БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ОИД МИЛЛИЙ ШАРҲ ҲАҚИДА

2019 йил 26 августда Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг илк миллий шарҳини тайёрлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинарда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари ҳамда 50 га яқин вазирлик ва идора, жамоат ташкилотлари, таҳлилий марказлар мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги қарори билан глобал мақсад ва вазифалар негизида 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар ҳамда Ўзбекистонда уларни имплементация қилишга доир “йўл харитаси” ишлаб чиқилган ва тасдиқланган эди.

– Ташкил этилган 6 та гуруҳ томонидан БРМнинг асосий йўналишлари бўйича вазиятни таҳлил этиш бўйича 16 та миллий мақсад, 125 та вазифа ва 206 та индикатордан келиб чиққан ҳолда иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон Ҳукумати Миллий шарҳини 2020 йилда Нью-Йоркда (АҚШ) бўлиб ўтадиган Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форум сессиясида тақдим қилади. Шарҳда асосий миллий индикаторлар бўйича тараққиёт мониторинги натижалари акс этади, – таъкидлайди “Оила” маркази директори ўринбосари Д.Каримова.

Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадлар ва 2030 йилгача бўлган даврнинг Кун тартибини амалга ошириш даражаси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги вакили Ю.Абдуганиева гапириб берди. Жаноб Риккардо Месиано, БМТ Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодий-ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) барқарор ривожланиш бўйича мутахассис Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича Миллий дастурни тайёрлаш бўйича Ўзбекистон учун бошқа мамлакатлар шарҳи ва тавсияларини тақдим қилди.

Семинар доирасида ташкил этилган 4 та гуруҳ ақлий ҳужум натижасида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича Миллий дастурни тайёрлаш бўйича ўз тақдимотларини намойиш этишди. Уларнинг натижалари бўйича ягона тавсиялар ва кейинги ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган.  

Таъкидлаш жоизки, БРМ тарихи 2000 йилда БМТ Бош Ассамблеясида Мингйиллик ривожланиш мақсадларини қабул қилинишига бориб тақалади. 8 та мақсад ва 21 та вазифа камбағаллик даражасини пасайтириш, оналар ва болалар саломатлигини яхшилаш, таълим сифатини ошириш, гендер тенглик ва экологик барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланган эди. 2000-2015 йилларга БРМ Дастурини қабул қилган 189 та мамлакат ривожланишида ўсиш кузатилаётгани ва 2015 йилдан кейин янги кун тартибини белгилаш зарурлигини тан олишди.

2015 йил 25 сентябрда Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида Ўзбекистон, бошқа 192 та бошқа давлат ва ҳукумат раҳбарлари каби, 2030 йилгача бўлган даврга белгиланган барқарор ривожланиш соҳасида Кун тартибини маъқуллади. Янги мақсад ва вазифалар комплекс характерга эга ва барқарор ривожланишнинг уч компоненти уйғунлигини таъминламоқда: иқтисодий, ижтимоий ва экологик ва ўз ичига 17 та глобал мақсад ва 169 та вазифаларни олмоқда.      

 

“Оила” маркази Матбуот маркази