“БЎЛҒУСИ КЕЛИН-КУЁВЛАР ИННОВАЦИОН МАКТАБИ”ДА БИР КУН” ПРЕСС-ТУР НАВОИЙ ШАҲРИДА ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан 2019 йилнинг 23-24 октябрь кунлари Навоий ва Бухоро шаҳарларидаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларига пресс-тур ўтказилмоқда.

Мазкур пресс-турдан кўзланган бош мақсад – республикамизда оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий турмуш психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, ижобий ота-оналар кўникмалари масалалари бўйича самарали тайёрлашга қаратилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаблари” фаолиятини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар орасида тарғиб этишдан иборат.

Қайд этиш лозимки, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари “Оила” маркази томонидан замонавий оилани ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот натижалари асосида ташкил этилган. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши ижобий натижалар бермоқда.

Бугун, 23 октябрь куни Навоий шаҳрида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да бир кун” мавзуидаги пресс-тур ўз ишини бошлади. Ушбу тадбирда республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари: телевидение, радио, газета, интернет-нашрлар фаол иштирок этмоқда.

Таниқли журналист ва блогерлар Навоий шаҳридаги энг кўркам - “Ёшлар маркази” биносида жойлашган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” билан танишишни бошлаб юборди. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи М.Ҳамроева журналистлар учун ўтказилган тақдимотда, жумладан шундай деди:

–     2019 йилнинг 9 ойи давомида Навоий вилоятининг Навоий ва Зарафшон  шаҳарлари, Кармана, Учқудуқ, Қизилтепа туманларида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолияти йўлга қўйилиб, жами 403 жуфт бўлғуси келин-куёвлар мазкур мактабларда ўқитилди. Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Келин-куёвлар инновацион мактаби”да ҳозирга қадар 151 жуфт бўлғуси келин-куёвлар дастур асосида ўқитилиб, сертификат билан тақдирланган. Инновацион мактабнинг ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида машғулотларни интерактив усулларда, ёшларга қизиқарли қилиб ўтказиш малакасига эга бўлган психолог, иқтисодчи, ҳуқуқшунос каби етук экспертлар жалб этилган.

Мазкур инновацион мактаб машғулотларида, жумладан оилавий ҳаёт психологияси, оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, репродуктив саломатлик,  оила бюджети ва иқтисоди каби мавзуларда дарс берилмоқда.

Машғулотлар давомида ўсмир қизларни мустақил ҳаётга ва турмушга, рўзғор ишларини юритишга, ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган “Оила сабоқлари” деб номланган мобиль илова ва ёш келин-куёвлар учун янги турмуш қураётган йигит-қизларнинг оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мавзуидаги тавсия ва маслаҳатлар ўрин олган “Мустаҳкам оилага йўлланма” номли энциклопедик ён дафтарча бепул тақдим этилмоқда, – деб қайд этди М.Ҳамроева журналистлар учун ўтказилган тақдимотда.

Пресс-тур давомида журналистлар Навоий шаҳридаги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”даги дарс жараёнлари билан таништирилади.

Бу ҳақда яқин соатларда маълумот берилади. Сайтимизни кузатиб боринг!

“Оила” маркази матбуот хизмати