ўқув курслари раҳбари,
PhD, доцент