ЯРАШТИРУВ КОМИССИЯЛАРИ ФАОЛИЯТИДА МЕДИАЦИЯНИ ҚЎЛЛАШ

2019 йил 17 сентябрь куни соат 9-30 да Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази “Radisson Blu” меҳмонхонасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги яраштирув комиссиялари фаолияти самарадорлигини таҳлилий ўрганиш натижалари ҳамда оилавий низоларни тартибга солиш соҳасида янги усул ҳисобланган медиацияни тадбиқ қилиш масалаларининг тақдимотини ўтказмоқда.

“Оила” маркази томонидан яраштирув комиссиялари фаолияти самарадорлиги илмий-амалий тадқиқ қилинди. Бу жараёнда Германия, Болгария, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон халқаро экспертлари ҳам иштирок этди. Шунингдек, низолашиш  ва низо арафасида турган оилалар билан ишлашнинг янги шакл ва усулларини қўллашга оид халқаро тажриба ўрганилди.

Яраштирув комиссиялари фаолиятини таҳлилий тадқиқот қилиш давомида мазкур комиссия аъзолари оилаларда келишмовчилик ва низоли вазиятларни ҳал этишнинг замонавий методикаларидан бехабарлиги аниқланди.

Жамият ривожининг замонавий босқичида оилавий низолар шахсий ҳаётга аралашмаслик, конфиденциаллик ҳуқуқига риоя қилган ҳолда ҳал этилиши лозим. Таҳлиллар кўрсатишича, ҳаётга медиация амалиёти оилавий низо ва келишмовчиликларни ҳал этишнинг янги ва муқобил усули сифатида тадбиқ қилиниши керак. Конфиденциаллик, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик, бетарафлик, медиаторнинг мустақиллиги эса унинг тамойилларидир. Медиация жараёнида ўзаро мақбул бўлган қарорни иккала томон қабул қилади.

Мазкур тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ижтимоий-сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар ҳамда “Оила” марказининг йирик халқаро ҳамкор ташкилотлари вакиллари иштироки кўзда тутилган.

(Пресс-релиз)

“Оила” маркази матбуот хизмати