ИБРАТЛИ ОИЛА — БАХТЛИ ОИЛА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ҳамда ибратли оилаларни рағбатлантириш мақсадида Бухоро вилоятида “Ибратли оила” танловининг вилоят босқичи якунланди.

Бухоро вилоятидаги барча туман(шаҳар)ларда танловнинг қуйи босқичлари якунланиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ҳар бир тумандан 1 нафардан (жами 13 нафар) энг ибратли оилалар ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олишган эди.

 “Оила” марказининг Бухоро вилоят бошқармасида Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилиб, ҳайъат аъзолари рўйхати тасдиқланди. Ҳайъат аъзолари ҳамда тадбирни ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда, танловнинг республика босқичига йўлланма оладиган оилаларни аниқлаш мақсадида “Оила” маркази вилоят бошқармаси биносида 13 нафар оилалар танлов низомида кўрсатилган шартлар асосида беллашишди. Танловнинг 1,2,3-ўринлари соҳиблари аниқланиб, 10 та номинация бўйича совриндорлар танлаб олинди.

Бухоро вилоят Миллий драма театрида ташкил этилган  тантанали маросимда   Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот  воситалари ходимлари иштирок этишди. “Ибратли оила” танловида 3-ўрин  Бухоро шаҳридан Қодировлар, 2-ўрин Жондор туманидан Бўроновларлар, 1-ўрин Ғиждувон туманидан иштирок этган Ҳожиевлар оиласига насиб этди.

Ушбу маросимда энг ибратли оилалар ҳаёт йўлини ибрат сифатида кўрсатиш мақсадида ҳар бир тумандан 15 нафардан нотинч, муаммоли оилалар тадбирда иштирок этишди. Шунингдек, меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонлар, ёш оилалар вакиллари таклиф этилди.   Бадиийлаштирилган концерт дастуридан жой олган Ватан, Она юрт, истиқлолни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар иштирокчилар қалбига байрамона руҳ бағишлади. Қодировлар хонадони аъзоси Муҳаммадқодир Қодировнинг скрипкадаги ижроси, Шофиркон тумани “Пашмон” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни асраш бўйича  мутахассиси Гулнора Ширинова томонидан куйланган алла инсон  бахтли ва тўкис яшашида муҳим омил – оила  пойдевори мустаҳкам бўлиши, оилада иқлим мўътадил, муҳит соғлом бўлиши керак, деган мақсадни илгари сурди.

“Оила” маркази Бухоро вилоят бошқармаси ахборот хизмати