ИЛМИЙ-УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМАЛАР НАШРГА ТАЙЁРЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлигининг “Ўзбекистонда оиланинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ривожланишнинг устувор йўналишлари тадқиқоти” мавзусидаги амалий лойиҳаси доирасида ўтказилган илмий тадқиқотлар натижалари бўйича “Ўзбекистонда замонавий оила” ва “Ўзбекистон ҳудудларида оиланинг ижтимоий-демографик ҳолатини индекс баҳолаш мезонлари” номли илмий-услубий қўлланмаларни нашрга тайёрлади.

Қайд этиш зарурки, “Оила” маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

“Ўзбекистонда замонавий оила” илмий-услубий қўлланмасида дунё миқёсидаги оила моделлари, Ўзбекистонда анъанавий оила моделлари, тўй удумлари ва уларнинг ёш оила ҳаётига таъсири, ажрашишларнинг сабаб ва оқибатлари каби масалалар илмий таҳлил қилинган.

“Ўзбекистон ҳудудларида оиланинг ижтимоий-демографик ҳолатини индекс баҳолаш мезонлари” номли  илмий-услубий қўлланма эса, Ўзбекистон ҳудудларида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларига бағишланган.

Қўлланмалар оила институтини мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар ва шу соҳада қарорлар қабул қилувчи мутасаддилар учун мўлжалланган.

“Оила” маркази сўнгги бир йил ичида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оила мезонлари, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, фаровонлик ва хотиржамлик даражаси, шунингдек оилалардаги нотинчликлар, оилавий зўравонликларнинг олдини олиш масалаларига қаратилган 10дан зиёд илмий-амалий тадқиқот ишларини амалга оширди.

“Оила” маркази Матбуот хизмати