Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази 2019 йилнинг 4 октябрь куни “Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлаш - фаровон оила асосидир” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилади.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган фундаментал, илмий ва инновацион тадқиқот натижаларига бағишланган.

Мазкур тадқиқот хулосалари бўйича “Оила” маркази томонидан “Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлаш – фаровон оила асосидир” мавзуида илмий тўплам нашр этилди. Ўзбекистонда “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”лари фаолиятининг жорий этилганлигининг бир йиллигига бағишланган тўпламдан оила, маҳалла, жамоат ташкилотлари ходимлари, илмий изланувчилар ҳамда кенг илмий жамоатчилик вакиллари фойдаланишлари тавсия этилди.

“Оила” маркази томонидан олиб борилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш жараёнида мамлакатимиздаги мавжуд 8,3 миллиондан зиёд оиланинг 2 миллиондан ортиғи ёш оилалар эканига алоҳида эътибор қаратилган.

“Ёшларни мустаҳкам оилавий муносабатларга тайёрлаш – фаровон оила асосидир” мавзуидаги илмий тўпламдан 62та илмий тадқиқот материаллари ўрин олган. Уларда  замонавий оила моделига ўтиш масалалари, оилада салбий иллатлар профилактикаси, оила мустаҳкамлигини таъминлашда олий таълим муассасалари ролини оширишнинг инновацион усуллари, ёшларни оилага тайёрлашнинг психологик омиллари каби мавзулар таҳлил қилинган. Илмий мақолаларнинг муаллифлари – педагогика, ҳуқуқшунослик, социология, психология, фалсафа ва иқтисод каби фан соҳаларининг етук олим ва тадқиқодчиларидир. Зеро, оила институтини илмий жаҳатдан ўрганиш масаласи фанлараро ёндашувни талаб этиди. Сабаби, жамиятда мавжуд қайси бир муаммога назар ташламанг, унинг замири оилага, унинг моддий ва маънавий-ахлоқий, маърифий ҳолатига бориб тақалаверади.

Ўзбекистонда “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаблари” фаолиятининг жорий этилганлигини бир йиллигига бағишланган мазкур илмий-амалий анжуман тўплами материалларидан оила, маҳалла, жамоат ташкилотлари ходимлари, илмий изланувчилар ҳамда кенг илмий жамоатчилик вакиллари фойдаланишлари тавсия этилади.

 “Оила” маркази матбуот хизмати