ОИЛАДА БОЛА ТАРБИЯСИ МАСАЛАЛАРИ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР

2019 йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Бухоро шаҳрида “Оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги илмий-амалий конференция ўтказилди. Мазкур илмий анжуман оилавий қадриятларни сақлаш, ёшларни билмли, миллий манфаатларини илгари сурадиган фидойи инсон қилиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига қаратилди.

Конференция ишида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий ва Хоразм вилоятларидан оила психологияси ва социология бўйича олим ва етакчи экспертлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этди.

Конференцияда тадқиқотчиларнинг оилада бола тарбияси масалаларига бўлган фикр-мулоҳазалари, болаларни тарбиялашда оила ва таълим тизимининг ўрни, таълим муассасаларида болалар ва ёшларни маънавий ахлоқий тарбиялаш, оилавий таълимда ота-оналарнинг педагогик билимлари асослари мавзуидаги маърузалар тингланди.

Жумладан, Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари, техника фанлари номзоди Ф.Ибрагимованинг “Ислоҳотлар натижалари оилалар мустаҳкамлигига қаратилган”, фалсафа фанлари доктори Г. Наврўзованинг “Оила салоҳиятини мустаҳкамлаш асослари”, Навоий Давлат педагогика институти кафедра мудири О. Сафарованинг “Оила тарбиясида қадриятлар ва ахлоқий категориялар интерпрeтацияси” маърузалари қизғин муҳокама қилинди.

 

Конференцияда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директорининг муовини Дилдора Каримова иштирок этиб, қўйидаги фикрларни билдирди:

– “Оила” Маркази сўнгги бир йил ичида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оила мезонлари, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, оилалардаги нотинчлик ва зўравонликни олдини олишга қаратилган 13 та илмий-амалий тадқиқот ишларини ўтказди. Оилалар билан ишлаш, улардаги муаммоларни ҳал этишнинг замонавий усуллари ва илмий асосланган тавсиялар Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди каби ташкилотлар билан биргаликда амалиётда қўлланилмоқда.

 – “Оила” Маркази ўз фаолияти давомида оилавий тарбияда ёшларни Ватанга садоқат, илм-маърифатга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида инновацион усулларини қўллашга оид илмий тадқиқот ишларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, – деб таъкидлади Д.Каримова.

Дарҳақиқат, оила – муқаддас даргоҳ. Фарзандларимиз мана шу муқаддас даргоҳда ўсиб-улғайиши, камол топиши, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбияланиши лозим. Зеро, инсоннинг ахлоқий тарбия асоси айнан оилада шаклланади, бу эса, бешик, оила ва жамиятнинг мустаҳкамлиги ва Ватан тараққиётига хизмат қилади.

“Оиланинг тарбиявий таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги илмий-амалий конференция натижалари бўйича “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан амалиётда қўлланилиши мумкин бўлган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.

 

“Оила” маркази Матбуот хизмати