НАВОИЙ ШАҲРИГА УЮШТИРИЛГАН ПРЕСС-ТУР ҚИЗҒИН ДАВОМ ЭТМОҚДА

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан 2019 йилнинг 23-24 октябрь кунлари Навоий ва Бухоро шаҳарларидаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларига пресс-тур ўтказилмоқда.

Бугун, 23 октябрь куни Навоий шаҳрида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да бир кун” мавзуидаги пресс-тур ўз ишини бошланди. Ушбу тадбирда республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари: телевидение, радио, газета, интернет-нашрлар фаол иштирок этмоқда.

Пресс-турнинг биринчи қисмида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи М.Ҳамроева журналистлар учун ўтказилган тақдимоти бщлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғи М.Ҳамроева “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”нинг ташкил этишдан кўзда тутилган мақсад ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Шундан сўнг психология фанлари номзоди Ф.Рўзиқулов “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари ёшларни мустақил ҳаётга қадам қўйишларида ўзига хос ибрат намунаси бўлаётганини аниқ ҳаётий мисоллар билан ифодалаб берди ва журналистларнинг қатор саволларига жавоб берди.

Навоий вилоят халқ таълим ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази кафедраси мудири Д.Сафаровнинг ибратли ҳикматларга бой маърузаси ва машғулоти ҳам қизғин кечмоқда.  Айниқса, нотиқнинг мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожида оиланинг роли, оиланинг асосий вазифалари, бахтли мустаҳкам оиланинг ижтимоий-психологик омиллари, боланинг дунёга келиши, шахснинг шаклланиши, инсон бахтига доир машғулоти, “Ақлий ҳужум”, “Ўз ўрнингни топ”, “Дебатлар”, “Хазиналар сандиғи” каби интерфаол усуллар барчага манзур бўлди.

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий шаҳар бўлими раҳбари Л.Ҳайдарованинг оилаларни муҳофаза қилишда жамият ва давлатнинг ўрни, ташкилотлар билан ҳамкорлик модули, оилада ижтимиоий-маънавий муҳитни шакллантириш, оилалар муаммоларининг бартараф этиш масалаларида маҳалланинг ўрни, яраштириш комиссияларининг вазифалари ва роли, ёш оилалар билан ишлашда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг вазифалари хусусида  кенг қамровли тушунчалар берилди.

 Шунингдек, психологик тестлар, сўров варақалари, ҳужжатлар таҳлили, “Идеалга мослик” тести ва “Тарбияланганлик даражасини аниқлаш” каби тестлардан фойдаланиш ва бу ҳақида тингловчи-ёшларнинг фикрлари тингланди.

Қайд этиш лозимки, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари “Оила” маркази томонидан замонавий оилани ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот натижалари асосида ташкил этилган. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши ижобий натижалар бермоқда.

Мазкур инновацион мактабларда:

“Оила” маркази мутахассислари томонидан Тошкентдаги Инҳа университети ходимлари кўмагида яратилган “Ўсмир қизларни мустақил ҳаётга ва турмушга, рўзғор ишларини юритишга, ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган “Оила сабоқлари” деб номланган мобиль илова ва ёш келин-куёвлар учун янги турмуш қураётган йигит-қизларнинг оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мавзуидаги тавсия ва маслаҳатлар ўрин олган “Мустаҳкам оилага йўлланма” номли энциклопедик ён дафтарча тақдим этилади.

Шунингдек, мазкур мактабда таҳсил оладиган никоҳланувчиларга ахборот-коммуникация технологияларининг ёшларбоп, замонавий ютуқларидан, ривожланган давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланган ҳолда, креатив ёндашувлар ва илмий-инновацион усулларда машғулотлар олиб борилмоқда.

Пресс-тур ўз ишини давом эттирмоқда.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати