НАВОИЙ ШАҲРИДАГИ ПРЕСС-ТУР ЎЗ ИШИНИ ЯКУНЛАДИ

 Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан 2019 йилнинг 23-24 октябрь кунлари Навоий ва Бухоро шаҳарларидаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларига пресс-тур ўтказилмоқда.

Бугун, 23 октябрь куни, Навоий шаҳрида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да бир кун” мавзуидаги пресс-тур ўз ишини давом эттирди. Ушбу тадбирда республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари: телевидение, радио, газета, интернет-нашрлар фаол иштирок этмоқда.

Мазкур пресс-тур куннинг иккинчи қисмида ҳам қизғин давом этмоқда. Мухбирлар “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”ни битириб турмуш қурган жуфтликлардан интервьюлар олдилар:

– Биз, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”даги машғулотлар даврида оиланинг нақадар муқаддаслиги, унда эр-хотиннинг бурчи,  оилавий муносабатлар ҳақида зарурий кўникмаларга эга бўлдик. Айниқса, бир-биридан қизиқарли дарс машғулотлари биз учун келгусида муҳим дастуриламал бўлиб қолади. Ишонамизки, турмуш ўртоғим билан ушбу мактабда ўрганган билимларимиз – ҳаётимизда учрайдиган айрим муаммоли ҳолатларга ечим топишда қўл келади, – дейди Навоий шаҳридаги  “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”ни битириб, турмуш қурган Нигина Жабборова.

– Ёш оиланинг жамиятдан ўрнини топиши, ёш келинларнинг янги ҳаёт ва оилага кўникишида ушбу мактабнинг аҳамияти беқиёс, – деб ҳисоблайман, деди қайнона Р.Рамазонова. – Жамиятимизда муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ташаббуси билан ёш келин-куёвларни ҳаётга тайёрлайдиган мактабнинг ташкил этилиши нур устига аъло нур бўлди. Мана келинимдаги барча ижобий сифатлар ушбу мактабда олган билим ва кўникмалари билан янада мустаҳкамланди. Бундан ташқари, қайнона сифатида айтишим мумкинки, келинимнинг янги хонадонга мослашишида, келинлик бурч ва вазифаларини тўлақонли адо этишида эр-хотин, қайнона-келин  муносабатларида ушбу даргоҳдан олган сабоқлар муҳим ўрин тутади.

Шу билан бирга, бугунги кунга қадар Навоий вилоятида 403 нафар ёшлар “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да таҳсил олган бўлиб, уларнинг ушбу мактаб фаолияти ҳақидаги фикларини ўрганиш, мониторинг қилиш мақсадида ушбу курсга жалб этилган ёшлар ўртасида “Оила” маркази мутахассислари томонидан сўровлар ўтказилди. Унга кўра, 97 фоиз ёшлар фикрича, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да ўқиш улар учун фойдали ва ўқув машғулотларининг давомийлик вақти етарли бўлганлигини, ушбу мактабда ўқиш ёш келин-куёвларимизда ўзаро муносабатларнинг уйғунлашишига, яқинлашишига, бир-бирларини кўпроқ ўрганишларига ёрдам берганлигини айтиб ўтганлар. Шу билан бирга, ёшларни оилавий хаётга тайёрлаш йўналишида 33 фоиз ёшлар ушбу мактаб фаолиятини янада кенгайтириш зарурлигини, ҳамда 20 фоиз ёшлар оилани мустаҳкамлашга ёрдам берувчи кўрсатувларни ОАВ орқали намойиш этишни кучайтириш зарур эканлиги ҳақидаги таклифларни берганлар. Бундан ташқари, 21 фоиз ёшлар ёш оилалар мустаҳкамлигида оилада юзага келадиган низоларини сир тутиб, бартараф этишга ёрдам бериш жуда ҳам муҳим эканлигини айтиб ўтганлар.

Қайд этиш лозимки, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари “Оила” маркази томонидан замонавий оилани ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот натижалари асосида ташкил этилган. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши ижобий натижалар бермоқда.

Пресс-тур якунида Нуротанинг қадимий ва машҳур қадамжоларига зиёрат ташкил этилди ва  бу муқаддас манзилда, айниқса, сўнгги уч йилда рўй бераётган ўзгаришлар, амалга оширилган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари, яратувчанлик намуналари иштирокчилар ва меҳмонларда олам-олам таассурот ўйғотди. Бундай буюк тарихга эга бўлган замин, мустақил ва мустаҳкам давлатимизнинг ёшлари ҳам албатта шу юртга мос ҳолда мустаҳкам оила барпо этишларига шубҳа йўқ.

Навоий вилояти бўлғуси келин-куёвларига фақат ва фақат бахтли ва мустаҳкам оилани барпо этишингизда тилакдошмиз !

“Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да бир кун” мавзуидаги пресс-тур ўз ишини эртага, 24 октябрь куни Бухоро шаҳрида давом эттиради.

“Оила” маркази матбуот хизмати