САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори доирасида Ички ишлар вазирлиги Академияси билан Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги Университети ўртасида тузилган шартнома асосида хитойлик талабалар иштирокида ўқув семинари ўтказилиб келинмоқда.

2019 йилнинг 27 август куни навбатдаги ўқув семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг бош мутахассиси Э.Саминов “Ўзбекистон Республикасида оила сиёсати ҳамда “Оила” маркази фаолияти” мавзусида маъруза билан иштирок этди.

Маърузада “Оила” маркази ташкил этилиши, фаолияти, вазифалари, олиб борилаётган тадқиқотлар, “Бўлғуси-куёвлар инновацион мактаби” тўғрисида маълумотлар берилди. Семинар иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда оилага давлат сиёсати даражасида эътибор берилиши, айниқса янги ҳаётга қадам қўяётган ёшларни оила қуришга тайёрлаш дунё тажрибасида янги бир саҳифа  эканлигини эътироф этдилар. Шунингдек, тренинг давомида тингловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

“Оила” маркази оила институтини ривожлантириш соҳасида амалга ошириладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда иштирок этади, тадқиқотлар натижалари амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.

Марказ ўз фаолияти доирасида, сўнгги бир йил ичида, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оила мезонлари, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, фаровонлик ва хотиржамлик даражасига доир масалаларни комплекс тадқиқ қилиш, оилалардаги нотинчликларнинг олдини олишга қаратилган 13 та илмий-амалий тадқиқот ишларини ўтказди.

 “Оила” маркази Матбуот хизмати