“ИБРАТЛИ ОИЛА” – 2019 КЎРИК-ТАНЛОВИДА ЮРТИМИЗДАГИ 70 МИНГГА ЯҚИН ТУРЛИ МИЛЛАТ ОИЛАЛАРИ ҚАТНАШДИЛАР

Оилавий қадриятларини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий-маърифий тадбирлардан бири бу – “Ибратли оила” республика кўрик-танловидир. “Ибратли оила” республика кўрик-танлови бу йил иккинчи бор “Оила”илмий амалий-тадқиқот маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилмоқда.

Кўрик-танловнинг асосий мақсади – оилани мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишдир.

Ушбу танлов ўтган йили биринчи бор ўтказилганда, унда 14 минг 800 га яқин оилалар иштирок этган бўлса, бу сафар 70 мингга яқин оилалар иштирок этди. Шу ўринда қайд этиш зарурки, танловда турли миллат вакиллари фаол иштирок этдилар.

Масалан, Тошкент ва Навоий вилоятларида ўтказилган “Ибратли оила” кўрик-танловида иштирок этган оилаларнинг ҳар бешдан бири қардош миллатлар: корейс, татар, қозоқ, қирғиз, уйғур, рус, озарбайжон, туркман, қорақалпоқ оилалари ташкил этди.

Бу йил танловда 70 мингга яқин оила қатнашган бўлса, шулардан туман босқичида 7797 та оила, вилоят босқичида 200  та оила, республика  босқичида  14 та энг ибратли оилалар иштирок этди. Иштирокчилардан 66043 та оила ўзбек миллатига, 286 та оила рус миллатига, 851 оила қозоқ миллатига, 908 та оила қорақалпоқ миллатига, 418 та оила тожик миллатига, 341 тадан ортиқроқ оила бошқа миллатларга мансубдир. Бундан кўринадики, юртимизда истиқомат қилаётган қардош халқлар ҳам кўрик-танловнинг асосий иштирокчиларига айланиб боряпти.

 

 

ИБРАТЛИ ВА БАХТИЁР ОИЛАЛАР САФИ КЕНГАЯВЕРСИН!