ЭРТА ВА ҚАРИНДОШЛАР ЎРТАСИДА НИКОҲЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот Маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги (ПҚ-3808-сон) қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини тизимли равишда бажариб келмоқда.

Жумладан, “Йўл харитаси”нинг “Демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш” йўналиши бўйича никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш ва унинг самарадорлигини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, туғма нуқсонлар билан болалар туғилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш масалалри бўйича илмий тадқиқот ишларини амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, яқинда Марказ томонидан “Эрта ва қариндошлар ўртасида никоҳларнинг омилларини ўрганиш ва уларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, тиббий кўрик тизимини баҳолаш” мавзусида илмий тадқиқот ўтказилди. Мазкур тадқиқотнинг вазифалари:

республика ҳудудларида эрта никоҳлар ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар тарқалиш даражаси таҳлил этиш;

эрта никоҳлар ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг омилларини аниқлаш;

эрта никоҳлар ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг никоҳланувчилар, уларнинг оилалари, жамият учун оқибатларини баҳолаш;

масъул ташкилотлар ва идоралар томонидан эрта никоҳлар ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолаш;

никоҳдан аввалги тиббий кўрик тизиминининг меъёрий-ҳуқуқий ва институционал асосларини таҳлил қилиш;

тиббий кўрик сифати даражасини баҳолаш (сўров натижаларига кўра);

тиббий кўрикни ўтказиш учун масъул бўлган муассасаларнинг салоҳиятини баҳолаш;

тиббий кўрикнинг объективлиги ва сифатини таъминлаш даражасини мониторинг қилиш тизимининг самарадорлигини баҳолаш кабилардан иборат бўлди. 

Тадқиқот республиканинг 12 та ҳудудида олиб борилди. Тадқиқот социологик сўров, маҳаллаларда маълумот тўплаш, чуқурлаштирилган интервью, фокус гуруҳларда дискуссия ўтказиш усулларидан фойдаланиб ўтказилди. Сўров давомида 2300 га яқин респондент қамраб олинди. Республиканинг 70 дан зиёд маҳалларида маълумот тўпланди.

Тадқиқот натижалари асосида яратилган таҳлилй маълумотнома туғма нуқсонлар билан болалар туғилишининг олдини олиш бўйича чоралар белгилаш, аҳоли ўртасида эрта никоҳ ва қариндошлар ўртасидаги никоҳлар уларнинг оилалари, жамият учун нохуш ва салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини аҳолига тушунтириш ишларида, шунингдек республиканинг тегишли қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда фойдаланиш учун қўлланилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот Маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида республиканинг етакчи илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади.

 

“Оила” маркази матбуот хизмати