БУХОРО: “БЎЛҒУСИ КЕЛИН-КУЁВЛАР ИННОВАЦИОН МАКТАБИ”ДА БИР КУН”

Бугун, 24 октябрь куни кўҳна Бухоро шаҳрида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да бир кун” мавзуидаги пресс-тур ўз ишини бошланди. Ушбу тадбирда республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари: телевидение, радио, газета, интернет-нашрлар фаол иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан 2019 йилнинг 23-24 октябрь кунлари Навоий ва Бухоро шаҳарларидаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларига пресс-тур ўтказмоқда.

Мазкур пресс-турдан кўзланган бош мақсад – республикамизда оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий турмуш психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, ижобий ота-оналар кўникмалари масалалари бўйича самарали тайёрлашга қаратилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаблари” фаолиятини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар орасида тарғиб этишдан иборат.

Қайд этиш лозимки, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари “Оила” маркази томонидан замонавий оилани ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот натижалари асосида ташкил этилган. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши ижобий натижалар бермоқда.

Ҳозирги кунга қадар Бухоро вилоятда 13 та туман ва шаҳрларда инновацион мактаб фаолияти йўлга қўйилган. Бухоро вилоятидаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да шу кунга қадар 1500 та жуфтлик, жумладан Бухоро шаҳар бўйича 453 та жуфтлик таҳсил олишди ва сертификатлар билан тақдирланди.

Журналистлар Бухоро шаҳридаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” билан танишишни бошлаб юборди. Мазкур ўқув жараёнларига ўқитувчи-профессорлар ва фан номзодлари ҳамда  тажрибали амалиётчи эксперт-тренерлар, психология, тиббиёт, иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик соҳаларидаги ва оиланинг репродуктив саломатлиги йўналишлари бўйича мутахассислар олиб жалб этилган.

Психолог Саодат Ражабова ушбу инновацион марказда таълим олаётган бўлғуси келин-куёвларга оилавий ҳаётда маънавий-аҳлоқий қадриятларнинг аҳамияти, оила психологияси масалалари бўйича дарс беради. У ўз интервьюсида, жумладан шундай деди:

– Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бугунги кунимизнинг энг долзарб масаласи десак, муболаға бўлмайди. Негаки, мустаҳкам ва фаровон оила жамият таянчидир. ФҲДЁ бўлимларига турмуш қуриш учун ариза берган ёшлар бизнинг инновацион мактабимизга ихтиёрий равишда келиб ўқишади.

Ўқув дастури 16 соатга мўлжалланган. Жуфтликлар ҳар бир виолятнинг ўзига хос удум-анъаналарини ҳисобга олган ҳолда оила қуриш учун психологик жиҳатдан тайёрланади. Жумладан, йигитларга, мен оиланинг раҳбариман, оиламнинг тинчлиги, фаровонлиги ва келажак истиқболи учун жавобгарман, деган фикр тушунтирилади.

Ҳозирда мактаб тингловчиларининг оила психологиясига бўлган қизиқишлари жуда юқори даражада. Хатто баъзи бир қайноналар ҳам бундай мактабда ўқиш истаги борлигини айтишмоқда, – деди С.Ражабова.

Мутахассислар ва оила инновацион мактаби битирувчиларининг таъкидлашича, оила ришталарини мустаҳкамлашда, турмуш қурган жуфтликлар ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган муаммоларга одилона ечим топишда ушбу ўқув машғулотларининг аҳамияти катта. Инновацион мактаблар амалиётидан маълум бўлдики, ҳозирда кўплаб оила қураётган ёшларда ва умуман барча оилаларда психологлар маслаҳатига эҳтиёж бор.

 Инновацион мактаби тингловчилари Беҳруз Рустамов ва Ситорабону Рахимова олаётган сабоқлари уларнинг келгуси ҳаётида нақадар аҳамияти эканини қайд этган ҳолда, ўз интервьюларида жумладан шундай дейишди:

Машғулотлар давомида йигитларни оила иқтисодини юритишга ва қизларни ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган “Оила сабоқлари” деб номланган мобиль илова ва ёш келин-куёвлар учун оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мавзуидаги тавсия ва маслаҳатлар ўрин олган “Мустаҳкам оилага йўлланма” номли энциклопедик ён дафтарча бепул тақдим этилади, - деди бўлғуси келин-куёвлар Б. Рустамов ва с. Рахимова .

Мазкур мактабда таҳсил оладиган никоҳланувчиларга ахборот-коммуникация технологияларининг ёшларбоп, замонавий ютуқларидан фойдаланган ҳолда, креатив ёндашувлар ва илмий-инновацион усулларда машғулотлар олиб борилмоқда.

Бухоро шаҳридаги пресс-тур ўз ишини давом эттирмоқда.

Бу ҳақда яқин соатларда маълумот берилади. Сайтимизни кузатиб боринг!

“Оила” маркази матбуот хизмати