ПРЕСС-ТУР БУХОРО ШАҲРИДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

Аввал маълум қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан 2019 йилнинг 23-24 октябрь кунлари Навоий ва Бухоро шаҳарларидаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларига пресс-тур ўтказилмоқда.

Мазкур пресс-турдан кўзланган бош мақсад республикамизда оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий турмуш психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, ижобий ота-оналар кўникмалари масалалари бўйича самарали тайёрлашга қаратилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаблари” фаолиятини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар орасида тарғиб этишдан иборат.

Бугун, 24 октябрь куни, Бухоро шаҳрида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да бир кун” мавзуидаги пресс-тур ўз ишини бошланди. Ушбу тадбирда республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари: телевидение, радио, газета, интернет-нашрлар фаол иштирок этмоқда.

Журналистларнинг “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” билан танишиш жараёнлари қизғин кетмоқда.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи А.Ҳусейнова оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган тақдимотда, жумладан шундай деди:

– “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари “Оила” маркази томонидан замонавий оилани ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот натижалари асосида ташкил этилган. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши ижобий натижалар бермоқда Ҳозирги кунга қадар Бухоро вилоятда 13 та туман ва шаҳрларда инновацион мактаб фаолияти йўлга қўйилган. Ўқув жараёнларига ўқитувчи-профессорлар ва фан номзодлари ҳамда  тажрибали амалиётчи эксперт-тренерлар жалб этилган. Туманлардаги машғулотлар жами 62 нафар тажрибали амалиётчи тренерлар, психология ва тиббиёт соҳаси каби мутахассислар ва иқтисодчи, ҳуқуқшунослар олиб боради.

Бухоро вилоятидаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да шу кунга қадар 1500 та жуфтлик, жумладан Бухоро шаҳар бўйича 453 та жуфтлик таҳсил олишди ва сертификатлар билан тақдирланди.

Ҳозирга қадар республиканинг вилоят ва туман марказларида 137 та инновацион мактаб фаолият олиб бормоқда. Ўқиш бепул ташкил этилган. Уларнинг фаолиятига 400дан зиёд мутахасислар жалб этилиб, 18 мингга яқин жуфтлик ёки қарийб 36 минг нафар бўлғуси келин-куёвлар ўқитилди, – деди А.Ҳусейнова журналистларнинг саволларига жавоб бера туриб.

Мазкур инновацион мактабларда:

“Оила” маркази мутахассислари томонидан Тошкентдаги Инҳа университети ходимлари кўмагида яратилган “Ўсмир қизларни мустақил ҳаётга ва турмушга, рўзғор ишларини юритишга, ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган “Оила сабоқлари” деб номланган мобиль илова ва ёш келин-куёвлар учун янги турмуш қураётган йигит-қизларнинг оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мавзуидаги тавсия ва маслаҳатлар ўрин олган “Мустаҳкам оилага йўлланма” номли энциклопедик ён дафтарча тақдим этилади.

Шунингдек, мазкур мактабда таҳсил оладиган никоҳланувчиларга ахборот-коммуникация технологияларининг ёшларбоп, замонавий ютуқларидан, ривожланган давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланган ҳолда, креатив ёндашувлар ва илмий-инновацион усулларда машғулотлар олиб борилмоқда.

Сайтимизни кузатиб боринг! Бухоро шаҳаридаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларига уюштирилган пресс-тур ҳақида маълумотлар бериб борилади.

 

“Оила” маркази матбуот маркази