“МУСТАҲКАМ ОИЛАГА ЙЎЛЛАНМА”

Ёш келин-куёвлар ён дафтарчаси

Ёш келин-куёвлар учун мазкур ён дафтарчани тайёрлаш жараёнида бизда кўп савол ва мулоҳазалар туғилди. Зеро, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оила қўрғонининг мустаҳкамлиги ва унда маънавий жиҳатларнинг шаклланиши ёшларимизнинг оила қурган кунидан бошланади.

Бугунги ёшларимизнинг оила қуришга бўлган муносабатлари қандай? Йигитларимизнинг уйланиш, қизларимизнинг турмушга чиқиш истаклари асосида қандай орзу-мақсадлар ётибди? Ёшларнинг оила ҳақидаги тасаввурларини бойитишда нималарга эътибор бериш керак? Ёш келин-куёвларнинг оила олдидаги масъулиятини теран англаши учун қандай маслаҳат бериш лозим? Улар учун қандай мавзулар қизиқарли ва керакли? Негаки, бу каби саволларни ойдинлаштириб олмасак, олдимизга қўйган мақсадимизга эриша олмас ва ишимиз самараси кўринмасди.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, ёш йигит-қизлар билан интернет тармоқларида, таълим муассасаларида ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларига ариза берган ёшлар орасида “Турмуш қуришингиз учун нималарни билишим керак деб ўйлайсиз?”, “Никоҳдан кейинги бахтли ҳаёт учун нималар зарур?”, деган қатор саволлар билан мурожаат қилган ҳолда сўровлар ўтказдик. Ёшларимизнинг кўп қисми “Бизлар учун оила олдидаги масъулият ҳиссини англай олиш, психологик тайёргарлик, муомаланинг сир-асрорлари, оиладаги муносабатларни тўғри ўрната олиш ҳамда оилада соғлом муҳитни ярата олиш сабоқлари жуда муҳим, чунки оиладаги кўп низолар оила олдидаги масъулиятни ҳис қилмасликдан, бир-бирини тушуна олмасликдан ҳамда муомала қилишни билмасликдан келиб чиқаяпти”, деган жавобни бердилар. Бундан кўринадики, ёшларимиз мустаҳкам оила қуришни астойдил хоҳлайдилар, лекин оила ҳақидаги билимлари етмаганликдан оилада вужудга келадиган муаммоларни ечишда қийинчиликларга учрайдилар.

Шунинг учун ҳам ёшларнинг оила ҳақидаги тасаввурларини бойитиш, уларга илмий асосланган оила сабоқларини тақдим этишни мақсадида “Мустаҳкам оилага йўлланма” ёш келин-куёвлар ён дафтарчаси тайёрланиб, 10 минг нусҳадан зиёд нашдан чиқарилди.

Бугунги кунда “Мустаҳкам оилага йўлланма” ёш келин-куёвлар ён дафтарчаси ФҲДЁлар қошида ташкил этилган “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”ларида ёшларга тақдим этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Матбуот хизмати